«Рулни бер буёққа!» – Qualcomm энди ўзи геймерлар учун смартфон тайёрлади!

  •   DiMaX
  •  921
  •  08.10.2020 15:22

«Рулни бер буёққа!» – Qualcomm энди ўзи геймерлар учун смартфон тайёрлади!

Qualcomm компанияси Android-қурилмалар учун мобил процессорлар, турли хавфсизлик чиплари ва модемлар, шунингдек ноутбуклар чипсетлари ишлаб чиқариши билан танилган. Куни кеча у навбатдаги флагмани – Snapdragon 875 ва бошқа маҳсулотларининг тақдимот куниини эълон қилди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳали чиқмаган Snapdragon 875 базасида аллақачон Mi 11 ҳамда Redmi K40 смартфонларини тайёрлаяпти!

DigiTimes нашрининг мобил индустриядаги ўз манбасига таяниб хабар беришича, Qualcomm энди ўзи ҳам смартфон тақдим этмоқчи. Америкалик чипсоз бу телефонни ўйинбоп қилиб, Asus компанияси билан ҳамкорликда тайёрламоқда.

Айтиш керакки, тайванлик компаниянинг Asus ROG Phone 3 геймерофони Qualcomm’нинг ҳозиргача бозорга тақдим этилган энг зўр – Snapdragon 865+ процессори базасида ишлайди. Жорий йилнинг йилнинг июлида намойиш қилинган мазкур қурилма AnTuTu бенчмаркининг август ойи ҳолатига кўра энг зўр смартфонлар глобал рейтингида 615 289 балл билан етакчи бўлган. Яъни, америкалик чипсоз ўзининг илк тижорий смартфонини тайёрлашда ҳамкор сифатида айнан шу компанияни танлагани бежиз эмас.

ЎҚИНГ: Ўйин смартфонларининг келажаги порлоқми?

Инсайдер берган маълумотга кўра, чипмейкернинг биринчи смартфони шу йилнинг сўнгигача расман тақдим этилади. Афтидан, уни 1–2 декабрга белгиланган Qualcomm Tech Summit 2020 маросимида кенг жамоатчиликка илк бор кўрсатишса керак. Унинг айни шу тадбирда тақдим қилинадиган Snapdragon 875 чипсетли илк смартфон бўлиши мантиққа мувофиқ келади.

Qualcomm ўйинбоп смартфонининг техник хусусиятлари ҳақида ҳозирча бирор аниқ маълумот йўқ. Лекин унинг, флагман чипсетдан ташқари, кадр янгиланиш частотаси юқори дисплейга, 12 ёки 16 гигабайтлик тезкор хотирага, илғор совитиш тизимига ҳамда Qualcomm Elite Gaming графикани тезлаштириш технологиясига эга бўлишини кутиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Qualcomm аввал ҳам смартфон ишлаб чиқарган, лекин улар сотиш учун серияли тарзда эмас, балки компания процессорларининг самарадорлик тестларини ўтказиш мақсадида тайёрланган.

ЎҚИНГ: Қарши олинг: Geekbench сервисида тезкорлик бўйича янги қирол!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!