Рус хакерлари «Касперский» ёрдамида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига ҳужум қилишган

  •   DiMaX
  •  2187
  •  06.10.2017 14:24

Рус хакерлари «Касперский» ёрдамида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига ҳужум қилишган

Жорий йилнинг июль ойида АҚШ раҳбарияти хавфсизлик мақсадларида ҳукумат ташкилотларига «Касперский антивируси»дан фойдаланишни тақиқлаган эди. Шунингдек, бир неча нашрлар ушбу машҳур дастурий таъминотнинг ишлаб чиқувчиси Россия махсус хизматлари билан алоқадорлигини даъво қилиб ёзишган. Энди эса, бир вақтнинг ўзида нуфузли ва мустақил нашрлардан иккитаси – The Wall Street Journal ҳамда The Washington Post мазкур антивирус ёрдамида амалга оширилган хакерлик ҳужуми ҳақида ёзди.

Мазкур наршлар манбалари берган хабарга кўра, рус хакерлари АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигидаги махфий маълумотларни ўғирлашда «Касперский антивируси»дан фойдаланишган.

Журналистлар билан суҳбатда манбаларнинг маълум қилишларича, маълумотлар ҳали 2015 йилдаёқ ўғирланган, аммо махсус хизматлар буни жорий йилнинг баҳорига келибгина пайқаб қолишган. Хабарга кўра, хакерлар ўғирлаган маълумотлар ўз тармоқларини АҚШ МХАдан ҳимоя қилишда Россия махсус хизматларига қўл келган. Улар шу маълумотлар асосида АҚШ хавфсизлик хизматларининг компьютер тизимлари муҳофазасини ёриб кириш усулларини ҳам ўрганиб олган бўлишлари мумкин, дейишмоқда манбалар.

Айтилишича, «Касперский антивируси»дан фойдаланган ҳолда МХА ходимининг ишхонасидаги эмас, балки уйидаги компьютеридан маълумотлар ўғирланган. Махфий маълумотларнинг шахсий компьютерга қандай ўтиб қолгани – бошқа масала, лекин манбаларнинг маълум қилишича, ходим ўша йилиёқ ишдан бўшатилган. Табиийки, АҚШ Махфий хизмат агентлиги бу борада бирор изоҳ беришдан бош тортган, «Касперский лабораторияси» эса ҳаммасини рад этган. Жумладан, компания вакилининг сўзларига кўра, маълумотлар ўғирланишида айнан уларнинг дастурий таъминоти қўлланганлиги хусусида ҳеч қанақа далил «Касперский лабораторияси»га тақдим этилмаган. Шунингдек, у мазкур компания Россия ҳукумати билан ҳеч қанақа «ножўя алоқалар» ўрнатмаганини алоҳида таъкидлаган.