Салонида Wi-Fi бўлган Airbus A320 neo русумли иккинчи самолёт Тошкентга етиб келди

  •   DiMaX
  •  741
  •  10.04.2019 08:55

Салонида Wi-Fi бўлган Airbus A320 neo русумли иккинчи самолёт Тошкентга етиб келди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига замонавий техникалар билан жиҳозланган Airbus A320 neo русумли янги самолёт қўнди. Бу тўғрида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Самолётларимизда энди интернет-тўпламлар сотиб олиш мумкин, тўлови эса пластикдан!

Ушбу самолёт «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси авиапаркини тўлдиради ва Wi-Fi-дан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган иккинчи самолёт ҳисобланади, дейилади хабарда.

Airbus A320 neo русумидаги биринчи самолёт Тошкентга жорий йилнинг 11 мартида келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда ундан авиакомпаниянинг халқаро йўналишларида муваффақиятли фойдаланилмоқда.

Янги самолёт тежамкорлиги, CFM International компаниясида ишлаб чиқарилган сўнгги авлод LEAP-1A двигателларига эгалиги билан ажралиб туради. Самолёт қанотларининг замонавий конструкцияси ҳаво кемасининг аэродинамик хусусиятларини яхшилаш имконини берган.

Ҳаво кемаси 150 нафар йўловчи сиғимига эга бўлиб, икки классли компоновкадан иборат. Йўловчи салонининг замонавий кўриниши парвоз чоғида юқори даражадаги қулайликларни яратиб беради.

Ҳар бир ўриндиқ қаршисида ўрнатилган экран, ҳаво ҳароратини бир меъёрда сақлаш бўйича такомиллаштирилган тизим самолётнинг яна бир қулайлиги ҳисобланади.

Яқин кунларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида интернет тармоғига уланиш имкони мавжуд бўлган Boeing 787-8 Dreamliner русумидаги тўртинчи самолёт келтирилиши ҳам кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Су-35С АҚШнинг «кўринмас» самолётини кўриб қолди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.