Samsung «бели бақувват» Galaxy A30 ва Galaxy A50 смартфонларини тақдим қилди

  •   DiMaX
  •  8774
  •  26.02.2019 09:35

Samsung «бели бақувват» Galaxy A30 ва Galaxy A50 смартфонларини тақдим қилди

Жанубий кореялик техногигант ўтган ҳафтада Galaxy S10 туркумидаги флагманларини ҳамда Galaxy Fold буклама смартфонини намойиш этганди. Кеча эса у MWC 2019 доирасида ўрта нархли A-сериядаги иккита янги моделини кўрсатди.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Galaxy A50, Galaxy A30 ва Galaxy A20 смартфонлари илк «жонли» суратларда!

Шундай қилиб, Galaxy A30 ва Galaxy A50 смартфонлари Samsung компаниясининг Infinity-U дисплейли илк икки қурилмаси бўлди. Уларнинг экранлари бир хилда 6.4 дюймлик Super AMOLED-дисплейлар бўлиб, Full HD+ форматида. Шунингдек, уларнинг «бели бақувват» – аккумуляторлари 4000 мА/соатлик!

Galaxy A30 ҳамда Galaxy A50 моделларининг самарадорлигини таъминлашга Samsung’нинг ўз ишланмаси бўлган, тегишлича 1.8 ГГц ва 2.3 ГГц такт частотасида ишловчи процессорлар масъул. Аммо компания тақдимотда уларнинг моделини айтмаган; кузатувчилар тахминича, булар – тегишлича Exynos 7904 ҳамда Exynos 9610 чипларидир.

Иккита янги модел яна камералари, хотира ҳажми ва бармоқ изи сканерларига кўра ҳам фарқланади. Galaxy A30 смартфони 3/4 ГБлик тезкор, 32/64 ГБлик доимий хотирага, орқа панелдаги дактилоскопик датчикка эга. Унинг бош камераси 16 + 5 мегапикселлик, олд камераси эса 16 МПлик датчиклардан иборат.

Galaxy A50 моделига келсак, унда бармоқ изи сканери экранга интеграция қилинган. Асосий камера уч модулли: 25 + 5 + 8 мегапикселлик бўлиб, булардан учинчиси кенг бурчакли. Олд камера эса аниқлиги 20 мегапикселга тенг. Бу смартфон 4/6 ГБлик тезкор ва 64/128 ГБлик ички хотирага эга вариантларда таклиф этилади.

Ҳар иккала смартфон ҳам март ойининг ўртасида савдога чиқарилиши айтилмоқда, афтидан, дастлаб Ҳиндистонда сотила бошласа керак. Афсуски, Samsung уларнинг нархларини маълум қилмаган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A6+ смартфони: батафсил шарҳ, устунлиги ва камчиликлари

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!