Samsung бепул мобил фотография курси очди, қатнашчиларга Galaxy S20 ёки Note 20 беришади

  •   DiMaX
  •  1862
  •  05.09.2020 12:55

Samsung бепул мобил фотография курси очди, қатнашчиларга Galaxy S20 ёки Note 20 беришади

Баъзида смартфонсоз, камерасоз ва бошқа тур компаниялар суратга олиш сирлари бўйича курслар ташкил этиб туришади. Samsung Electronics ҳам Москва шаҳридаги White Photo School фотография мактаби билан ҳамкорликда «Смартфонда суратга оламиз» номли бепул курсни эълон қилди.

ЎҚИНГ: Кадр ортида: таниқли фотографдан онлайн машҳурлик сирлари (+видео)

Янги курсда иштирок этиш учун Россиядаги хоҳловчилар ушбу ҳавола орқали унинг лойиҳасида ариза беришлари мумкин, бунда фотографлик тажрибаси бўлиши талаб этилмайди. Курс қатнашчиларига White Photo School ўқитувчиси, профессионал fashion&celebrity фотограф София Карайванская мураббийлик қилади.

Таълим давомида талабаларга Galaxy Note 20 ҳамда Galaxy S20 флагманлари буткул бепул бериб турилади. Иштирокчилар улар ёрдамида мобил сураткашликнинг барча сир-асрорларини ўзлаштиришлари ҳамда смартфон камерасининг имкониятларини синаб кўришлари мумкин бўлади.

Яна бир ёқимли жиҳати – агар курс иштирокчисига мазкур флагманлардан бирортаси ёқиб қолса, уни 15 фоизлик чегирма билан сотиб олиш имконига эга бўлади.

Тингловчиларга смартфон камераси орқали профессионал сифатли фото ва видео суратга олиш босқичлари ҳақида базавий билимлар берилади. Дастур доирасида 7 та онлайн семинар, лойиҳанинг бош экспертлари билан бирга 2 та воркшопда иштирок этиш мумкин. Шунингдек, мобил фотография танловига ўз ишларини тақдим этиб, ғолиб бўлган тақдирда Samsung флагманини ютиб олиш имкони ҳам бор!

ЎҚИНГ: Профессионал тасвирлар яратамиз!

Қатнашчилар курснинг назарий қисмини мустақил тарзда – онлайн усулда ўзлаштиришди. Кейин эса модераторлар билан биргаликдаги жонли машғулотларда ўз билимларини амалда синаб кўришади. White Photo School экспертларидан маслаҳат ва кўмак олишади, ўзларининг фото ва видеоларини улар билан муҳокама қилишади.

Курсда жойлар сони чекланган, шу боисдан, хоҳловчилар мана бу ҳавола орқали ариза беришга шошилишлари лозим.

Дарвоқе, биз замонавий смартфонларда сурат олиш технологияси, телефонда ажабтовур, таассуротли сурат олишнинг оддий усуллари, Xiaomi смартфонларида сифатли суратга олиш учун камерани созлаш, шунингдек, яхши селфи тушириш сирлари ҳақида ҳам йўриқнома-мақолалар эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Android’да суратни қайта ишловчи энг зўр иловалар