Samsung, CES 2020: Кинодаги ҳаёт реалликка айланмоқда!

Samsung, CES 2020: Кинодаги ҳаёт реалликка айланмоқда!

CES (инг. Consumer Electronics Show — Маиший электроника шоуси) 1967 йил июнь ойидан буён ҳар йили ўтказиб келинади. 

2020 йил 7—10 январь кунлари эса АҚШнинг Лас Вегас шаҳрида кўргазманинг эллик учинчи намойиши ўтказилиши режалаштирилган. 

Кореялик техногигант Samsung ўзининг C-Lab инкубация дастури доирасида яратилган қатор инновациялар билан бу галги кўргазмада ҳам иштирок этмоқчи.

Компания Лас Вегасдаги кўргазмада тақдим қилишни режалаган техноянгиликлардан бири SelfieType бўлиб, ушбу дастур сунъий онг алгоритмларига асосланиб, смартфоннинг олд камерасидан фойдаланган ҳолда виртуал клавиатура яратади. Яъни фойдаланувчи экранга қўл текизмаган ҳолда матн териш имконига эга бўлади. Бу ҳақида Android Authority сайти хабар бермоқда.

«SelfieType'дан фойдаланиш учун ҳеч қандай техник таъминот керак бўлмайди. Концепция ўта мослашувчан бўлиб, ундан қатор қурилмалар, хусусан, смартфон, шахсий компьютер ва лептоплар билан фойдаланиш мумкин бўлади», дейилади Samsung'нинг расмий саҳифасида.

Бу худди кинолардаги ҳавода муаллақ турувчи виртуал экран ва клавиатураларни ёдга солади. Ваҳоланки, Samsung тақдим қилган бу концепция янги эмас. 2015 йилда Lenovo ҳам худди шунга ўхшаш ғояни тақдим қилган эди, ўшанда у Smart Cast деб номланганди.

Samsung яна нималарни кўрсатмоқчи?

Компания CES'да C-Lab'нинг яна бошқа лойиҳаларини ҳам намойиш қилишни кўзлаган. Шулардан бири Hyler ақлли ҳайлайтеридир. Мослама қоғозга ёзилган ва алоҳида белгиланган матнларни нусхалаб, уларни рақамли форматга ўтказади. Бу худди Google Lens'нинг кўчириш/нусхалаш функцияси каби ишлайди, фарқи амал телефон ёрдамида эмас, балки махсус ҳайлайтер ёрдамида амалга оширилади.

Кўргазмада соч ва бошнинг соч қисмини парвариш қилишга ёрдам берувчи илова, Becon қурилмаси, сунъий нур таратувчи ойна шаклидаги мослама, ультрабинафша датчиги кабилар ҳам омма эътиборига ҳавола қилинади.

Яна айтилишича, CES 2020 баҳонасида Galaxy S10 Lite ва Galaxy Note 10 Lite'лар тақдимоти ҳам ўтказилиши мумкин. Афтидан, корейслар янги йил бошида ҳамма учун совға тайёрлаган!

ЎҚИНГ: CES 2020 тадбирида Samsung «сунъий одам» тақдим этади! (+расмий видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!