Samsung’дан 350 миллионта смартфон: бу режами ёки орзу?

  •   Saroy
  •  1262
  •  22.06.2018 10:21

Samsung’дан 350 миллионта смартфон: бу режами ёки орзу?

Samsung бу йил 350 миллионта смартфон сота олармикан? Компания вакиллари ҳам, экспертлар ҳам бу маррани эгаллаш Жанубий Корея гиганти учун осон бўлмаслигини башорат қилмоқда. Бундан ташқари, экспертлар смартфонларга талабнинг пасайиб бораётганидан ташқари, мобиль бўлинмаларининг даромади ҳам кескин камаяди,  дейишмоқда.

Корея нашрларининг ёзишича, аввал бошда, Samsung ўз олдига 320 миллионта қурилма сотиш мақсадини кўндаланг қўйган эди, бироқ Galaxy S9 ва S9+’га олдиндан олинган бюртмаларнинг кўп бўлгани учун, бу кўрсаткични 350 миллионтага етказиш умиди туғилди. Таассуфки, умид рўёбга чиқмайдиган кўринади — сотувда жуда яхши старт олган флагманларнинг савдоси  бироз вақт ўтиб пасайиб кетди. Таҳлилчиларнинг баҳо беришича, йил охиригача Жанубий Корея гиганти 30 миллионтача «тўққизликни» сота олади, бу 2012 йилдан буён S-сериядаги янги қурилмалар учун энг ёмон кўрсаткичдир. Устига-устак, Хитой бозорида харидорларнинг янги қурилмага  кам қизиқиш билдираётгани ҳам вазиятни янада ёмонлаштирмоқда. Бу улкан бозорда Samsung улуши 1 фоиздан ҳам пастга тушиб кетди.

ЎҚИНГ: Samsung яна жаримага тортилди: бу сафар нақ 400 миллион долларга

Strategy Analytics маълумотларига кўра,  2015 йилда компания 319.7 миллион дона смартфон сотган эди.  2016- йилда бу кўрсаткич 309.4 миллион донага тушиб кетди, 2017 йилга келиб эса, савдо яна жонланди ва 319.8 миллион дона аппарат ўз харидорларини топди.

Хўш,бу йил аҳвол қандай? Статистикага мурожаат қиламиз: январь ойидан бошлаб март ойи давомида 78 миллионта Galaxy қурилмалари сотилган. Иккинчи чоракликда эса, таҳлилчилар бу кўрсаткич 73 миллионтага пасаяди, демоқда. Натижада мобиль бўлинмаларининг операцион даромади  2.3 триллион вон (қарийб 2.1 миллиард доллар)ни ташкил этади, бу, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  43.3 фоизга ёмон деганидир.

Эҳтимол, Samsung аҳволни эгилувчан смартфонлари эвазига яхшилаб олмоқчидир. Дарвоқе, 2000 доллар нарх ҳақидаги миш-мишлар тасдиқланадиган бўлса, ушбу қурилманинг харидоргир бўлишидан умид қилмаса ҳам бўлади.

ЎҚИНГ: Биз сотиб ололмайдиган 512 ГБ’ли Samsung Galaxy Note 9

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.