Samsung энди Galaxy A70s, Galaxy A30s ва Galaxy A20s смартфонларини тайёрлаяпти

  •   DiMaX
  •  2408
  •  10.06.2019 11:28

Samsung энди Galaxy A70s, Galaxy A30s ва Galaxy A20s смартфонларини тайёрлаяпти

Жанубий кореялик корпорация ўрта нархли Galaxy A туркумида бу йил тўққизта моделда смартфон намойиш этди. MySmartPrice нашрининг ёзишича, ушбу серияда яна камида учта – Galaxy A70s, Galaxy A30s ҳамда Galaxy A20s шу йил охиригача чиқади.

ЎҚИНГ: «Ўнта қўй нима бўлади!?» – Samsung яна камида тўртта моделда Galaxy A смартфони тайёрлаяпти

Номларига қараганда, булар тегишлича Galaxy A70, A30 ва A20 моделларининг бироз такомиллаштирилган (ёки аксинча – арзонлаштирилган) версиялари бўлади. Афсуски, улар орасидан фақатгина Galaxy A70s хусусиятлари ҳақида айрим маълумотлар мавжуд, холос.

Бу – бош камераси нақ 64 мегапикселлик модулга эга бўлган дунёдаги биринчи смартфон бўлади. ISOCELL Bright GW1 русумли мазкур камера сенсори реал вақт режимида 100 децибелгача бўлган HDR форматини қўллаб-қувватлайди ҳамда сониясига 480 кадр тезлигида, Full HD форматида видео ёзиб олишга қодир.

Шунингдек, Galaxy A70s уч хил – оқ, қора ва лаванда рангидаги корпусларда тақдим этилиши аниқланди. Galaxy A30s модели ҳам айни шундай тусли корпусларда таклиф этилади, Galaxy A20s эса қора ва кўк рангларда бозорга чиқади.

Гарчи жорий йилда тақдим этилиши аниқ бўлса-да, Galaxy A70s, Galaxy A30s ва Galaxy A20s намойишлари унчалик яқин эмас. Зеро, бу смартфонлар ҳали бирор жойда сертификациядан ўтмаган. Бу моделлар Ҳиндистонда тақдим этилиб, сотила бошлаши кутилмоқда. Samsung қолган ҳудудлар учун уларни бошқа номлар остида чиқариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

ЎҚИНГ: Иккинчи уриниш: Samsung Galaxy Fold ҳам Huawei Mate X билан бир вақтда сотувга чиқади