Samsung энг арзон 5G-смартфонини энди 4G-версияда ҳам чиқаряпти! (расмий суратлар)

  •   DiMaX
  •  522
  •  22.02.2021 11:43

Samsung энг арзон 5G-смартфонини энди 4G-версияда ҳам чиқаряпти! (расмий суратлар)

Жанубий кореялик етакчи технологик компания шу йилнинг 13 январь куни Galaxy A32 5G русумли янги телефонини тақдим этган эди. Ушбу модел бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи энг арзон Samsung қурилмаси сифатида февралнинг бошидан Европа бозорига чиққан.

ЎҚИНГ: Ўн хил Samsung смартфонига Android 11 базасидаги One UI 3.1 прошивкаси кела бошлади!

Энди эса ушбу смартфоннинг янада арзон – Samsung Galaxy A32 4G версияси тайёрланаётгани маълум бўлди. Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу модел 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди – демак, унда бошқа бир, арзонроқ процессор ишлатилмоқда.

Galaxy A32 4G ҳақидаги маълумотларни ҳамда унинг суратларини қўлга киритган таниқли инсайдер Судҳаншу Амбхоре (Sudhanshu Ambhore) уларни ўзининг Twitter-аккаунтида эълон қилди. Тармоқ информаторининг таъкидлашича, булар – компаниянинг тегишли маркетинг материалларидан олинган расмий рендерлардир.

Кутилаётган янги смартфон дизайни ҳам Galaxy A32 5G моделига жуда ўхшаш, лекин бир қараганда унча сезилмайдиган фарқлари мавжуд. Қурилманинг 5G-версиясида селфи-камера учун дисплейда томчисимон кемтик ўйилган бўлса, Galaxy A32 4G моделида унинг кемтиги «U» шаклидадир.

Galaxy A32 5G смартфонида бармоқ изи сканери корпуснинг ўнг қиррасига жойланган ўчириб-ёқиш тугмачасига интеграция қилинган. Унинг 4G-версиясида эса ушбу тугмача нисбатан кичкина – унга мазкур сканернинг сиғиши қийин. Шунга кўра, бу моделда экраности тактилоскопли Super AMOLED дисплей қўлланаётган бўлиши ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, февраль)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!