Samsung энг кўп сотилган смартфонини яна чиқара бошлади

  •   DiMaX
  •  3349
  •  13.10.2017 18:30

Samsung энг кўп сотилган смартфонини яна чиқара бошлади

Жанубий кореялик етакчи смартфонсоз ўзининг Galaxy J2 смартфони 2017 йилги авлодини яқинда сотувга чиқаради. Ишлаб чиқарувчининг сайтида бу модел ҳақида маълумотлар чиқарилганлиги шундан далолат бермоқда.

Энг харидоргир моделлардан

Таҳлилларга кўра, айнан Galaxy J2 модели Samsung компаниясининг энг кўп сотилган смартфон русумидир. 2016 йил бўйича энг кўп сотилган Android-смартфонлар орасида ҳам у иккинчи ўринни эгаллаганди.

Ҳали ўтган йили, Galaxy J2 (2016) смартфонининг тақдимотидан 2 ҳафта ўтиб, Samsung унинг янада такомиллашган, Galaxy J2 Pro деб номланган талқинини фойдаланувчиларига тақдим этганди. Янги талқин ўша пайтда ишлаш самарадорлиги бўйича флагманлардан ҳам устун келганди.

Хўш, бу йилгиси-чи?

Galaxy J2 (2017) моделига эса диагонали 4,7 дюймга тенг, QHD сифатли (540x960 пикселли) бўлган Super AMOLED-дисплей ўрнатилган. Смартфоннинг «юраги» – 1,3 ГГц такт частотасида ишловчи тўрт ядроли Exynos чипсети, аммо унинг аниқ рақами кўрсатилмаган. 2000 мА/соат сиғимли, олинувчи батареяси бу гаджетнинг суҳбат режимида 12 соатгача ишлашини таъминлайди.

Девайснинг тезкор хотираси 1 гигабайтни, ички хотираси эса 8 гигабайтни ташкил этади. Лекин фойдаланиш учун унда атиги 4,3 ГБ жой бўш, чунки қолган қисми олдиндан ўрнатилган иловалар ҳамда Android операцион тизими билан банд. Лекин 2017 йилги Galaxy J2’га қўшимча хотира сифатида 128 ГБгача ҳажмли microSD-картаси қўйиш мумкин.

Galaxy J2 (2017) моделининг хусусиятлари:

  • Дисплей: 4,7 дюймли, 540x960 пикселли, Super AMOLED;
  • Процессор: 1,3 ГГц частотали, тўрт ядроли Exynos чипсети;
  • Хотира: 1 ГБ тезкор ва 8 ГБ доимий;
  • Камера: асосийси – CMOS-сенсорли 5 мегапикселли; селфи-камера – 2 мегапикселли;
  • Аккумулятор: 2000 мА/соат;
  • Операцион тизим: Android.
  • Ўлчамлари ва вазни: 136,5x69,4x8,4 мм; 130 грамм.

Анча такомиллаштирилган

Мазкур қурилма Android операцион тизимининг қайси талқинида ишлаши Samsung сайтида кўрсатилмаган. Смартфонда хотирани автоматик тозалаб туриш имконини берувчи Smart Manager иловаси мавжуд. Шунингдек, 4G / 3G тармоқларида трафикни тежовчи Ultra Mods режими ҳам жорий этилган. Galaxy J2 (2017) иккита SIM-карта билан ишлай олади ва 3,5 миллиметрлик аудитирқишга эга. Унинг корпуси поликарбонатдан ишланган.

Galaxy J2 (2017) ҳозирча фақат қора рангдагина тақдим этилмоқда. Халқаро бозорда унинг нархи 114 АҚШ долларини ташкил этади. Бу русумдаги смартфон Ўзбекистон бозорига кириб келиши билан унинг нархларини эълон қиламиз, биздан узоқлашманг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!