Samsung Galaxy A50 тавсифи: ютуқлари ва камчиликлари

Samsung Galaxy A50 тавсифи: ютуқлари ва камчиликлари

Жорий йил бошида Samsung компанияси Galaxy A смартфонларининг янгиланган талқинлари: A20, A30 ва A50 моделларини тақдим этди. Ҳамёнбоп, ўрта бюджетли ва ўрта даражадаги смартфонлар. Galaxy A30 смартфони Samsung компаниясининг нарх ва техник хусусиятлари бир-бирига мос келган кам сонли моделларидан бири экани айтилмоқда. Ўрта даражали Galaxy A50 смартфонининг устунликлари ва камчиликлари ҳақида эса навбатдаги тавсифимизда танишишингиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Galaxy A50 дисплейда олд камера учун кичик жой ажратилгани, пастки ромнинг энсиз экани, орқа панелнинг поликарбонатдан тайёрлангани билан А30 моделига жуда ўхшаб кетади. Бироқ орқа қисмида бармоқ изи сканерининг йўқлиги ва асосий камера икки эмас, балки учта модулдан иборат экани билан фарқ қилади.

Samsung Galaxy A50 (SM-A505FM/DS модели) смартфонининг асосий техник жиҳатлари

  • SoC Samsung Exynos 9610, 8 ядро: 4×Cortex-A73 @2,3 ГГц, 4×Cortex-A53 @1,7 ГГц
  • GPU Mali-G72 MP3
  • Операцион система: Android 9, One UI
  • Сенсорли дисплей: Super AMOLED, 6,4″, 2340×1080 (19,5:9), 403 ppi
  • Тезкор хотира (RAM): 4/6 ГБ, доимий хотира 64/128 ГБ
  • microSD: 512 ГБгача
  • Nano-SIM: 2 дона
  • Тармоқлар: GSM/WCDMA
  • LTE FDD LTE band 1, 3, 5, 7, 8, 20; TDD band 38, 40, 41
  • Wi-Fi 802.11a/b/g/n/ac (2,4 и 5 ГГц)
  • Bluetooth 5.0
  • NFC
  • GPS (A-GPS), Глонасс, Beidou, Galileo
  • USB Type-C, USB OTG
  • Асосий камера 25 Мп (f/1,7) + 5 Мп (f/2,4) + 8 Мп (f/2,4), автофокус, видео 1080p (30 fps)
  • Олд камера 25 Мп, f/2,0
  • Датчиклар: ташқи ёруғлик датчиги, компас/магнитометр, гироскоп, оралиқ-масофа датчиги, бармоқ изи сенсори
  • Аккумулятор: 4000 мА·с, тезкор қувватлаш
  • Ҳажм: 159×75×7,7 мм
  • Вазн: 166 г

Ташқи кўриниши ва фойдаланиш қулайлиги

Samsung Galaxy A50 ёқимли кўринишга эга. Тўғри, корпусида шиша ва металл қўлланилмаган, у тўлиқ пластикдан, дизайнида алоҳида ўзига хослик йўқ ва смартфон рақобатчиларидан фарқ қилмайди. Аммо, барибир смартфон саранжом, ўз даражасидан қимматроқ кўринади.

Материаллар сифати ҳам унчалик эмас: ойнасимон орқа қопқоқ пластикдан бўлиб, олеофоб қопламага эга эмас (ёки жуда заиф), шу боисдан ускуна тезда бармоқ изларига бурканади.

Аммо ён томонлар силлиқ ва сирпанчиқ эмас. Юпқа ва енгил корпусли смартфон қўлда ишончли тутиб турилади, кийимлар чўнтакларига ҳам қулай жойлашади – ҳажм жиҳатдан барчаси яхши.

Камералар объективи орқа панел чегарасидан деяри туртиб чиқмаган, яъни смартфонни стол устига қўйиб ишлашда халал бермайди: экранга бармоқ босганингизда смартфон барқарор туради. Орқа қопқоқ ҳам ҳақиқий ойнадек сирпанчиқ эмас, шу боис смартфоннинг ўз-ўзидан сирпаниб, тушиб кетиш хавфи йўқ.

Орқа камера олдида бармоқ изи сканери майдончаси мавжуд эмас. Учта камерали модул ва чақноқ орқа панелнинг юқори ўнг бурчагига тартиб билан жойлаштирилган. Натижада тасвирга олиш вақтида камералар бармоқлар билан тўсилиб қолмайди.

Олд панелга ёруғлик диодли чақноқ индекатори ўрнатилмаган, бу ерда унинг учун жой ҳам йўқ. Камера учун экрандан жуда кичик томчисимон жой ажратилган.

Қувватланаётгани ёки хабарномалардан Always On режимида (айтганча, дастлабки созламаларда у ўчирилган ҳолатда бўлади) экран орқали хабардор бўлиш мумкин. Акс эттирилувчи ахборотлар стандарт: соат, ўтказиб юборилган ҳодисалар ва бошқалар.

Ускуна тугмачаларига эътирозлар йўқ. Ён тугмачалар бир томонга қулай жойлаштирилган. Улар ҳажми йирик эмас, лекин жуда яхши ишлайди.

Карточкалар учун бўлмача гибрид эмас, бу қувонарли. Унга бир вақтда иккита Nano-SIM-карт ва битта хотира картасини жойлаштириш мумкин.

Пастки қисмда Type-C тирқишли USB портининг ўрнатилиши «арзон» смартфонлар синфи учун кутилмаган ҳолат бўлди. У билан бирга асосий карнай ва суҳбат микрофони ҳам ўрин олган. Шунингдек, қулоқчин учун 3,5 миллиметрли чиқиш туйнуги ҳам жойлаштирилган.

Тепа қисмида шовқинни пасайтириш тизими учун қўшимча микрофондан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Samsung Galaxy A50 кўк, оқ ва қора рангларда сотувга чиқарилган. Ускуна чанг ва сувдан ҳимоя тизимига эга эмас. Смартфонларни ушлаганда бармоқларингиз корпус қопламаси ноодатий услубда тайёрланганини ҳис этади, ранг ҳам қандайдир бошқача. Корпус сирти мутлақо силлиқ эмас. Ранги эса янада қизиқарли. Орқа қопқоп ҳақиқатдан ҳам оқ, лекин нур муайян бурчак остида тушса, қизил, кўк ва яшил ранглар қоришиғини кўрасиз.

Экран

Samsung Galaxy A50 2.5D-шиша ҳимояли Super AMOLED дисплейи билан таъминланган. Экран диагонали 6,4 дюйм, ҳажми 68х147 миллиметрни, сиғими эса 2340×1080 пикселни (томонлар мутаносиблиги 19,5:9) ташкил этади. Экран ромлари кенглиги ён томонларда 3 мм, пастдан – 8 мм ва юқоридан – 3 мм.

Экраннинг олд сатҳи тирналишлар пайдо бўлишига чидамли шишали пластина кўринишида тайёрланган. Экраннинг объектлар аксини қайтаришига қарши хусусияти Google Nexus 7 смартфони каби. Қуйидаги расмда оқ сатҳга қўйилган икки гаджет экранига разм солишингиз мумкин:

Ҳар иккисининг ҳам экрани бир хил қора тусда. Samsung Galaxy A50 экранида акс эттирилган объектларнинг иккиланиши жуда кучсиз, бу экран қатламлари орасида ҳаволи бўшлиқнинг йўқлигидан далолат беради. Ҳаво/шиша чегарасининг йўқлиги сабабли дисплей жуда ёруғ жойларда ҳам тасвирларни аниқ кўрсатиб бера олади, бироқ ташқи ойнани алмаштиришга тўғри келса, экранни тўлиқ алмаштириш талаб қилиниши сабабли таъмирлаш қимматроққа тушади.

Samsung Galaxy A50 экрани сиртига махсус олеофоб (ёғ юқтирмайдиган) қоплама суртилгани боис бармоқ излари оддий шишага қараганда камроқ пайдо бўлиб, осонроқ ўчади.

Ушбу экранда Super AMOLED — фаол органик ёруғлик диодли матрица қўлланилган. Тўлақонли рангли тасвирлар учта – қизил (R), яшил (G) ва кўк (B) рангдаги субпикселлар ёрдамида ҳосил қилинади. Бунда қизил ва кўк субпикселлар икки марта камроқ - RGBG. Яъни, битта пикселда биттадан қизил ва кўк, иккита яшил субпиксел мавжуд. Буни қуйидаги микрофотосурат орқали кўриш мумкин:

Тунги вақтларда кўз чарчашига қарши Мовий ранг фильтри функцияси мавжуд. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, тунда планшет ёки смартфондан фойдаланаётганда экран ёруғлигини энг кам, аммо қулай даражага тушириш лозим. Акс ҳолда мовий ранг фильтрини ёқишдан ҳеч қандай маъно йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, экран жуда юқори ёруғликка эга ва объектлар аксини қайтариш (антиблик) хусусияти яхши даражада экани сабабли ҳатто ёзги қуёш нурлари остида ҳам ҳеч қандай муаммоларсиз ундан фойдаланиш мумкин. Ёруғликни автомат бошқариш режими ҳам яхши ишлайди. Экраннинг олеофоб қопламаси ҳам сизни уялтирмайди. Бир сўз билан айтганда, юқори сифатли экран.

Камералар

Samsung Galaxy A50 олд камера сифатида 25 МП сенсор ва f/2,0 диафрагмали объективга эга битта модулдан фойдаланди. Гарчи бундай МПли камералар модага айланган бўлса ҳам, стандрт созламаларда смартфон 12 МПда тасвирга олади. Сезганингиздек, энг юқори сифатда тасвирга олиш учун созламаларни мустақил амалга ошириш ва сирли «3:4Н» ёзувига қадар етиб бориш керак бўлади. Аммо орқа манзарани хиралаштириб расмга олмоқчи бўлсангиз, бу режим ўз-ўзидан ғойиб бўлади.

Камера ҳақида гап кетса, унча ёмон тасвирга олмайди – бироқ бир нарсани ҳисобга олиш керак: фақат яхши ёритилган шароитда. Кундуз куни кўчада деталларигача суратга олади, равшанлик, ранглар сифати жойида. Жонли фокус режимида кадр фондан унчалик ҳам яхши ажратиб олинмайди, бироқ чидаса бўлади. Аралашиб кетишлар деярли йўқ.

Samsung Galaxy A50 орқа камераси учта модулдан ташкил топган. Асосийсининг сенсори 25 МП, объектив диафрагмаси f/1,7, бироқ стандарт созламада 12 МП ҳажмда тасвирга олади. 25 МПлик энг юқори сифатли режимга ўтиш учун «3:4Н» тугмаси созламалар менюсида эмас, балки тасвирга олиш экранига жойлаштирилган.

Galaxy A50 асосий камерасида туширилган фотосуратлардан намуналар:

Қўшимча модуль – кенг бурчакли, кўриш бурчаги 123 даражани ташкил этади. Бу ерда сенсор сиғими – 8 МП, объектив диафрагмаси — f/2,2. Мос равишда, тасвирга олиш экранида доимо икки ёки учта дарахт тасвири – оддий ёки кенг бурчакли камера режимига ўтиш тугмачалари туради. Айни шу тугмача, масалан Huawei смартфонларида тушунарлироқ қилиб ёзув билан кўрсатилган.

Учинчи модуль (5 Мп, f/2,2) тасвирга олишда иштирок этмайди, балки равшанлик даражасини ўлчашга хизмат қилади. Оптик барқарорлаштиргич йўқ, чақноқ ёруғлиги ўртача, автофокус тез ва ишончли ишлайди. Энг юқори сиғими 25 МП бўлган HDR режими мавжуд. Орқа фонни хиралаштириш созламаларда қўлда амалга оширилади.

Тўғрисини айтганда, асосий камералардан кўп нарсалар кутилган эди. Тасвирлар сифати ёмон эмас ва сиз бошқа қимматроқ смартфондан Galaxy A50га ўтсангиз, сизни ҳеч нарса хижолат қилмайди. Бироқ 2019 йилда Redmi Note 7 каби унча қиммат бўлмаган смартфонларда ҳам тасвирлар сифати сезиларли даражада ортгани кузатилмоқда. Эътиборингизга ҳар икки смартфонда олинган намуналарни ҳавола этамиз, солиштириб, хулосани ўзингиз чиқариб олишингиз мумкин:

Камера сониясига 30 та кадр билан энг юқори 2336×1080 сиғимда видеога олади. Оптик барқарорлаштиргич йўқ. Тасвирга олиш сифати ёмон эмас, ҳатто кечаси ҳам равшанлик ва детализация тушмайди, чироқ каби кучли ёруғлик манбаси нурлари экранни қоплаб олмайди. Юриб видеога олишда, барқарорлаштиргич оптик эмас, балки электрон бўлса ҳам, видеолар сифати қониқарли. Овоз сифатли ёзиб олинади ва шовқинни камайтириш тизими тўлиқ ишлайди.

Bixby ёрдамчи функциясини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиш. Бу режимда камера кадрдаги объектни танийди ва автомат равишда у ҳақдаги маълумотларни тақдим этади. Бу функция, масалан бирор маҳсулот қадоғи ёки диққатга сазовор жойни суратга тушириш билан улар ҳақидаги керакли маълумотларни дарҳол олишда, қоғозли ҳужжатларни сканер қилиб, матнли файлга айлантиришда ёрдам беради.

Дастурий таъминот ва мультимедиа

Samsung Galaxy A50 кейинчалик янгиланиш имконияти билан Android 9 операцион платформаси асосида ишлайди. ОП Samsung Experience ўрнига Samsung One UI дастурий қопламаси билан «яширилган». Янги дастурий қоплама дизайни янгиланган, ишораларни қўллаб-қувватлаш имконияти кенгайтирилган, илова белгилари бурчаклари кўпроқ айланасимон қилинган. Умуман олганда, интерфейс янада енгил ва тушунишга осон. Олдиндан ўрнатилган дастурлар унча кўп эмас ва уларнинг барчаси фойдали.

Ўзига хосликларидан: Always On Display функцияси мавжуд, юз орқали қулфдан чиқарилади, бармоқ изи сканери экран шишаси остига жойлаштирилган. таъкидлаш жоизки, смартфонни қулфдан чиқаришнинг ҳар икки усули ҳам сезгир харидорларни қониқтирмаслиги мумкин – нисбатан секин ишлайди. Айниқса бармоқ изи сканери: кичик талқинида (Galaxy A30) бармоқ изи сканери орқа қопқоққа жойлаштирилган эди ва у Galaxy А50дан кўра тезроқ ишлайди. Сканер экран остига қўйилгани боис: «Бармоғингизни узоқроқ тутиб туринг» деган ёзувга тез-тез кўзингиз тушиши мумкин. Умуман олганда бу технология янги, шу боисдан «классик» бармоқ изи сканерларига нисбатан секинроқ ишлаши мумкин.

Смартфоннинг мультимедиа имкониятлари яхши. Асосий карнай етарлича тоза ва баланд товуш чиқаради, қулоқчинлардаги товушлар борасида мақтанишга арзийди. Товуш тоза, ёрқин ва баланд, барча частоталар бўйича тўйинган. Смартфонда FM-радио модули мавжуд бўлиб, қулоқчинлар орқали ишлайди. Диктофони юқори сифатли ва сезгир – талабалар бўлса, маъруза ва семинарларни ёзиб олишда жуда қўл келади.

Самарадорлик

Samsung Galaxy A50 мобил платформаси 8 та: 4 дона 2,3 ГГцгача частотали Cortex-A73 ва 4 дона 1,7 ГГц гача частотали Cortex-A53 процессор ядросидан таркиб топган SoC Samsung Exynos 9610 процессорига эга бўлди. Тасвирларни қайта ишлаш учун GPU Mali-G72 MP3 график тезлаткичи ўрнатилган. Тезкор хотираси 4 ёки 6 ГБ (бошида 6 ГБнинг 2,7 ГБ қисми бўш бўлади), ички флэш-хотира эса 64 ёки 128 ГБ (бошида 128 ГБдан 101 ГБ қисми бўш бўлади).

Хотирани microSD картасини ўрнатиш ҳисобига кенгайтириш ҳамда USB OTG режимида ташқи флэш-ташувчига улаш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, SoC Samsung Exynos 9610 — нарх ва сифат борасида ўрта даражадаги ажойиб чипсет. У илғор процессорлардан эмас ва Qualcomm Snapdragon 710 ёки Huawei Kirin 710 процессорлари каби ўртачадан юқорироқ даражада эмас, аммо барибир муносиб.

AnTuTu тестида смартфон 140 мингдан ортиқроқ балл тўплагани ёмон натижа эмас. Интерфейснинг равон, иловаларнинг тезкор ишлашини айтишга ҳам ҳожат йўқ, барчаси мукаммал. Платформа «оғир» ўйинлар талабларига ҳам қийинчиликсиз жавоб беради. Бу эса ўз нарх тоифасида смартфоннинг катта ютуқларидан бири.

AnTuTu ва GeekBench тестлари натижалари:

Телефон қисми ва коммуникациялар

Exynos 9610 чипсети маълумотларни сониясига 600/150 Мбит тезликда узатиш хусусиятига эга LTE Cat.12/13 тармоғини қўллаб-қувватлайди. Симсиз тармоқлар ишида муаммолар йўқ. Wi-Fi (2,4 ва 5 ГГц), Bluetooth 5.0, NFC модуллари ҳамда бирданига иккита сим-карта ва хотира картасини ишлатиш имконияти мавжуд.

Навигацион модуль GPS (с A-GPS), Глонасс, Galileo ва Хитойнинг Beidou сунъий йўлдош тизимлари билан ишлайди. Ускунада навигация дастурлар ишлаши учун зарур бўлган магнитли компас мавжуд.

Хавфсизлик

Бармоқ изи сканери дисплей ичига жойлаштирилган. Қулфланган экраннинг белгиланган жойига бармоқ босишингиз билан оч яшил рангдаги доира ҳосил бўлади – идентификация муваффақиятли кечди. Буларнинг барчаси қарийб тўхталишларсиз ишлайди. Смартфон учтагача бармоқ изини эслаб қолади. Қулфдан чиқариш учун бармоқ изи сенсоридан ташқари, юзни таниш тизимидан ҳам фойдаланиш мумкин. Ушбу тизим тезкор ва секин (янада хавфсиз) режимда ишлайди. Бу ерда кўзойнак тақувчилар ҳам инобатга олингани қувонарли: юзни таниш тизими дарҳол кўзойнак тақишни ва сўнгра уни ечиб қўйишни сўрайди. Агар созламалар тўғри амалга оширилса, қулфдан ечишда ҳеч қандай муаммо кузатилмайди. Тўғри, яхши ёритилмаган жойларда тўхталишлар кузатилиши мумкин, қоронғуда эса ускуна фақатгина экран ёруғлигига таяниб иш тутади. Чунки смартфон эгасини таниш учун инфрақизил нурли датчик технологиясидан фойдаланилмаган.

A50 аввалги Samsung Experience ўрнига One UI операцион тизим қопламаси (интерфейс) билан таъминланган. Унда тунги режим мавжуд бўлиб, интерфейснинг барча элементлари қора фон билан акс эттирилади. Бу кўз чарчашининг олдини олиш билан бирга, тунги вақтларда батареянинг камроқ сарфланишига ҳам хизмат қилади.

Смартфон эгаларини қувонтириши мумкин бўлган яна бир жиҳат: экрандаги бошқарув тугмаларини ўчириб, улар ўрнига имо-ишоралардан фойдаланиш мумкин. Қурилмани ишоралар ёрдамида бошқариш учун дисплей юқорисидан пастга қараб свайп амалга оширилиши керак. Тез ўрганасиз – жуда қулай.

Тизимли созламаларда тартибсизликлар йўқ. Samsung One UI интерфейсида барча созламалар мантиқ асосида тоифаларга ажратиб чиқилган. Ҳар бир кичик бўлим визуал рўйхатга ажратилган. Буларнинг барчаси керакли параметрларни осонгина топишга ва тизимдаги тартибни ҳис этишга имкон беради.

One UIни бошқариш учун қўшимча ишоралар ҳам бор. Масалан, экранни икки марта уриб қўйиш орқали очиш мумкин. Кимдир қўнғироқ қилганда ёки уйғотувчи соат овозини ўчириш учун дисплейни кафт билан ёпиш кифоя.

Тизимда иловаларни иккилантириш (клонлаш) имконияти ҳам мавжуд. Бу ижтимоий тармоқлар ва месенжерларга турли саҳифалардан киришга ёрдам беради. Шунингдек, махфий хатжилд, SD-картани шифрлаш, McAfee антивируси базасида зарарли дастурий таъминотлардан қўшимча ҳимоя тизимлари ҳам мавжуд.

Аккумулятор ва автономлик

Samsung Galaxy A50 аккумулятори сиғими 4000 мА·сни ташкил этади. Ҳажми катта ва автономлик текширувлари натижалари ҳам ёмон эмас: улар қарийб рекорд даражада. Ускуна қуввати кунлик вазифалар билан кечки қувватлаш вақтига қадар бемалол етади. Тежамкор режимда эса қувватламасдан икки кунгача фойдаланиш мумкин.

Текширувлар энергияни тежам режимисиз анънавий равишда ўрта энергия истеъмоли даражасида олиб борилди.

Минимал қулай ёруғликдаги (100 кд/м²) экранда уйдаги Wi-Fi тармоғи орқали юқори сифатли (720p) видеолар тинимсиз кўрилганида, ускуна қуввати 13 соатдан кўпроққа етди, агар самолёт режимига қўйилса, ўртача ёруғликдаги экранда 18 соатгача фильм ёки бошқа видеоларни кўриш мумкин. 3D ўйинлар режимида смартфонда ўйин турига қараб 8 соатгача ўйнаш мумкин. PUBG каби мураккаб ўйинлар эса бир соатда 15 фоиз қувватни сарфлайди.

Стандарт қувватлаш ускунасида смартфонни 1 соату 50 дақиқада «озиқлантириш» мумкин.

Смартфоннинг қизиши

Қуйида GFXBenchmark дастурида аккумуляторнинг 15 дақиқа ишлатилганидан кейин орқа томондан иссиқлик тасвири келтирилган:

Ускунанинг юқори қисмининг қизиши SoC микросхемалари жойлашган ўринга тўғри келмоқда. Иссиқлик камераси маълумотларига кўра, энг юқори қизиш 42 даражани (ташқи ҳаво 24 даража бўлганда) ташкил этди. Буни унчалик баланд қизиш деб айтиб бўлмайди.

Хулоса

Тавсиф эълон қилинган вақтда Terashop.uz интернет электрон дўконида Samsung Galaxy A50 смартфонининг 4/64 талқини нархи 2,140 млн сўмни ташкил этган эди. Экран, товуш, коммуникация имкониятлари, жозибадор корпус ва автономлик смартфоннинг устунликларини таъминлайди. У бу борада ўзидан аввалги Galaxy А ва Galaxy J оиласига мансуб моделлар орасида яққол етакчи. Мутахассислар унинг ягона камчилиги сифатида камераларини келтириб ўтади. Аммо у ҳам унчалик ёмон эмас, бу шунчаки сўнгги вақтларда ҳатто ҳамёнбоп сегментда ҳам камералар сифати жадаллик билан юксалаётгани билан боғлиқ ҳолатдир.

Сўзсиз, Galaxy А50 смартфонининг кучли рақиблари мавжуд. Масалан, шу нарх атрофида бўлган Meizu X8 икки баробар ортиқроқ хотирага (ОЗУ ва ПЗУ) эга ва янада самаралироқ Qualcomm Snapdragon 710 процессори билан таъминланган. Кўплаб қизиқарли имкониятларга эга бўлган Huawei P Smart 2019 смартфони эса нарх масаласида Galaxy А50ни ортда қолдиради. Бироқ унинг камераси оддийроқ ва самарадорлиги пастроқ. Умуман олганда эса, техник имкониятлари, бренднинг машҳурлиги ва маҳсулот нархи борасида Galaxy А50нинг кичик талқини ўз нархида бестселлерга айланиши мумкин.

Хулоса

8.7балл

Экран, товуш, коммуникация имкониятлари, жозибадор корпус ва автономлик смартфоннинг устунликларини таъминлайди. У бу борада ўзидан аввалги Galaxy А ва Galaxy J оиласига мансуб моделлар орасида яққол етакчи.

дизайн

платформа

дисплей

камера

аккумулятор

тезкорлик

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 2 650 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 2 530 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • дизайн
  • камера
  • экран

 Камчилиги

  • корпус
  • бармоқ изи сенсори
  • процессор
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!