Samsung Galaxy A7 (2017): флагманларгача бир қадам

Samsung Galaxy A7 (2017): флагманларгача бир қадам

Техник жиҳатлари:

Операцион тизим: Android 6.0.1, Android 7'га янгилаш мумкин;

Экран: 5.7 дюйм, SuperAMOLED, FullHD, 386 ppi, ёруғликни автоматик созлаш, Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси, AlwaysOn фаол дисплейи;

Чипсет: Exynos 7880, 8 ядро, 1.9 ГГц (Cortex A53), Mali-T830MP3 график-тасвир процессори;

Хотира: 3 ГБ оператив хотира, 32 ГБ доимий хотира (23 ГБ фойдаланувчи учун);

Аккумулятор: Li-Ion 3600 мА соат, тезкор қувватлаш;

Олд камера: 16 мегапикселли (f/1.9), юз тасвири (кўз, тери ранги, юз туси)ни яхшилайдиган функция;

Бош камера: 16 мегапикселли (f/1.9), светодиодли фоточақноқ, автофокус.

Бошқа жиҳатлар:

FM-радио;

бармоқ сканери;

NFC, USB 2.0, Bluetooth 4.2;

Датчиклар - акселерометр, барометр, гироскоп, геомагнит датчик, Холл датчиги ва бошқалар ...

Танишув

2017 йилда Samsung компанияси 2016 йилда Galaxy «А» туркумининг муваффақиятли сотилган Galaxy A7 смартфонини такомиллаштирган ҳолда бозорга чиқаришга қарор қилди. Бу компаниянинг корпуси яхлит металлдан тайёрланган ва 3D-шиша билан зеб берилган, шунингдек замонавий технологик ҳашамдорликка бурканган илк ўрта нархли смартфони эди.

5,7 дюймли FHD, матрицаси sAMOLED бўлган Samsung Galaxy A7 (2017) қулай ва шаклдор дизайни билан ҳар кимни мафтун қилади.

Компания унга флагманларга хос кўриниш ва жиҳатларни татбиқ қилган. Samsung 2017 йилда янгилаган «А» туркуми смартфонлари ўз фойдаланувчиларини тўлиқ мамнун қилишга эришган. Қуйида ушбу смартфоннинг ўзига хосликлари билан танишамиз. 

Дизайн ва материаллари

2016 йилда тақдим қилинган А7 каби, янги смартфон ҳам Samsung флагманларидан нусха олган. Бу гал унинг шакли бирмунча Galaxy S7 моделига яқин. Корпус формаси, олд панел шишасининг ён томонга букик шаклга эгалиги, суҳбат динамигининг шакли ва навигация клавишлари Galaxy A7 (2017)га серҳашам кўриниш берган.

Бироқ, Galaxy A7 (2017)га ўзига хос кўриниш бериш мақсадида, компания камера блокини сезиларли даражада ихчамлаштирган. Шу боис, смартфон орқа панелининг дизайнида ўзгариш яққол кўзга ташланади. Умуман олганда, смартфон дизайни Samsung ижодкорлигига хос.

Galaxy A7 (2017) роми алюминийдан тайёрланган. Бу эса корпуснинг пишиқлигига хизмат қилади. Олд ва орқа панеллар зич ва йиғиш билан боғлиқ бирор камчилик кўзга ташланмайди.

Galaxy A7 (2017) корпусининг ўлчамлари: 156,8х77,6х7,9 мм, вазни -- 186 грамм. 5,7 дюймли смартфон учун бу ўлчам айни муддао. 

Сув ҳамда чангдан қўрқмайдиган корпус

«А» туркуми моделлари флагманлардан ташқари чанг ва сувдан ҳимояланган корпусларга эга бўлган илк ўрта нархли смартфонлар бўлишди. IP68 ҳимояланганлик стандартига эга Galaxy A7 (2017)ни кран остида бемалол чўмилтириш мумкин. Шунингдек, у 1,5 метргача сув тубида 30 минут жон сақлай олади.

Смартфон корпуси герметик бўлгани учун чангни юқтирмайди. Тезкор қувват олиш ва маълумотларни алмашишга хизмат қиладиган USB Type-C датчигига кир тўпланганда уни ювиб ташлаш ва қуригандан сўнг кабелга улаш тавсия қилинади.

Дисплей

Galaxy A7 (2017) – «А» туркумининг йирик модели. Сабаби, бу смартфон оиладошлари орасида энг йирик дисплейга эга бўлган. Унинг диагонали 5,7 дюймни ташкил қилади. Шу билан бирга, пикселлар сиғими ҳам ёмон эмас -- 1920х1080 белгига тенг, яъни Full  HD.

Samsung анъанага кўра, бу смартфонда ҳам Super AMOLED матрицадан фойдаланган. Аксарият фойдаланувчиларнинг фикрича, Galaxy А7 (2017) экранининг тасвир узатишига гап бўлиши мумкин эмас.

Экран созламалари режимларга бой. Мисол учун, «мослаштирилган экран» ва «Кино AMOLED» режимларида рангларнинг тўйинганлик даражасини белгилаш мумкин, «Бош режим» ва «Фото AMOLED» режимларида узатилувчи тасвирлар нисбатан табиий рангда.

Galaxy A7 (2017) экрани кўк тус таъсирини пасайтирувчи фильтрга ҳам эга бўлган.

Шу билан бирга, смартфон Samsung'нинг флагман смартфонларига хос яна бир жиҳат билан таъминланган – мунтазам фаол экран. Super AMOLED дисплейда ҳар бир пиксел мустақил нур узатади. Натижада, смартфон вақт, огоҳлантиришлар ва санани мунтазам фаол экран орқали намойиш қилади. Бу ўз навбатида қувватнинг тежалишига ҳам хизмат қилади.

Платформа ва самарадорлик 

Ўрта нархли смартфонлар кўриниши билан флагманларга ўхшаса ҳам, уларнинг платформаси илғор гаджетларникидан тубдан фарқ қилади. Galaxy A7 (2017) ҳам бундан мустасно эмас. S7'нинг дизайнини олгани билан, Galaxy A7 (2017) унинг текорлигига эга бўлмаган. Шундай бўлса ҳам, бу унинг тезкор ва барқарор ишлашига тўсқинлик қила олмайди.

Galaxy A7 (2017)да 14 нанометрли, 8 ядроли Exynos 7880 процессори ўрнатилган. Унинг частота тезлиги 1,9 ГГц, шунингдек график-тасвирни қайта ишлаш Mali T830MP3 видео-картаси зиммасига юкланади.

Смартфон 3 ГБ оператив ҳамда 32 ГБ доимий хотирага, хотирани кенгайтириш мумкин бўлган microSD бўлмачасига эга бўлган. 2 та SIM-карта ва 1 та хотира картаси учун алоҳида бўлмачалар мавжуд.

Galaxy A7 (2017) платформасининг самарадорлиги иловалар ва бошқа вазифалар учун етарли. Бироқ, "оғир", яъни графикага бой ўйинларни ўйнаганда, ундаги процессорнинг максимал имконияти сезлиби қолади.

Galaxy A7 (2017) қадоқдаёқ Android 6.0.1'нинг янги Grace UX талқинига эга бўлади. 

Камера

Смартфондаги бош камера 16 мегапикселли бўлиб, унинг ёруғлик ўтказувчи линзаси f/1.9 ҳажмли, фокуслаш оралиғи 27 мм. Бош камера автофокус ва фоточақноққа эга. 2016 йилги А7 билан таққослаганда, бу камеранинг мегапикселлари сони ошган, бироқ оптик барқарорлаштириш функцияси йўқолиб қолган.

Кундузги шароитда бош камеранинг суратга олиш қобилиятига гап йўқ. Бош камеранинг суратни сақлаш тезкорлиги бир оз паст. 

Тунги шароитда f/1.9 диафрагмаси Galaxy A7 (2017)га кўпроқ ёруғликни қамраб олиш имконини беради. Бу вазиятда мегапикселнинг юқори бўлиши аҳамиятга эга эмас. Шу тарзда, камера ёруғлик паст шароитда ҳам кўпроқ детал тўплашга муваффақ бўлади. Шу билан бирга, оптик барқарорлаштириш функциясининг йўқлиги боис, қоронғу шароитда баъзи сратлар хирароқ акс этиши мумкин.

Умуман олганда, Galaxy A7 (2017) камера 2 йил аввалги Galaxy S6 камераси билан бир хил.

Смартфон олд камераси ҳам диққатга сазовор. Унда ҳам 16 мегапикселли, f/1.9 диафрагма модулидан фойдаланилган. Шу боис, смартфонда олинган селфилар сифати юқори ва кўнгилдагидек. 

Мультимедиа

Galaxy A7 (2017) ташқи динамиги корпуснинг ўнг биқинидан ўрин олган. Бу уни кафтга қўйиб бемалол мультимедиа маҳсулотларини кўриш ва тинглаш имконини беради. Бу карнайга чангга қарши мембрана ўрнатилгани боси овознинг янграши бир оз паст. 

3,5 мм наушник туйнуги корпуснинг қуйи қисмида жойлашган. Фиманинг Adapt Sound технологиси овозни ўз дидингизга кўра созлаш имконини беради. 

Бармоқ излари сканери

Samsung смартфонларига хос анъанага кўра, Galaxy A7 (2017) дисплейи остидаги механик «Home» тугмасига бармоқ излари сканери жойлаштирилган. Сканернинг ишлаши тезкор ва Galaxy S7 флагманидаги сенсор билан бир хил.

Қувватдорлик 

Galaxy A7 (2017) смартфонида электр токи сиғими 3600 мА соат бўлган аккумулятордан фойдаланилган. Шунингдек, процессор ҳам қувватни тежайди. Натижада, смартфон қувватдорликда илғор.

200 кд/м2 даражали ёрқинликда смартфон 9,5 соат мунтазам ишлай олади. Ўртача фойдаланганда бу қувват унга 2 кунга етади.

USB Type-C порти орқали мартфонни тезкор қувватлаш мумкин. 

Хулоса 

Samsung Galaxy A7 (2017) – бу флагман бўлишига бир қадам қолган смартфон. У фойдаланувчи учун зарур барча имкониятларга эга. Шунингдек, ёрқин дизайн, флагманларга хос чанг ва сувдан ҳимояланган корпус, кучли камералар, қулай интерфейс, 2 та SIM-карта ва хотира картаси учун алоҳида  бўлмачалар, шунингдек тезкор қувват олиш технологияси Samsung Galaxy A7 (2017) смартфони фойдаланувчисини хурсанд қилади.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 3.2 млн сўм Сотиб олиш
"Малика" 2.9 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!