Samsung “Galaxy Feel” смартфонини тақдим қилди

Samsung “Galaxy Feel” смартфонини тақдим қилди

Ғоятда гўзал ва қимматбаҳо Galaxy S8 ҳамда S8 Plus флагманлари билан жаҳонни ҳайратда қолдиргач, Samsung компанияси куни кеча чўнтак имкониятларига нисбатан яқин Samsung Galaxy Feel смартфонини Японияда тақдим қилди.

Смартфон дизайни шиша ва металл уйғунлигида яратилган. Айниқса, корпуснинг металлдан ишланган ҳошиялари ўзига хос таассурот уйғотади. Унинг қирралари мавжуд моделларникига қараганда анча силлиқ. Экспертларнинг фикрича, бу смартфон Galaxy Alpha моделининг янгиланган талқини бўлиши мумкин.

Galaxy Feel смартфони Android 7.0 Nougat операцион тизими бошқарувида ишлайди. 4.7 дюймли экраннинг сиғими — HD (1280 × 720 пикселли). Ўзига хос жиҳати экран Super AMOLED матрицали дисплей билан таъминланган. Шунингдек, корпус IP65 сертификатига эга, яъни чанг ва сувни ўтказмайди.

Samsung Galaxy Feel самарадорлиги учун 1,6 ГГц частота тезлигида ишлайдиган 8 ядроли процессор масъул. Гаджетга 3 гигабайтли тезкор ва 32 гигабайтли доимий хотира ўрнатилган.

Смартфоннинг 3,000 мА соат ток сиғимига ва тезкор қувват олиш технологиясига эга аккумулятори 110 дақиқада тўлиқ қувват олади. Гаджет USB Type C универсал порти орқали қувват олади. Шунингдек, бу порт орқали кабел ёрдамида маълумот алмашса ҳам бўлади.

Samsung Galaxy Feel 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11 a/b/g/n, NFC ва Bluetooth 4.2 симсиз алоқа технологияларида ишлайди. Унда 3.5 мм.ли аудио-туйнук ҳам бор.

Орқа панелда 16 МП бош ва олд панелда 5 МП селфи-камера модули мавжуд. Бармоқ излари сканери эса “Home” тугмага ўрнатилган.

Ўлчамлари: 138 × 67 × 8,3 мм, вазни — 149 грамм. Смартфон оқ, қора ва пушти рангли корпусда ишлаб чиқарилмоқда. Смартфон июннинг ўрталаридан 325 доллар баҳосида сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!