Samsung Galaxy J7 (2017): асил айнимас экан-да!

Samsung Galaxy J7 (2017): асил айнимас экан-да!

Samsung, ниҳоят бу йил смартфон туркумларига тартиб бергандай бўлди: Samsung Galaxy S8 ва Galaxy S8+ (Mini талқин ҳам кутилмоқда) флагман модел, ўз туркумида ягона бўлган ва йилда бир марта тақдим қилинадиган S Pen қаламчали Note фаблети, "ўрта" туркумга тегишли Galaxy A ва энг камтар ва сипо бўлмиш "J" туркуми. "A" ҳамда "J" туркумлари ҳар йили уч талқинда "3", "5" ва "7" индексларида тақдим қилинади. Ҳозирча бу йил "J" туркумида 2 модел тақдим қилинган: "5" ва "7". Бугунча Samsung Galaxy J7 (2017) тўғрисида батафсил маълумот берамиз. Кўрайлик-чи, унинг қўлидан нималар келар экан.

Танишув

Samsung Galaxy J7 (2017) —  5.5 дюймли FullHD сиғимли, SuperAMOLED-дисплейли, 8 ядроли Samsung Exynos процессорига эга, 3 ГБ оператив хотира, 2 та SIM-картали, MicroSD қўшимча хотира картасини ўқийдиган, 13 мегапикселли бош камера билан таъминланган Android-смартфон.

У нимаси билан қизиқ?

2016 йил билан таққослаганда, бу йилги модел тубдан ўзгарган: металл рамка ва пластик орқа панел ўрнини энди тўлиқ металл корпус эгаллаган, смартфон корпусининг шакли ҳам бошқача. Смартфон айни пайтда қора, тилла ранг, кўк рангли корпусларда сотилмоқда. Samsung Galaxy J7 (2017) самарадорлиги учун 14 нанометрли техник жараёнда ишлайдиган, частота тезлиги 1.6 ГГц бўлган 8 ядроли Exynos 7870 процессори, 3 ГБ тезкор хотира масъул.

Корпус IP54 стандарти бўйича ҳимоя тизимига эга: чанг ва томчи унинг учун қўрқинчли эмас. Тўғри, кичик, бироқ ёқимли янгилик. Қолаверса, флагманларга хос функция -- Always On Display, яъни мунтазам фаол дисплей технологияси смартфон нуфузини янада оширади. Смартфон Android Nougat'нинг ўзлаштирилган талқинида ишлайди. Тез орада янги талқиндаги тизимни ҳам юклаб олиш мумкин. Бармоқ изи сканери, 2 та сим-карта учун алоҳида, шунингдек 256 гигабайтгача бўлган қўшимча хотира учун алоҳида бўлмачаларнинг мавжудлиги фойдаланувчини хурсанд қилади. Буларнинг барини қувват билан ток сиғими 3600 мА соат бўлган аккумулятор таъминлайди.

Samsung Galaxy J7 (2017)'нинг кўриниши қандай?

Олд панел Samsung'га хос анъанавий "истарага" эга бўлган. Корпус ёнлари 2.5D ҳимоя шишаси билан қоплангани эвазига қайрилма кўринишга келтирилган. Экран олд панелнинг тахминан 73.1% қисмини эгаллаб олган. Унинг ёнлари ўта юпқа ҳошия билан ўралган. Экран қуйисидаги датчиклар стандарт: 2 та сенсор тугмалар ва механик  "Home" тугмаси. Бу тугмада бармоқ изи сканери татбиқ қилинган.

Экран юқорисида датчиклар, жумладан ёруғлик, фоточақноқли олд камера, суҳбат динамиги жойлашган. Светодиодли индикатор бу гал мавжуд эмас.  Always On Display борлиги учун бу қўрқинчли хабар эмас.

Корпус шакли ҳам ясси-қайрилма кўринишда. Корпус қуйисида 3.5-мм.ли анъанавий аудио-қулоқчин порти, микрофон туйнуги, 2 жуфт пластик улоқ, MicroUSB порти мавжуд.

Олд панелдаги механик тугма металлдан нафис қилиб ишланган. Samsung'нинг бошқа девайсларида бўлгани каби, бу сенсорнинг ишлаши тез, аниқ ва босилиши ҳам юмшоқ.

Ўчириб-ёқиш тугмаси корпуснинг ўнг ёнида жойлашган. Унинг бир оз юқорисида эса ягона ташқи динамик мавжуд. Унинг энг қулай манзилда жойлашганига шубҳа йўқ. 

Юқори, том қисмида бир жуфт пластик улоқдан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Корпуснинг чап томонида 2 та алоҳида тугмалар бўлиб, улар ёрдамида овозни бошқариш мумкин. Уларнинг ёнида эса яна 2 та бўлмачалар ҳам бор.

Бўлмачаларнинг биринчи қисмига 1 та nanoSIM карта ва қўишмча хотира картасини, иккинчисига эса 2-сим картани қўйиш мумкин. Буни жуда пухта техник ечим дейишмумкин. Акс ҳолда, 16/32 ГБ доимий хотира фойдаланувчи учун камлик қилади.

Орқа панел тўлиқ металлдан ишланган. Унинг юқори ва қуйи қисмида антенна учун симметрик пластик улоқлар мавжуд. Улар ноанъанавий кўринишда, яъни ёйсимон кўринишда ишланган. Ва, кўриниши ёмон эмас.

Корпус марказидан Samsung логотипи, юқорироқда — бош камера модули, унинг фоточақноғи ўрин олган. Аввалги йилги моделдан фарқли равишда, камера модули корпус ичида жойлашган.

Хулоса қиладиган бўлсак, Samsung Galaxy J7 (2017)'нинг кўриниши салобатли, кўркам. Корпус ва таркибий қисмлар сифатли хомашёдан тайёрланган. Шунингдек, унинг қолипи ҳам қўлда тутишга мос қилиб ишланган. "J" туркумидан энг арзон моделллар ўрин олган бўлса ҳам, Galaxy J7 (2017) кўринишидан қиммат гаджетларни эслатади.

Экран сифати қандай?

Смартфонда 5.5 дюймли, SuperAMOLED матрицали, 1920×1080 пиксел сиғимли (ҳар дюймда 401 ppi) экран ўрнатилган. Унинг ҳимояси учун устидан қайрилма ёнли 2.5D шишаси тортилган. Шунингдек, экран бармоқ излари ва доғ-дуғни олмаслиги учун ҳам унинг юзасига махсус пленка тортилган. Экрандаги ёруғлик заҳираси ундан ёзнинг ёрқин кунларида очиқ ҳавода ҳам бемалол фойдаланиш имконини беради. SuperAMOLED матрицага хос бўлганидек, ранг-тасвир узатилиши ва акс этиши ғоятда ёқимли.

Тизимда экранни созлаш, шрифт ўлчамларини мослаштириш ҳамда кўк тус миқдорини камайтириш имкониятлари тақдим қилинади.

Экрандаги Always On Display функцияси фойдали маълумотларни, жумладан вақт, сана, қувват миқдори, огоҳлантиришларни кўрсатиб туради. Дисплейда 4 та режим бўлиб, улар ёрдамида ранг гаммасини мослаштириш мумкин.

Процессор қанчалар кучли?

Samsung Galaxy J7 (2017)'нинг "юракчаси" 2016 йилдаги J7 билан солиштириб кўрганда, у қадар ўзгармаган: 8 ядроли Exynos 7870 процессори 1.6 ГГц частота тезлигида ишлайди ва 14-нм FinFET меъёрлари асосида фаолият кўрсатади. Тезкор хотирада ижобий янгилик бўлган: сиғими 2 дан 3 гигабайтга катталашган. Процессор ишлашига кўра ҳамёнбоп туркумга хос. Бироқ, илова ва интерфейснинг ишлаши барқарор. Унда ўйинларни ҳам муаммосиз, қийналмасдан ўйнаш мумкин.

 

Нисбатан қиммат моделлардан янги "J" туркуми Game Tools утилитини ҳам олган. Бу восита барча ўйинларни бир ерга жам қилади, улардан скриншот, ўйин жараёнидан видео олиб беради. Шунингдек, бу восита ўйин вақтида сенсор тугма ва огоҳлантиришларни ўчириб қўяди.

Ҳозирча девайснинг 16 ва 32 ГБ сиғимли доимий хотира талқинлари мавжуд. MicroSD бўлмачасига 256 гигабайтгача бўлган флешкани ўрнатиш мумкин.

Samsung'нинг бу смартфони Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac 2,4 ГГц ва 5 ГГц, Bluetooth 4.1 LE, NFC, ANT+ (спорт гаджетларига улаш учун) каби симсиз интерфейсларда ишлайди. GPS, Glonass, Beidou навигация тизимларида ҳам ундан фойдаланиш мумкин.

Куч-қувват

Samsung Galaxy J7 (2017) қуввати учун 3600 мА соат сиғимли аккумулятор жавобгар.  AMOLED-экран ва энерго-тежамкор процессор эвазига смартфон тўлиқ қувват билан етарлича ишлайди. Аниқроғи, ўйинларни фаол ўйнаганда, онлайн-видео ўйнаганда ва бошқа қувват талаб қиладиган "оғир" вазифалар буюрилса, смартфон камида 1 сутка туриб беради.

Одатий режимда, яъни Wi-Fi, 3G тармоғига доимий уланганда, ижтимоий тармоқдаги аккаунтларга кириб-чиққанда, почта, мессенжерлардан фойдаланиб, кунига 20 минут суҳбатлашганда, 1 соат веб-серфинг/онлайн-видео жараёнида тўлиқ қувватли смартфондан 2 кун фойдаланиш мумкин. Биргина камчилиги — тезкор қувватлашнинг йўқлиги.

Интерфейс имкониятлари қандай?

Смартфон ҳозирча Android 7.0 Nougat'нинг Samsung томонидан ўзлаштирилган Experience 8.1 талқинида ишлайди. Уни 2018 йилнинг бошида янада илғор Android 8.0 Oreo'га янгилаш мумкин бўлади.

Бу тизимда у ёки бу иловадани очмасдан туриб, ундаги билдиришномаларни ўқиш учун ўша илова ёрлиғига бармоқни босиб туришнинг ўзи кифоя қилади.

Агарда видео ижро этилаётган пайти смартфонда бирор бошқа амални бажаришга тўғри келиб қолса, томоша қилишни тўхтатишга ҳожат бўлмайди. Picture-in-Picture (расм ичида расм) функциясидан фойдаланган ҳолда видео иловасининг ўлчамини кичрайтириб, экран бурчагига жойлаб қўяверасиз.

 

Камера қандай суратга олади?

Смартфонда 2 та, ҳар бири 13 мегапикселли бош ва олд камералар ўрнатилган. Уларнинг ҳар иккаласи фоточақноқ билан таъминланган. Улар FullHD аниқлигидаги видео тасвирга оладилар. Бош камерада ёруғлик тақсимотига масъул диафрагма f/1.7, олд модулда — f/1.9. Яъни, ёмон эмас.

Автофокус фақат бош камерада мавжуд. Камера интерфейси анъанавий кўринишда. Ёруғлик яхши бўлса, ҳар иккала камера яхши суратга олади. Ҳарқалай, ҳамёнбоп хитойлик смартфонларга қараганда яхшироқ.

Қуйидаги суратларга қараб, камера имкониятига ўзингиз баҳо беринг.

Хулоса

Samsung бу гал "J" туркумини бозордаги рақобатдан келиб чиқиб ишлаб чиқарган. Натижада, Galaxy J7 (2017)'дек салобатли ва сифатли кўринишдаги асил смартфон пайдо бўлган. Смартфон чипи, экрани, йиғилиши, дизайни таассуротли. Always On Display функцияси -- ҳақиқий бонус! Бармоқ изи сканерининг ишлаши тезкор, 2 диапазонли Wi-Fi, NFC, 2 SIM карта ва MicroSD хотира учун алоҳида бўлмачалар, етарли қувват сиғими -- барчаси кўнгилдагидек.

Samsung Galaxy J7 (2017)'ни харид қилиш учун 6 сабаб:

Сифатли йиғилган корпус ва ёқимли дизайн;

Always On Display функциясига эга сифатли экран;

Узоққа етадиган аккумулятор;

Ўз рақиблари орасида яхши камерага эгалиги;

2 SIM карта ва MicroSD учун алоҳида бўлмачалар мавжуд;

Барча замонавий симсиз модуллар мавжуд.

Samsung Galaxy J7 (2017)'ни харид қилмаслик учун 2 сабаб:

Самарадорлик у қадар юқори эмас;

Рақиблари билан солиштирганда, қиммат нархи.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 1 426 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!