Samsung: Galaxy Note 7 харидорларига Galaxy S8 ёки Galaxy Note 8 учун 50% чегирма берилади

Samsung: Galaxy Note 7 харидорларига Galaxy S8 ёки Galaxy Note 8 учун 50% чегирма берилади

Аввалроқ интернет тармоғидаги нашрларда Жанубий Корея фирмасининг Galaxy Note 7 моделини харид қилган мижозлар учун муайян конпенцация дастури ишлаб чиқилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бугун Sammobile сайтида келтирилган маълумотга кўра, Samsung Galaxy Note 7 смартфонини харид қилиб, уни чақириб олиш дастури бўйича Galaxy S7 Edge ёки Galaxy S7 моделларига алмаштирган харидорларга кейинги йилда чиқадиган Galaxy S8 ёки Galaxy Note 8 смартфонларини 50%лик чегирма билан сотиб олиш имконияти тақдим этилади. Хабарда ёзилишича, ҳозирча мазкур чегирма дастури фақат Жанубий Корея истеъмолчилари учун эълон қилинган.

Ушбу чегирма дастури 30 ноябргача амал қилади, аниқроғи мазкур санагача ўзларининг Galaxy Note 7 маркасидаги смартфонларини чақириб олиш дастури бўйича Galaxy S7 Edge ёки Galaxy S7 моделларига алмаштирган харидорларгагина бундай харид имконияти берилади.

Ҳозирча мазкур чегирма дастури бошқа мамлакатларда ҳам йўлга қўйилиши борасида аниқлик маълумот мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, Samsung Electronics компанияси 11 октябрь куни Galaxy Note 7 смартфонларини ишлаб чиқаришни тўхтатиши борасида расман маълум қилган эди.