Samsung Galaxy Note 8'нинг илғор жиҳатини маълум қилди

Samsung Galaxy Note 8'нинг илғор жиҳатини маълум қилди

Samsung компанияси шу ойда тақдим қилинадиган Galaxy Note 8 флагмани нисбатан илғор мультимедиа имкониятларига эга бўлишини маълум қилди.

«Galaxy Note туркуми дастлаб 2011 йилда тақдим қилинган бўлиб, рақибларидан қатор мультимедиа функциялари, жумладан йирик форматли дисплей ҳамда смартфонга мўлжалланган илк "S Pen" қаламчаси билан ажралиб турган. Galaxy Note 8 эса "аждодлари"га қараганда янада илғор ва мультимедиа имкониятларига бой бўлади», - дейилади компаниянинг маълумотида.

Шунингдек, компаниянинг Австралиядаги бўлинмаси ўзининг интернет саҳифасида фаблет савдосига оид ҳужжатни ҳам эълон қилган. Унга кўра, гаджетга 25 августдан бошлаб аввалдан буюртма олинади. 

Ҳозирча компания бу имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот бермаган.

Норасмий маълумотларга кўра, Samsung Galaxy Note 8 йирик -- диагонали 6,3 дюйм бўлган Infinity Display экранига эга бўлади. Унинг томонлар нисбати Galaxy S8 каби, 18.5:9 ўлчамли ва  пикселлар сиғими Quad HD+ (2960 x 1440 пикселли) бўлади. 

Шунингдек,  фаблетга Qualcomm Snapdragon 835 ёки нисбатан илғор Snapdragon 836 (балки фирманинг Exynos 8895) процессори, 6 ГБ "оператив" хотира ҳамда 256 гигабайтгача бўлган доимий хотира ўрнатилади.

Galaxy Note 8 Samsung смартфонлари орасида 2 та модулли бош камерага эга бўладиган илк мобил алоқа воситаси бўлади. Инсайдерларнинг ёзишларича, бу модулларнинг бири 12 мегапикселли кенг бурчак остида, бошқаси 13 мегапикселли телефото-модул вазифасини бажарувчи бўлади. Шунингдек, бош камера объектни 3 карралик яқинлаштириш (iPhone 7 Plus каби) функциясига эга бўлади. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3300 мА соат бўлиши кутилмоқда. Samsung Galaxy Note 8 Android 7.1.1 Nougat тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

Galaxy Note 8'нинг 23 август куни Нью-Йоркдаги пресс-конференцияда расман тақдим қилиниши кутилмоқда. Унинг сентябрдан бошлаб сотилиши айтилмоқда. Ҳозирча нарх масаласида аниқ маълумот йўқ. Бироқ, фаблетнинг Samsung смартфонлари орасида энг қиммати бўлиши хабар қилинмоқда. Унга кўра, Galaxy Note 8'нинг баҳоси Кореянинг ўзида 1000 доллардан ошади ва жаҳон бозорига 1100 доллардан сотилади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.