Samsung Galaxy S смартфонлари: энг ёмонидан энг яхшисигача

Samsung Galaxy S смартфонлари: энг ёмонидан энг яхшисигача

Samsung'нинг Galaxy S серияси 2010 йил 4 июнь санасида илк бора тақдим қилинган. Кўпчилик «Android» сўзини эшитганда айнан мана шу линейка қурилмаларини кўз олдига келтиради.

ЎҚИНГ: Авлодлар силсиласи: Galaxy S'дан Galaxy S10'гача

Бироқ ҳамма смартфон ҳам бир хил даражада яхши ёки ёмон бўлмайди. Galaxy S сериясининг ўн бир йиллиги шарафига ҳар бир авлод Galaxy S флагманларининг энг ёмонидан энг яхшисигача бўлган рўйхатини тузишга қарор қилдик.

Биз смартфонлар мухлислар томонидан қандай қабул қилингани, уларнинг тижорий муваффақияти қандай бўлгани ҳамда ҳар бир моделнинг ўзига хос аҳамияти ўртасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилдик, қурилмаларнинг техник хусусиятларини инобатга олдик. Ушбу рўйхатда фақатгина асосий моделлар рўйхати келтирилган ва Galaxy S20 FE ёки Galaxy S4 Zoom каби кейинчалик чиқарилган иккиламчи моделлар инобатга олинмаган.

Қуйидаги рўйхат ва унинг таркиби борасида фикр ва қарашлар турлича бўлиши турган гап ва бу ушбу рўйхатнинг актуаллигини янада оширади! Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: қуйида санаб ўтилган смартфонлар бутун дунё ҳозиргача кўрган энг яхши ақлли телефонлардир. Шу боисдан ҳам энг яхшилар орасида энг ёмони бўлиш ҳам мақтовга арзигулик. Қани, кетдик!

12. Samsung Galaxy S6

2015 йилги Galaxy S6 бир неча сабабларга кўра муҳим қурилма бўлган. Ушбу моделдан бошлаб Galaxy S серияси худди iPhone'лар каби шиша панелли дизайнга ўтган. Шу билан бирга, S6'дан бошлаб Samsung Galaxy Sмартфонлари нархи iPhone'ларникига деярли тенглаштирилган. Бунга қадар Galaxy'лар Apple смартфонларига нисбатан анчайин арзон бўлган. Шундай бўлишига қарамай, Galaxy S6 бизнинг рўйхатда энг сўнгги ўринни эгаллади, сабаби янгича дизайнга эришиш учун Galaxy S5'даги кўплаб хусусиятлардан воз кечилган. Масалан, IP даражаси бўлмаган, аккумулятор корпусдан ажралмас эди, microSD карта қўллаб-қувватланмаган ҳамда аккумулятор сиғими анчайин кичик бўлган.

Афзалликлари:
• Премиум дизайн;
• Ўша пайт учун Exynos 7420 чипести анча кучли саналган;
• Бармоқ изи сканери унчалик ҳам ёмон эмасди;
• Маҳаллий симсиз қувват олиш (махсус зарядлаш қутиси талаб қилинмаган).

Камчиликлари:
• IP даражаси йўқ.

11. Samsung Galaxy S

Барчасининг дебочаси бўлмиш Samsung Galaxy S (ёхуд Galaxy S1) нинг техник жиҳатлари бугунги кун стандартларига кўра кулгили туюлиши мумкин. 1ГҲз частотага эга бир ядроли чипсет, 512МБ тезкор хотира, 480х800 аниқликдаги 4 дюймли экран шулар жумласидан. Бироқ буларнинг бари Android'нинг бошланғич даври учун жуда ҳам кучли техник жиҳатлар бўлган. Смартфоннинг катта камчиликлари қаторига хунук дизайн, ҳаддан ташқари ранг-баранг дастурий таъминот ва камера чироғининг йўқлиги кирган.

Афзалликлари:
• Chrome ҳали смартфонлар учун мавжуд бўлмаган пайтларда қойилмақом браузер;
• Ўша давр учун энг яхши ядро.

Камчиликлари:
• Аккумуляторнинг ишлаш муддати мақтарли даражада эмасди;
• Дизайн хунук бўлган.

10. Samsung Galaxy S2

Илк Android смартфонлардан бўлган ва яхши сайқалга эга бўлмаган Galaxy S1'дан бир йил ўтиб ҳозиргача мавжуд бўлган энг яхши Android смартфонлардан бири — Galaxy S2 олам юзини кўрди. Galaxy S2 мустаҳкам дизайн, корпусдан ажралувчи аккумулятор, OLED экран ва қурилманинг тез ишлашини таъминловчи техник жиҳатларга эга бўлган. Гарчанд иккинчи авлод Galaxy S смартфони Samsung'нинг Android оламидаги катта муваффақияти бўлган бўлса-да, қурилманинг рўйхатда юқори ўринлардан бирини эгалламаганлигига сабаб шуки, Samsung АҚШ ва унинг мобил оператор ҳамкорлари смартфоннинг ўта кўп версияси (Samsung Galaxy S2 Epic 4G Touch) ни яратганки, соф Galaxy S2 (GT-I9100) ни топиш сомон ичидан игнани қидиришдек гап эди.

Афзалликлари:
• Орқа камера iPhone'лар билан рақобатлаша олган;
• VGA ёки 1.3МП норма бўлган ўша пайтларда, 2МП селфи камера;
• OLED экран анчайин чиройли эди.

Камчиликлари:
• Аккумуляторнинг ишлаш муддати ўртача бўлган;
• Вариантларнинг ҳаддан ташқари кўплиги бозорда чалкашликларни келтириб чиқарган.

9. Samsung Galaxy S4

Galaxy S4 нафақат Samsung'нинг энг оммабоп Galaxy S қурилмаси бўлган, балким ҳозирга қадар энг кўп сотилган Android смартфон ҳамдир. Ваҳоланки, Galaxy S4 билан Samsung туб, бироқ кўпчиликка ёқмаган ўзгаришни амалга оширган. Энг катта камчилик TouchWiz интерфейси бўлган. Samsung бу билан интерфейс таркибига миллион хил кераксиз элементларни қўшиб қўйган. Бошни ҳаракатлантириш орқали экранни тепага-пастга суришнинг кимга кераги бор? Ёки кимдир олтита смартфон билан 5.1 каналли атроф овоз тизимидан ҳеч бир фойдаланганми?

Афзалликлари:
• Корпусдан ажралувчи аккумулятор ва microSD карта слоти;
• Кундуз пайти олинган тасвирлар сифати яхши;
• Аъло даражадаги дисплей.

Камчиликлари:
• Ҳаддан ташқари кўп функцияларга эга интерфейс;
• Дизайн борасида Galaxy S3.1'ни эслатади;
• Паст ёруғликда олинган тасвирлар сифати HTC One'никидан паст бўлган.

8. Samsung Galaxy S20

Афтидан, Galaxy S20 серияси смартфонларининг ҳар иккита яхши жиҳатига битта камчилик бор. Умуман олиб қараганда, кўплаб хусусиятлар, масалан, қойилмақом гибрид зум (Ultra'да эса перископ зум), чиройли 120Hz OLED экран, 5G, аккумуляторнинг яхши даражада ишлаш муддати ва 8K видео ёзув кабилар бор. Аммо смартфон учун 1,000 дан тортиб 1,400 долларгача бўлган бойлигингиздан кечишингизга тўғри келади. 100х Space Zoom камчиликларга эга ва S20 ёки S20 Plus'да телефото камера йўқ. Galaxy S20'лар, шунингдек, Samsung аудио жекдан маҳрум қилган илк Galaxy S моделлари ҳамдир. Шундай бўлса-да, смартфонлар 2020 йилнинг энг яхши премиум смартфонлари қаторидан ўрин эгаллаган ва Samsung'нинг давомли смартфон сулоласининг эътиборга лойиқ вакилларидан.

Афзалликлари:
• Ўз тоифаси смартфонлари орасида энг етакчи экран;
• 8K видео ёзув ва улардан 33МП кадрларни ажратиб олиш имконияти;
• 120Hz янгиланиш частотаси;
• Кўп функцияли камералар;
• Аккумуляторнинг ишлаш муддати яхши.

Камчиликлари:
• Ҳаддан ташқари қиммат нарх;
• Snapdragon ва Exynos вариантлар унумдорлиги ўртасида катта фарқ;
• Зум имкониятлари бўрттириб кўрсатилган;
• 3.5 мм аудио жек йўқ;
• Galaxy S20e модели мавжуд эмас.

7. Samsung Galaxy S21

Samsung'нинг 2021 йилги флагманлари Galaxy S20 сериясидаги анчайин камчиликларни бартараф этган, бироқ бир неча хатоликларга ҳам йўл қўйилган. Galaxy S21 моделлари Galaxy S20'ларга қараганда 200 доллар арзонроқ бошланғич нархга эга бўлиб, базавий S21 800 доллар, S21 Ultra эса 1,200 доллар нархга эга. Ultra модели бу ерда мақташга арзирли. У зумга ихтисослашган иккита камера (3х ва 10х), S Pen қўллаб-қувватланишига эга ҳамда асосий камераси S20 Ultra'дагидан фарқли ўлароқ автофокус муаммосига эга эмас. Аммо ушбу сериянинг бир неча камчиликлари ҳам йўқ эмас: S21'га пластик орқа панель ўрнатилган ҳамда S21 ва S21 Plus'лар QHD+ дисплейга эга эмас. Учала модель қадоғи таркибидан қувватлагич олиб ташланган, microSD карта слоти йўқ ва ультра тезкор қувватланиш имконияти мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, нархларнинг пасайгани ва Ultra моделининг анчайин такомиллашгани сабаб қурилмалар анчайин яхши сотилди.

Афзалликлари:
• Юқори янгиланиш частотасига эга яхши экран;
• Тасвир/Видео сифати аъло даражада;
• S20 моделларидан кўра арзон;
• S21 Ultra S Pen'ни қўллаб-қувватлайди.

Камчиликлари:
• microSD карта слоти йўқ;
• S21 ва S21+ QHD+ экранга эга эмас;
• Қувватлагич текин берилмайди;
• Galaxy S21 пластик панелга эга;
• S21 ва S21+ ларнинг камера, қувватлаш ва аккумулятори олдинги авлод қурилмалариникидан унча ўзгармаган.

6. Samsung Galaxy S9

Galaxy S9'ни, аслида, Galaxy S8.1 дейиш мумкин. Galaxy S8 эса Galaxy S7 билан ўхшаш. Қурилманинг шиша дизайни С8'ники билан бир хил эди, ички жиҳатлар ҳам деярли ўзгармаган. Galaxy S серияси биринчи марта иккита камерага эга бўлган бироқ бу фақат Galaxy S9 Plus'га жорий қилинган. Қолган апгрейдлар қаторига 960 кадр/сек. слоу-мошн видео ёзиш, қўш-диафрагмали асосий камералар ва тўлдирилган реаллик эможилари киради.

Афзалликлари:
• Супер слоу-мошн имконияти;
• Бармоқ изи сканери қулай жойда жойлашган;
• 3.5 мм аудио жек, IP68 ва симсиз қувватлаш.

Камчиликлари:
• Стандарт Galaxy S9'да фақат битта камера бўлган, тезкор хотира ҳажми кам эди;
• Дизайни S8'ники билан ўхшаш;
• Аккумулятор ҳажми S8'никидан ўзгармаган;
• Қўш-диафрагма функцияси қизиқ бўлган, лекин узоқ яшамади.

ЎҚИНГ: Ҳақиқий Samsung фанати бўлиш сизга қанчага тушади?

5. Samsung Galaxy S8

Samsung Galaxy S8 Bluetooth 5.0 га эга илк Galaxy эди. 2017 йилги аксар смартфонлар 18:9 ёки ундан юқорироқ форма факторли эди. Galaxy S8 оиласи ҳам бундан мустасно эмас эди. Қурилмалар анчайин чиройли OLED экран билан жиҳозланган. Samsung'нинг 2017 йилги дастлабки флагманларида бир қатор хусусиятлари, жумладан, DeX, Bixby овозли ёрдамчиси, кераксиз Bixby тугмаси ва кўзнинг рангдор пардаси сканери кабилар дебют қилинган. Аммо орқа панелдаги бармоқ изи сканери борасида бундай деб бўлмайди — сканерни камеранинг ёнига жойлаштириш ғоясини ким ўйлаб топган ўзи? Лекин Note 7'ларнинг портлай бошлаганидан бир неча ҳафта ўтганидан сўнг Galaxy S8 смартфони Samsung ҳали ҳам саноат етакчиси эканлигини исботлади.

Афзалликлари:
• Бир неча кадрли тасвирни қайта ишлаш функцияси сабаб такомиллашган тасир сифати;
• Моддий тугма ўрнига 3D Touch уй экрани ойнаси жорий қилингани ёқимли ўзгариш бўлган.

Камчиликлари:
• Бошқа рақобатчилар бир йилдан бери қўшкамерали телефонлар чиқараётган айни дамда қўшкамеранинг мавжуд эмаслиги;
• Аввалига Bixby тугмаси функциясини ўзгартириш мумкин бўлмаган;
• Бармоқ изи сканери жойлашуви ноқулай эди;
• Аккумуляторнинг ишлаш муддати ўртача бўлган.

4. Samsung Galaxy S3

Galaxy S/Galaxy S1 янги серияни бошлаб берган, Galaxy S2 эса Samsung'нинг камераси Apple билан рақобатлаша олишини кўрсатган бўлса, Galaxy S3 компаниянинг янгича флагманлари чўққиси эди. Galaxy S3 нафис пластикли дизайн, қайта ишланган ва табиатдан илҳомланган TouchWiz UI интереси, бир неча ёқимли функциялар (масалан, экранни ёниқ ушлаб туриш учун Smart Stay, қалқиб турувчи видео плейер) ва қурилманинг тезкор ишлашини таъминловчи аппарат таъминотига эга бўлган. Буларнинг барчасини бирлаштирганда, ҳам сифат борасида, ҳам сотувлар борасида iPhone қотили бўлган илк Galaxy Sмартфони ҳосил бўлади.

Афзалликлари:
• Кучли аппарат таъминоти;
• Корпусдан ажралувчи аккумулятор ва microSD карта қўллаб-қувватланиши;
• Юқори сифатли камера;
• Бир қатор фойдали функциялар.

Камчиликлари:
• TouchWiz UX бошқа Android интерфейсларчалик равон ишламаган;
• Пластик корпус металл ёки шишадек премиум эмасди.

3. Samsung Galaxy S10

2019 йилги Galaxy S10 оиласида ҳар қандай мижоз учун мўлжалланган таклиф топилган. Арзонроқ Galaxy S10e'дан тортиб, барча юқори даражадаги функцияларга эга Galaxy S10 Plus ёки янада замонавийроқ 5G моделгача исталган чўнтак ва дид учун муқобил бор эди. Компаниянинг ушбу «ҳар ким учун нимадир» йўсинидаги ёндашуви сабаб тарихдаги энг яхши Galaxy флагманлари олам юзини кўрган. Ушбу линейкадан бошлаб Samsung биринчи марта сериянинг барча смартфонларига бирдан ортиқ камера ўрнатишни бошлаган. Бунга қадар LG, Huawei ва Xiaomi каби компаниялар бир неча йиллардан бери ушбу амалиётни жорий қилиб келаётган эди. Нафис кемтик камерали дизайн, One UI интерфейсининг тақдимоти, гўзал OLED экран ва бошқалар смартфонларнинг эътиборли жиҳатлардан эди.

Афзалликлари:
• Барча моделларда серқирра камералар жамланмаси;
• Нархи нисбатан арзон бўлишига қарамай қойилмақом техник хусусиятларга эга Galaxy S10e;
• IP68 даражаси ва симсиз қувватлаш.

Камчиликлари:
• Камералар сифати яхши эди, аммо зўр эмасди (айниқса, тунда);
• Кўплаб рақобатчиларга таққослаганда 15 ватт қувват олиш тезлиги секин;
• Экраности бармоқ изи сканери яхши ишламаган.

2. Samsung Galaxy S5

2014 йил смартфонлар оламида энг зўр йил бўлганми? Агар шундай бўлса, бунда Galaxy S5'нинг ҳам ўрни беқиёс. Ушбу смартфон билан Samsung саноатдаги аъло даражадаги қурилмани тақдим этган. Galaxy S5 асосий Galaxy флагманлари орасида сувдан ҳимояга эга энг биринчи қурилма эди, лекин айнан дамда аккумулятор корпусдан ажралар эди бўлди ва microSD карта қўллаб-қувватланган. Galaxy S5, шунингдек, 4K видео олишга қодир илк Samsung смартфонларидан бўлган (Galaxy Note 3'дан кейин). Бундан ташқари, самртфоннинг реал вақт режимидаги HDR имконияти ҳам мақташга арзирли жиҳатлардан бўлган.

Афзалликлари:
• Сувдан ҳимоя;
• Корпусдан ажралувчи аккумулятор ва microSD кқўллаб-қувватланиши;
• Юқори даражадаги тасвир сифати ва реал вақт режимида HDR.

Камчиликлари:
• Бармоқ изи сканеридан фойдаланиш учун свайп қилиш керак бўлган;
• Сувдан ҳимоя учун microSD порти учун махсус пластик ёпкич керак бўлган.

1. Samsung Galaxy S7

Galaxy S6'нинг барча камчиликларини бартараф этган ва айни дамда тарихдаги энг яхши Galaxy Sмартфони — бу Galaxy S7'дир. Катта сиғимли аккумулятор керакми? Бор. Сувдан ҳимоя дейсизми? Бор. microSD слоти ҳам керакми? Албатта, бор. Бундан ташқари, Galaxy S7 серияси 12МП кучли асосий камера, (iPhone'ники билан бир хил) 240 кадр/сек. слоу-мошн ва тезкор аппарат таъминотига эга бўлган. Шундай қилиб, ҳозиргача тақдим қилинган Galaxy S'лар орасида энг яхшиси деб Galaxy S7 смартфонини айтиш мумкин.

Афзалликлари:
• Сувдан ҳимоя;
• Симсиз қувватланиш;
• microSD карта слоти;
• Юқори сифатли фото/видеолар.

Камчиликлари:
• Шиша панель бармоқ изларини ўзида ушлаб қолади;
• Кўплаб рақобатчилар USB-C'га ўтиб бўлган бир пайтда microUSB порти.

ЎҚИНГ: Samsung ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!