Samsung Galaxy S7`нинг тақдимот санаси маълум бўлди

Samsung Galaxy S7`нинг тақдимот санаси маълум бўлди

Гаджетлар дунёсида янги қурилмалар ҳақидаги миш-мишлар кўпайиб бормоқда. Янгиликка ташна одамларнинг ахборий эхтиёжларини яхши англаган манбалар, асосли ёки асоссиз, қатъий назар, турли маълумотларни тармоқ орқали “сиздирмоқда”.

Twitter тармоғидаги @Ricciolo1 номли фойдаланувчининг тасдиқлашича, Samsung Galaxy S7 смартфони 2016 йилнинг 21 февралида бўладиган Galaxy Unpacked 2016 конференциясида жамоатчиликка тақдим қилинади. Инсайдернинг қайд этишича, компания Samsung Galaxy S7 январь ойида тақдим қилиниши ҳақидаги гапларни “эсдан чиқарди”.

Мутахассислар янги қурилманинг экрани таъсирчан технология (3D Touchга ўхшаш) асосида бўлиши, шунингдек, USB Type-C порт билан таъминланишини тахмин қилишганди. Қолаверса, Samsung Galaxy S7 магний қопламали корпус, қўш камера (20 МП), кучайтирилган аудиотизимга эга бўлади ва «премиум» ҳамда «суб-премиум» версияда ишлаб чиқарилиши мумкин.

Қизиғи шундаки, @Ricciolo1 исмли фойдаланувчи ўзининг 27 августда Twitterда “Ушбу санани эслаб қолинг” деб ёзганида Samsung Galaxy S7 смартфонининг тақдимот вақтига ишора қилганини айтган.

Айтиш жоиз, келаси йилнинг 21 феврали ўзига хос аҳамиятга эга. Яъни 22-26 февралда йирик тадбир—MWC 2016 (Mobile World Congress) ўтказилиши режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, компания Samsung Galaxy S7 смартфонини тадбирнинг ҳақиқий “юлдузи”га айлантириш мақсадида тақдимотни айнан 21 февраль санасида ўтказишни ният қилган бўлиши мумкин, дейди мутахассислар.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!