Samsung Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge чиқиши биланоқ 5 миллионтасини сотмоқчи

Samsung Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge чиқиши биланоқ 5 миллионтасини сотмоқчи

Samsung компанияси ўзининг янги топ смартфони –  Galaxy S7`га катта миқдорда талаб бўлишини ҳисоб-китоб қилмоқда. Бу ҳақда Electronic Times манбаси хабар бермоқда.

Нашрнинг компанияга яқин ахборот манбасига асосланиб маълум қилишича, смартфонлар намойиши 2016 йилнинг февралида бўлиб ўтади, дастлабки партия эса 5 миллион дона гаджетни ўз ичига олади. Улар 5,2 дюймли ясси экранга эга Galaxy S7 ва 5,5 дюймли эгилган дисплей билан таъминланган Galaxy S7 Edge`дан иборат бўлади.

Хусусан, смартфонлар намойиши вақтига Samsung 3,3 млн дона Galaxy S7 ҳамда 1,6 млн.та Galaxy S7 Edge`ни тайёрламоқда. Бошқа сўз билан айтганда, корейслар ясси экранли Samsung Galaxy S7 ўзининг эгилган экранли “тенгдош”идан икки баробар кўпроқ сотилишини ҳисоблаб чиққан.

Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge ранг сканерига эга бўлиб, бозорда 8 ядроли Samsung Exynos 8890 ва Snapdragon 820 чиплари (ҳудудига қараб) билан пайдо бўлади. Смартфонлар ESS Technology компаниясининг овоз сифатини ошириб берадиган Sabre 9018AQ2M аудиочиплари, 4 ГБ оператив хотира, тасвирларни оптик барқарорлаштирувчи 20 мегапикселли камера, хотира карталари учун microSD слоти ва USB-C уланиш порти билан таъминланади.

Тахминий маълумотларга кўра, Samsung Galaxy S7 ва 22-25 февраль кунлари Барселонада тақдим этилади. Айрим манбалар смартфонларнинг 700 доллардан сотилиши тўғрисида хабар берган.