Samsung Galaxy S8 ҳақида 8 та тахмин

Samsung Galaxy S8 ҳақида 8 та тахмин

Жанубий Корея технология гиганти томонидан навбатдаги флагман – Galaxy S8 моделининг тақдимотига ҳали 4 ой атрофида вақт бўлишига қарамай, интернет тармоғидаги кўплаб етакчи нашрларда мазкур флагман тўғрисида бир қатор тахминлар илгари сурилмоқда. Албатта, билдирилаётган тахминларнинг аксарияти моделнинг техник параметрлари билан боғлиқ. Баъзи тахминлар, айниқса, анча ҳақчил кўринмоқда. Келинг улар билан қуйида танишиб чиқамиз.

  1. UHD аниқлигидаги экран. Samsung компанияси Galaxy S8 смартфонига 4К аниқлигидаги экранни татбиқ этиши истисно қилинмаяпти. Мазкур аниқлик даражасида 2160 х 3840 пиксель жамланади. Таққос учун Galaxy S7 экранида 1140 х 2560 пиксель мавжуд.
  2. VRфункцияси. Баъзи миш-мишларга кўра, компаниянинг навбатдаги смартфони ҳеч қандай ташқи виртуал реаллик аксессуарларисиз VR-функциясини қўллаб-қувватлаши мумкин. Бироқ ушбу тахмин бироз ҳақиқатга яқин эмас. Чунки бу функция батарея қувватини одатдагидан анча тез сарф этади.
  3. Gorilla Glass 5. Мутахассисларнинг фикрича, Galaxy S8 Gorilla Glass 5 сериясидаги дисплей ҳимоясига эга бўлиши мумкин. Мазкур дисплей ҳимоя технологияси 2017 йилнинг бошида Барселонада ўтказиладиган MWC-2017 кўргазмасида намойиш этилади.
  4. 10 нанометрли процессор. Sammobile нашрида олдинроқ чоп этилган ахборотга кўра, Galaxy S8 смартфони 10 нанометрли Exynos 8895 процессорида ишлаши мумкин. Бундай технологиядаги процессор телефоннинг унумдорлигини бир неча баробар оширади.
  5. Mali-G71 график адаптери. Яна Sammobile нашрида келтирилган маълумотда янги флагманга Mali-G71 график адаптери ўрнатилиши кутилмоқда. Унинг такт частотаси 850 МГцни ташкил қилиши мумкин. Бу график адаптер Qualcomm Snapdragon 830 процессорида қўлланадиган Adreno чипидан ҳам кучли эканлиги тасдиқланган.
  6. Гидрофоб дисплей. Агар сўнгги Samsung флагманлари (Galaxy S7, Galaxy Note7) IP68 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояланган бўлса, навбатдаги флагман супергидрофоб дисплейга эга бўлиши мумкин. Бундай дисплейлар ўзидан суюқликни итариш қобилиятига эга бўлиб, қурилмани нафақат сувдан, балки турли кислота ва кимёвий моддалардан ҳам ҳимоя қилади.
  7. Наушник слотининг (3,5 мм) олиб ташланиши. Шу йилнинг сентябрь ойида тақдим этилган iPhone 7 ва iPhone 7 Plus каби Galaxy S8 моделида ҳам 3,5 миллметрли наушник слоти олиб ташланиши мумкин. Бунинг ўрнига смартфонга USB Type C технологияси қўлланилади.
  8. Қўш камера. Ушбу тахмин анча ҳақиқатга яқин. Нега дейсизми? Чунки компания iPhone 7 Plus, Huawei Mate 9, Xiaomi Mi5S Plus каби флагманлар билан курашиш учун навбатдаги смартфонга иккита асосий камера ўрнатиши мумкин. Таъкидлаш керак, Galaxy S7 флагмани камерасида қўлланилган Dual Pixel технологияси мобил саноатда катта ҳодиса бўлди. Агар компания мазкур технологияни қўш камераларга жорий этса, камера ишининг сифати янада кучаяди.

 Юқоридаги тахминлар интернет тармоғидаги етакчи технология нашрлари ва оддий фойдаланувчиларнинг тахминлари асосида ёзилган. Уларнинг баъзилари навбатдаги Samsung флагманига татбиқ этилиши мумкин. Баъзиларининг кейинга сурилишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам, Galaxy Note 7 билан содир бўлган фиаско натижасида Жанубий Корея технология гиганти халқаро бозорда озми-қўпми ўз обрўсини йўқотди. Энди компания ўзига тегишли мавқени қайта тиклаш учун кучли инновацияларга бой смартфон яратмаса бўлмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!