Samsung Galaxy S8’нинг нархи маълум қилинди

Samsung Galaxy S8’нинг нархи маълум қилинди

Интернет тармоғидаги бир қатор ахборот технологиялари нашрлари томонидан Жанубий Кореянинг Samsung компанияси тақдим этишни режа қилаётган навбатдаги Galaxy S8’нинг қимматбаҳо смартфонлар қаторидан жой олиши тўғрисида хабарлар эълон қилинмоқда. Унга кўра, компания бу “ақлли телефон”нинг бошланғич талқини учун 885 АҚШ доллари, юқори талқини учун 943 доллар сўрайди. Корея Республикаси ва Хитойда мазкур гаджетнинг 6 ГБ оператив хотира ҳамда 64 ГБ ёки 128 ГБ қўшимча хотирага эга талқини сотилади. Европа ҳамда жаҳоннинг бошқа смартфон бозорларида 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ қўшимча хотирага эга Samsung Galaxy S8 сотилади.

Экспертларнинг фикрича, Samsung Galaxy S8 икки версияда ишлаб чиқарилади, яъни 5,8 дюймли ҳамда 6,2 дюймли дисплейга эга талқинларда. Ҳар иккала талқин икки ёнга қайрилган AMOLED туридаги дисплейга эга бўлади. Улар Quad HD (2560 x 1440 пикселли) сиғимли бўлиб, 3D Touch функциясини қўллаб-қувватлайди. Яъни, экран бармоқнинг зарбига кўра, муайян буйруқни амалга оширади.

Samsung Galaxy S8 экран қуйисидаги марказий “Home” тугмасидан “маҳрум” қилинган. Мазкур тугмага смартфоннинг орқа панелидан, камера туйнуги қаторидан жой ажратилган. Унда бармоқ излари сканери жойлаштирилган.

Samsung Galaxy S8 12 Мп бош, 8 Мп олд камераларга эга. Уларнинг апертураси, яъни ёруғлик ўтказувчи диафрагма ҳажми f1.7. Селфи камераси билан ёнма-ён жойлашган сенсор кўзнинг рангдор пардасини сканер қилади. Мазкур функция Galaxy Note 7’да ҳам татбиқ қилинган эди. Орқа камера OCR, белгиларни оптик тушуниш технологиясига эга. Яъни, бу технология ёрдамида белги, сурат ёки ҳужжатларни таҳрири қилиш учун сўзларга айлантириш мумкин.

Шунингдек, Samsung Galaxy S8 смартфонида Bixby номли сунъий ақл ёрдамчиси жорий қилинади ва уни овоз ёрдамида бошқариш мумкин. “Ақлли телефон”да USB Type-C ва анъанавий 3,5-мм.ли портлар мавжуд бўлади.

Аппаратнинг “юраги” бўлиб Qualcomm Snapdragon 835 ёки Samsung Exynos (смартфон сотиладиган ҳудуддан келиб чиқиб) процессорлари хизмат қилади. Девайсда microSD хотирани кенгайтириш бўлмачаси ҳам бўлади. Смартфон аккумулятори талқинидан келиб чиқиб, 3000 ҳамда 3500 мА соат бўлади. Samsung Galaxy S8’нинг сув ҳамда чанг таъсирига бардошли бўлиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!