Samsung Galaxy S8 тақдимоти вақтини маълум қилади

Samsung Galaxy S8 тақдимоти вақтини маълум қилади

Samsung Electronics компанияси жорий йилнинг 27 февраль — 2 март кунлари Барселонада бўлиб ўтадиган MWC-2017 Жаҳон Мобиль Конгрессининг биринчи кунида ўзининг навбатдаги Samsung Galaxy S8 флагманининг тақдимоти билан боғлиқ расмий маълумотни эълон қилади. Бу тўғрида журналистларга Samsung’нинг мобиль воситалар бўйича бўлинмаси бошлиғи Коҳ Дон Жин хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, Samsung кўргазмадан бир кун аввал, яъни 26 февралда тақдимот ўтказишни режалаштирмоқда. Бу тақдимотда компания бошқа ахборот технологиялари маҳсулотларини намойиш қилиш қаторида Galaxy S8 тўғрисида маълумот берувчи қисқа видеони ҳам эълон қилади.

Инсайдерларнинг ёзишларича, Samsung Galaxy S8 икки талқинда — 5,8 дюйм ва 6,2 дюйм диагоналли дисплейларда ишлаб чиқарилади. Ҳар иккала версияда AMOLED туридаги экрандан фойдаланилади. Улар икки ёнга қайрилган экранга эга бўлишади. Экранларнинг томонлар нисбати 18,5:9, сиғими эса Quad HD (2560 x 1440 пиксель сиғими) бўлади. Экран 3D Touch функциясига эга бўлади. Яъни, у чертиш зарбининг даражасига кўра ҳам фойдаланувчидан буйруқ қабул қилади.

Ушбу Galaxy бошқаларидан олд панели билан ажралиб туради. Яъни, унинг олд панели тугмалардан тозаланиб, бош тугма орқадаги камера қаторидан ўрин эгаллаган. Бу тугмага бармоқ излари сканери ўрнатилган.

Samsung Galaxy S8 гаджети 12 Мп сиғимли бош, 8 Мп олд камера билан таъминланади. Уларнинг ёруғлик ўтказиш апертурасининг ҳажми f1.7 бўлади. Селфи камера қаторида яна бир шахсни тасдиқлайдиган сенсор бўлиб, у кўзнинг рангдор пардасини фарқлай олади. Бу сканер Galaxy Note 7’да ҳам татбиқ қилинган эди. Орқа камера, шунингдек “визуаль қидирув” технологиясига эга, яъни турли белги ва рамзларни фарқлай олади.

Янги флагманнинг аппарат таъминоти Qualcomm Snapdragon 835 ёки Samsung Exynos 8895 процессорига уланган. Унинг тезкор хотираси 4 ёки 6 ГБ бўлади. Телефондаги 64 ГБ доимий хотирани microSD флешкаси орқали 256 ГБ.гача кенгайтириш мумкин. Смартфон аккумулятори кичик талқинда 3250 мА соат, катта талқинда 3600 мА соат бўлади. Уларда тезкор қувват олдириш тизими мавжуд.

Самарадорлик учун Android 7.1.1 Nougat операцион тизими масъул. “Ақлли телефон”лар чанг ва сувдан “қўрқмайди”. Смартфон 4G LTE, икки диапазонли Wi-Fi (ac/b/g/n), Wi-Fi Direct, Bluetooth, GPS, NFC алоқа тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Гаджетларда 3,5 мм аудио порт сақлаб қолинган. Шунингдек, корпусда USB Type-C порти ҳам мавжуд.

Норасмий маълумотларга кўра, Samsung Galaxy S8’нинг расмий тақдимоти 29 март куни Нью-Йоркда бўлиши кутилмоқда. “Ақлли телефон” 24 апрель ва 30 апрель оралиғида сотувга чиқади. Европада 5,8 дюймли Samsung Galaxy S8 телефони 799 доллар, 6,2 дюймли версияси 899 евродан сотилиши хабар қилинмоқда. Яъни, у Samsung Galaxy S7 алоқа воситасидан 100 еврога қимматроқ бўлиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.