Samsung Galaxy Watch Active 2'нинг илк расмлари пайдо бўлди

Samsung Galaxy Watch Active 2'нинг илк расмлари пайдо бўлди

Samsung феврал ойида Galaxy Watch Active ақлли соатини тақдим қилган эди. Энди компания ўз мижозларини смарт соатнинг иккинчи авлоди билан хурсанд қилмоқчи кўринади.

Компания шартли номи "Ренесанс"  бўлган Galaxy Watch 2 устида иш олиб бораётганлиги ҳақида айтилмоқда.

SamMobile интернет нашри соатнинг расмларини эълон қилди.

Гаджет дизайни Galaxy Watch Active'никига жуда ҳам ўхшаш бўлиб, зангламас пўлатдан қилинган нафис дизайнли ром ва катта дисплейга эга; девайсда механик ҳаракатланувчи "қўлчалар" мавжуд эмас.

Тахминларга кўра, Active линейкасининг иккинчи авлод ақлли соати икки хил ўлчамда: биринчиси, айланасига 40 мм, бошқаси эса 44 мм катталикда бўлиши кутилмоқда. Уларда, шунингдек, бош экран ва ортга қайтиш тугмалари кўриниши ҳам қайта ишланган бўлади.

Бош экранга қайтиш/қувват тугмаси айлана шаклида бўлиб, чети қизил рангли чизиқ билан қопланган. Худди шундай дизайн Аппле компаниясининг LTE версияли Apple Watch'ида ҳам қўлланилган.

Ортга қайтиш тугмаси эса, бош экран тугмасидан фарқланиши учун, тўртбурчаксимон шаклда тайёрланган.

SamMobile'нинг таъкидлашича, соатнинг орқа томонида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилади. Пулс сенсори атрофига гардиш ўрнатилган.

Яна айтилишча, қурилманинг⁠ (аккумулятор сиғими 340 мА/соат бўлган⁠) LTE версияли ва фақатгина Wi-Fi билан ишловчи (237 мА/соат аккумуляторли) икки кўриниши тақдим қилинади.

Юқорида тўхталиб ўтганимиз икки тугма ўртасига микрофон ҳам жойлаштирилган, бу эса соатнинг ўзидан тўғридан тўғри қўнғироқлар амалга ошириш имкони мавжуд бўлади, деганидир.

Бизга ҳозирча қоронғу бўлиб қолаётган жиҳат смарт соатнинг тақдимот санасидир.

Samsung яқинда Galaxy Note 10 тақдимоти 7 августда ўтказилишини маълум қилди. Планшетофон билан бирга бу санада қандайдир соат ҳам намойиш қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас, бироқ бу соат Galaxy Watch Active 2 эмас, балки Galaxy Watch Active'нинг LTE версияси бўлиши мумкин.

Galaxy Watch Active соатларининг биринчи модели атиги тўрт ой олдин тақдим қилинганини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, иккинчи авлод гаджети бу йил эмас, кейинги йилнинг феврал ойига яқин сотувга чиқиши эҳтимоли бор.

ЎҚИНГ: Apple Watch’даги янги функция 87 яшар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!