Samsung ҳамёнбоп Galaxy M31’ни тақдим этди: қаранг-чи, «мегамонстр» дейишга арзирмикан?

  •   DiMaX
  •  6267
  •  25.02.2020 17:13

Samsung ҳамёнбоп Galaxy M31’ни тақдим этди: қаранг-чи, «мегамонстр» дейишга арзирмикан?

Ўзи ваъда қилганидек, Samsung бугун – 25 февраль куни Ҳиндистонда ўзининг Galaxy M31 смартфонини намойиш этди. Дунёдаги етакчи смартфонсоз ушбу моделини тақдимотдан олдин «мегамонстр» деб роса мақтаганди.

ЎҚИНГ: Samsung иккита ҳамёнбоп смартфонини Android 10’га эртароқ янгилай бошлади

Ўтган йилги Galaxy M30 билан солиштирганда, янги смартфонда аккумулятор ва камера янада яхшиланган. Батарея ток сиғими – нақ 6000 мА/соатлик, тағин 15 ваттлик тезкор қувватлагич ҳам жамланманинг ўзига киритилган. Компаниянинг таъкидлашича, унинг битта тўла қуввати 21 соат интернетда кезишга, 26 соатгача видео ижро этишга, икки кунлик сўзлашувларга ва 119 соат мусиқа тинглашга етади!

Galaxy M31 бош камераси тўртбурчак блокка олинган бўлиб, бу жиҳатдан Galaxy S20, Galaxy S20 Plus ҳамда Galaxy S20 Ultra флагманларини эслатади. Блокда тўртта модул ҳамда фоточақноқ жойлашган: 64 мегапикселлик асосий датчик (f/1,8); 8 МПлик ультра кенг бурчакли модуль (кўриш бурчаги 123 даражали, диафрагмаси f/2,2); 5 МПлик чуқурлик датчиги (f/2,2) ҳамда 5 МПлик макромодул (f/2,2).

Дисплейдаги кемтикда эса 32 мегапикселлик селфи-камера модули жойлашган.

ЎҚИНГ: Galaxy S20, S20+ ва S20 Ultra’ларнинг барча фарқларини биттада кўриб чиқамиз

Galaxy M31 диагоналига 6,4 дюймлик, томчисимон кемтикли – Infinity-U турига мансуб Super AMOLED дисплейга эга. Экраннинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, яъни 2340х1080 пикселлик.

Samsung ушбу қурилмасида ўзининг Exynos 9611 процессорини қўллаган, унга 6 гигабайтлик тезкор хотира ҳамроҳлик қилади. Смартфон доимий хотираси 64 ҳамда 128 гигабайтлик конфигурацияларда таклиф этилади. Яна гибрид слотда иккинчи SIM-карта ўрнига microSD-карта қўйиш имкони ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: Бу смартфондан олсангиз, смарт-соат, симсиз қулоқчин ва ғилоф ҳам қўшиб беришади! (+видео)

«Мегамонстр» корпуси пластикдан ишланган бўлиб, бармоқ изи сканери учун унинг орқа панелидан жой ажратилган. Яна қулоқчин учун стандарт 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳамда замонавий USB Type-C порти ҳам мавжуд. One UI 2.0 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизимли Galaxy M31 яна Bluetooth 5 интерфейси билан ҳам мақтана олади.

Компания ушбу гаджетининг 6/64 ГБ тезкор/ички хотирага эга варианти учун тахминан 209 АҚШ доллари, 6/128 гигабайтлиги учун эса деярли 223 доллар миқдорида нарх белгилаган. Ҳиндистонда уни 5 мартдан бошлаб, кўк ва қора корпусларда сотувга чиқаришади, кейинроқ эса Galaxy M31 бошқа бозорларда ҳам пайдо бўлади.

ЎҚИНГ: Samsung ҳали тақдим этмаган «мегамонстр» аллақачон сотувда: нархи, хусусиятлари ва «жонли» видеоси!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!