Samsung интернетга кира олмайдиган Galaxy J2 Pro смартфонини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1914
  •  14.04.2018 17:20

Samsung интернетга кира олмайдиган Galaxy J2 Pro смартфонини тақдим этди

Фарзандингиз учун смартфон танлаётиб, у орқали нобоп сайтларга кириши, ёки билар-билмас интернетдан бирор нарсаларни кўчириб олиши, шу туфайли ҳисобидаги маблағлар тез тугаб кетиши мумкинлигидан хавотирланганмисиз? Сиз каби мижозларини ўйлаб, жанубий кореялик техногигант интернетга умуман кира олмайдиган смартфон тақдим этди.

Samsung’нинг куни кеча намойиш этилган ушбу смартфони Galaxy J2 Pro (2018) деб номланади. Бу қурилма Wi-Fi модулига эга эмас, шунингдек, унда уяли тармоқ орқали маълумот алмашиш (яъни, SIM-карта орқали интернетга кириш) имкони ҳам йўқ. Бироқ буларнинг йўқлиги смартфоннинг камчилиги эмас, балки айнан ижобийлиги, ўзига хослиги сифатида талқин этилаётир.

ЎҚИНГ: Maps.Me хариталарига интернетсиз ишловчи тайёр йўналишлар киритилди

Galaxy J2 Pro (2018) биринчи навбатда кексаларга мўлжалланган: улар барибир интернетдан фойдаланишмайди, телефонга турли иловаларни ўрнатиб олишмайди. Шунингдек, билиб-билмай смартфоннинг бирор пулли функциясини ёқиб қўйишдан чўчиб туришади. Шундай отахону онахонлар Samsung’нинг ушбу янги телефонини бемалол ишлатишлари мумкин.

Шунингдек, ўқувчи ва талабаларга ҳам Galaxy J2 Pro (2018) жуда қўл келади. Бунақа смартфон билан улар дарс қилиш ўрнига сайтларда кезиб, ижтимоий тармоқ ёки мессенжерларда гап сотиб ўтира олишмайди.

Интернетсиз смартфоннинг техник хусусиятлари бошланғич даражада. Унга диагонали 5 дюймлик AMOLED-экран ва 4 ядроли Snapdragon 425 процессори ўрнатилган. Тезкор хотираси 1,5 гигабайт, доимий хотираси 16 гигабайт ҳажмга эга, яна microSD форматидаги хотира картаси учун бўлмача ҳам бор.

Galaxy J2 Pro (2018) асосий камераси 8, селфи-камераси эса 5 мегапикселли. Аккумулятор сиғими 2600 мА/соатга тенг. Бу қурилма овозли қўнғироқлар ва SMS-хабарларни қўллаб-қувватлайди, яна ўзига ўрнатилган иловалар билан ишлай олади (улар орасида луғат ҳам бор). Қўшимча иловаларни смартфонга хотира картаси орқали ўрнатиш мумкин.

ЎҚИНГ: Интернетсиз ишлайдиган мобил луғат

Интернетсиз смартфон тўрт хил – қора, кўк, пушти ва тилларанг тусли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда. Galaxy J2 Pro (2018) Жанубий Кореяда 13 апрелдан 199 000 вон (тахминан 185 АҚШ доллари) нархида сотувга қўйилган. Унинг бошқа мамлакатларга ҳам етказиб берилиши хусусида ҳозирча маълумот йўқ.

Аммо Samsung’нинг бошқа кўплаб моделлардаги смартфонлари ўзимизда ҳам катта талаб билан сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Бутун Ўзбекистон бўйича етказиб бериладиган Galaxy S9+ ва бошқа Samsung смартфонлари нархлари (2018 йил 2 апрель)

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.