Samsung J3 (2017) сотувга чиқди: пулни тежаймизми?

Samsung J3 (2017) сотувга чиқди: пулни тежаймизми?

"Galaxy J" туркумининг 2017 йилда ишлаб чиқарилган энг арзон моделларидан бири  —  айни пайтда халқаро смартфон бозорида 215 АҚШ долларидан сотилмоқда. Металл корпус, орқа панелда антенна учун пластик улоқлардан фойдаланилган смартфон дизайни кўринишдан Samsung'нинг ҳамёнбоп смартфонларини эслатиб юборади: камтарин ва ихчам, йиғилиши пишиқ, Samsung гаджетлари орасида бу қадар мустаҳками камдан-кам.

Бироқ смартфон эҳтиёткорликка муҳтож: металл ўта нозик, орқа панел осон қирилиши мумкин. Олд панел ҳам ноиз, бармоқ излари ва доғ-дуғга қарши плёнка қопламаси мавжуд бўлса ҳам, у қадар идеал деб бўлмайди.   

 

Экран: у қадар ҳам, яъни флагманларники каби сифатли AMOLED деб бўлмайди

Дисплей диагонали ўртача — 5 дюйм. Унинг пикселлар сиғими пулига яраша -- HD (баъзи суратларда пикселлар кўриниб туради). Экран матрицаси — SuperAMOLED. Смартфоннинг "катта акалари" J5 ва J7 смартфонларида ҳам SuperAMOLED матрица бўлса-да, J3 экрани билан солиштириб кўрганда, ҳамёнбоп талқиндаги матрица сифати яққол кўринади: тасвир акс этиши экран марказида ва бурчакларида 2 хил, ранг-тасвир узатиши юқори даражада эмас. Дисплей ёрқинлиги ҳам барчани хурсанд қилмаслиги мумкин, қуёш нури остида экран ўзини йўқотиб қўяди. Бу ўринда ҳамёнбоп ишлаб чиқаришда пешқадам бўлган Xiaomi ёки Meizu каби, нисбатан арзон, аммо сиатли бўлган IPS матрицадан фойдаланилган яхши эди.


Тормоз"ланиш кузатилади

Ҳамёнбоп ҳақида гап кетганида, қотиб қолишлар ва узилишлар Samsung'нинг тежамкор смартфонлари учун глобал муаммо. Гарчи, смартфонда энг янги — 7-авлод Android операцион тизими жорий қилинган бўлса ҳам, дастурларнинг тезкор ишлаши фойдаланувчини қониқтирмаслиги мумкин.

Сабаби — процессор кучсизроқ. Galaxy J3 самарадорликда ўзидаги 4 ядроли Exynos 7570 ёки Qualcomm Snapdragon 4хх процессори, 2 гигабайтли тезкор хотираси билан мақтана олмайди.

Стерео овоздан умид қилмаса ҳам бўлади, карнайнинг овоз узатиши у қадар баланд эмас, бироқ тоза ва аудио қулоқчинларда яхши янграйди.

Доимий хотира минимал — 16 ГБ, шу билан бирга microSD хотира флешкаси учун бўлмача мавжуд. Бу бўлмачага 2 та сим-карта ҳамда улар билан бирга битта хотира картасини жойлаштириш мумкин. 

 

Аккумулятор сиғими ва қувватдорлик

Аккумулятор бор-йўғи 2400 мА соат бўлса ҳам, унинг тўлиқ қувват билан ишлаш вақти — қойилмақом! Смартфон тўлиқ қувват билан видеони 10 соат давомида ижро этиши мумкин. J3 (2017) смартфонида ўйинларни узоғи билан 5 соат мобайнида узлуксиз ўйнаш мумкин. Умуман олганда, бу кучсиз процессор ҳамда тежамкор AMOLED  экранга хос натижа.

Аммо, хурсанд қиладиган томони -- смартфондан ўртача, меъёрида фойдаланганда уни ҳар куни қувватлаш талаб қилинмайди. Бу эса кўпчилик учун айни муддао. 

 

Камера оддий, бироқ атофокус аниқ ишлайди

Samsung Galaxy J3 камералари — 13 мегапикселли бош камера f/1,9 апертурага эга ҳамда олд камера 5 мегапикселли бўлиб, f/2,2 ёруғлик линзасига эга. Уларнинг манзарани матрицага муҳрлаш сифатини ёмон деб бўлмайди. Яхши дейиш ҳам қайсидир маънода бир оз бўрттириш бўлиши мумкин: матрицада динамик диапазонни қамраб олиш имкони у қадар юқори эмас, шу боис баъзида ранг-тасвирни табиий муҳрлашга қийналади. Аммо яхши томони — автофокус 90% ҳолатда аниқ ишлайди. Ҳатто тунда ҳам.

Қуйида Samsung Galaxy J3 камерасида олинган суратларга баҳо беринг.





Умуман олганда, камерада олинган суратлар сифати ёмон эмас.

Интернет секин ишлайди

Samsung Galaxy J3 алоқанинг 4G тармоғида ҳам ишлайди. Тўғри, имтиҳонлар жараёнида J3 тўплаган натижалар J5 ва J7 смартфонларига қараганда 8-9% ёмонроқ. Шу билан бирга, Speedtest.net ресурсидаги имтиҳонларга кўра смартфонда маълумотларни қабул қилиш тезлиги ҳам паст -- 6,30 Мбит/с. Боиси, ҳамёнбоп смартфонга арзон чипсет ва радиомодул ўрнатилган.

Навигациянинг ишлаши супер: GPS сунъий йўлдош тизимига Galaxy J3 15 секундда уланади, кўз очиб юмгунча ишга тушади.

Кучли жиҳатлар

Samsung Galaxy J3 (2017)'нинг кучли томонлари — тўлиқ қувват билан узоқ ишлаши ва кореялик ишлаб чиқарувчига хос анъанавий дизайн ечими. Шунингдек, 2 та SIM-карта ва алоҳида хотира картаси учун бўлмача мавжудлиги ҳам кўнгилдагидек.

 

Terabayt фикри

215 АҚШ доллари эвазига сиз номи чиққан ва ишончни оқлаган бренднинг пулига яраша смартфонини оласиз. Тўғри, бу пулга Xiaomi'нинг яхши гаджетларини ёки Asus ZenFone 3 Max каби ички платформаси нисбатан кучлироқ, бармоқ излари сканерига эга ва камераси яхшироқ смартфонларини харид қилиш мумкин. Ёки бу нархга Meizu U20 каби сифатли экранга эга, корпуси шиша ва металлдан тайёрланган смартфонларни ҳам харид қилиш мумкин. 

Жумладан, бу нархга 5 дюймли Lenovo K6, Xiaomi Redmi 4X, Nokia 3 смартфонларини сотиб олса бўлади. Аммо, Samsung J3 (2017)'нинг битта устун томони бор — SuperAMOLED экран, узоққа етадиган аккумулятор, ва албатта Samsung деган бренд.  

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.