Samsung компанияга бўлган ҳужумни тан олди

Samsung компанияга бўлган ҳужумни тан олди

Ўзининг Galaxy қурилмалари ва бошқа маҳсулотларида мавжуд бўлган Knox хавфсизлик технологияси ҳақида Samsung жуда кўп гапиради, лекин ҳеч бир компания рақамли ҳужумларга қарши тўлиқ ҳимояланмаган.

5 март куни LAPSU$ номли хакерлар гуруҳи Samsung Electronics'га муваффақиятли ҳужум уюштириб, 190 GB ҳажмдаги маълумотларни интернетда тарқатиб юборганлигини ўзининг Telegram каналида маълум қилган эди. Кеча, душанба куни эса Жанубий Корея компанияси буни тасдиқлади. 

"Компаниянинг баъзи ички маълумотлари билан боғлиқ хавфсизлик бузилган", дея хабар берган Samsung Bloomberg нашрига. "Бизнинг дастлабки таҳлилимизга кўра, бузилиш Galaxy қурилмаларининг ишлашига оид баъзи манба кодларини ўз ичига олади, лекин истеъмолчиларимиз ёки ходимларимиз шахсий маълумотларини ўз ичига олмайди. Ҳозирда биз бизнесимиз ёки мижозларимизга ҳеч қандай таъсир кутмаймиз. Биз бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун чора-тадбирларни амалга оширдик ва мижозларимизга узлуксиз хизмат кўрсатишда давом этамиз”.  

Маълум бўлишича, тарқатиб юборилган маълумотлар ичида Galaxy смартфонлари манба кодлари, хусусан, биометрик аутентификацияси алгоритмлари ва баъзи операцион тизим бошқарувларини четлаб ўтиш учун "bootloader" манба кодлари, шунингдек, компания ички маълумотлари ҳам бўлган, лекин булар орасида истеъмолчиларга оид маълумотлар бўлмаган. 

Ўтган ойда айнан шу LAPSU$ гуруҳи NVIDIA'га ҳам ҳужум уюштирган ва компания маълумотларини тарқатиб юборган эди. 

ЎҚИНГ: Galaxy A73 смартфони GeekBench'да тестдан ўтди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!