Samsung'нинг 'ухламайдиган' дисплейи энди GIF суратларни кўрсата олади

Samsung'нинг 'ухламайдиган' дисплейи энди GIF суратларни кўрсата олади

Samsung ўзининг сўнгги смартфонларини харид қилган мижозларига қурилманинг персонализацияси билан янада кўпроқ имконият ва эркинлик тақдим қилмоқда. Эндиликда Samsung Galaxy S8/S8+ ва Note 8 эгалари 'ухламайдиган’, яъни Always-On Display'да GIF форматидаги жонли суратлар ’ўйнаб турадиган’ қилиб, қурилмаларини созлашлари мумкин.

Always-On Display технологияси телефон қулфлангандан сўнг унинг дисплейида вақт, билдиришномалар, қувват ҳолати ва бошқа муҳим маълумотлар кўриниб туришини таъминлайди. Фойдаланувчилар Always-On Display'даги соатлар кўриниши, ранги ва бошқа хусусиятларни ўз таъбларига кўра ўзгартириш имконига эгалар. LG ва Samsung'нинг сўнгги смартфонлари айни технологияни қўллай олиши билан маълум.

Сўнгги икки йил давомида Samsung Always-On Display'да олдиндан киритилган суратлар ёки қурилма эгаларининг ўз суратларининг бошқа кўрсаткичлар билан бир қаторда кўрсатилишига имконият яратиб келаётган эди. Қурилма эгалари оила аъзолари сурати ёки бирор оддий расмни қурилма қулфлангандан сўнг ҳам кўриниб турадиган қилиб созлашлари мумкин эди. Эндиликда улар бу суратлар билан бир қатор ҳаракатланиб турувчи GIF форматидаги расмларни ҳам Always-On Display'да кўришлари мумкин.

GIF форматини қўллай олиши учун қурилманинг Always-On Display'и сўнгги янгиланишга эга бўлиши лозим. Бироқ GIF форматнинг ўйналиш давомийлигига маълум чекловлар мавжуд. Қурилма қувватини тежаш мақсадида Samsung GIF суратларни давомсиз равишда Always-On Display'да ўйналишини чеклаб қўйган. Қурилма қулфлангандан сўнг созланган GIF сурат фақат бир марта ўйнайди, лекин экранга икки марта уриш орқали уни яна бир марта ўйнашга мажбурлаш мумкин.

GIF форматини қўллай олиш учун Samsung Galaxy S8/S8+ ва Note 8 эгалари Always-On Display'нинг сўнгги янгиланишга эга бўлганига ишонч ҳосил қилишлари зарур. Ҳозирда энг сўнгги талқин 3.2.26.4 дир. Samsung S9 ва S9+ ҳам тез орада ушбу янгиланишга эга бўлиши тахмин қилинмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.