Samsung очиқчасига Apple'нинг устидан кулмоқда!

Samsung очиқчасига Apple'нинг устидан кулмоқда!

Агар футбол оламида Месси ва Роналдо, ичимликларда Pepsi ва Coca-Cola бир-бирларига энг ашаддий рақиблар бўлишса, смартфонлар оламида бу iPhone ва Galaxy брендларидир. Уларнинг икковлари ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам бир-бирларини кўролмайдиган, ҳам бир-бирларисиз туролмайдиган компаниялар бўлиб, ора-орада қайси бирлари бозорда энг зўри эканликларини кўрсатиб қўядиган рекламалар билан бир-бирларини "қитиқлаб" туришади.

Apple келаётган 7 сентабр кунида ўзининг янги авлод смартфонлари, iPhone 14 қаторини тақдим қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабарингиз бор. Тақдимотга яқин купертинолик компаниянинг "энг яқин дўсти" ўзининг сўнгги флагманлари, Galaxy S22 Ultra ва Galaxy Z Flip4 билан унинг тадбирига бағишланган реклама видеосини чиқарди.

Ижтимоий тармоқларда кўрган бўлсангиз, Galaxy S22 Ultra ўзининг 108 мегапикселли камераси билан Ойни ажойиб тарзда суратга олиш хусусиятига эга. Америкадаги Samsung'нинг YouTube саҳифасига жойлаштирилган ушбу реклама ролигида Galaxy S22 Ultra нинг айнан мана шу хусусияти эсга олиниб, бундай юқори резолюциядаги камерага эга смартфон iPhone эгаларида эмас, бошқасининг чўнтагида бўлиши, шунингдек, Galaxy Z Flip4 нинг букланувчанлигига ишора қилиб, бундай инновация ҳали бери Apple'нинг iPhone'ларига келмаслиги, у аллақачон "галактика"да эканлиги таъкидланади. 

"Apple'нинг сўнгги тақдимотига белингизни боғланг. Бошлар шунчаки сиз томонга бурилмайдиган (ёхуд букланмайдиган - Galaxy Z Flip4) дунёга кирар экансиз, қаерки, смартфондаги энг юқори аниқликдаги камера (108МП - Galaxy S22 Ultra) бошқа бировнинг чўнтагида бўлади ва барча лайкларни олаётган ўша эпик Ой сурати сизники бўлмайди, чунки бу инновация сизга яқин бўлган iPhone'га тез кунда келмайди. У аллақачон шу ерда, Galaxy'да."

Бу Samsung компаниясининг Apple'га қарата биринчи марта тош отиши эмас. Кўпчиликка маълумки, Жанубий Корея компанияси бир неча марта Apple'нинг ташлаган қадамлари устидан кулган, лекин кейинчалик ўзи ҳам шу йўлдан юришни бошлаган.

Apple'га келадиган бўлсак, "Samsung'нинг гапида ҳам жон бор" дейсанг киши. Тез кунда чиқарилиши кутилаётган iPhone 14 смартфонларининг Pro моделларида бўладиган тирқиш ўзгаришларини ҳисобга олмаса, улар шунчаки кучайтирилган техник хусусиятларга эга янги моделдаги "ғишт" бўлади холос.

ЎҚИНГ: Apple Pro моделдаги iPhone 14 тирқишлари орасидаги бўшлиқдан ҳам фойдаланиб қолмоқчи

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!