Samsung ўзининг янги Odyssey Neo G9 мониторини тақдим қилди

Samsung ўзининг янги Odyssey Neo G9 мониторини тақдим қилди

Samsung аллақачон бир қанча улкан резолюцияли мониторларга эга, бироқ компания ҳали тўхтамоқчи эмас. Компаниянинг навбатдаги Odyssey монитори 8К форматини қўллаб-қувватлайди.

Бу йилги CES 2023 тадбирида Samsung ўзининг Odyssey Neo G9 - дунёдаги илк 8К резолюцияли ултра-кенг мониторни тақдим қилди. Айтиш керакки, бу 2021 йилда худди шу, Odyssey Neo G9 номи остида чиқарилган 2,499 доллар нархдаги мониторнинг давомчиси ҳисобланади.

AMD ўтган йили ушбу мониторни ўзининг янги RDNA 3 график карталарини тақдим қилиш давомида "дунёдаги илк 8К ултра-кенг" дея барчани қизиқтириб ўтган эди. Бироқ, айтиш керакки, "8К" бу ерда маркетинг учун айтилаётган чалғитувчи сўз бўлиб, асл 8К тўртта 4К – 7680×4320 бўлса, Samsung монитори иккита 4К – 7680×2160 ўлчамига эга, яъни Odyssey Neo G9 ёнма-ён жойлашган иккита 4К дисплейлардан ташкил топган.

Гарчи монитор тўлиқ ва аниқ 8К бўлмасада, ундаги пикселлар сони ҳали ҳам жуда кўп. Унинг қўллаб-қувватланиши учун эса янги монитор DisplayPort 2.1 технологиясидан фойдаланади. Таъкидлаш жоизки, ушбу хусусият ҳам бозордаги ҳеч қайси мониторда мавжуд эмас.

Қолган техник хусусиятларга келадиган бўлсак, 57 дюймли, томонлари нисбати 32:9 бўлган ва 1000R эгриликка эга монитор 240 герц янгиланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди. У OLED эмас, мини-LED технологиясига асосланган бўлиб, унинг юзаси жилосиз материал билан қопланган.

Монитор нархи ва қачон чиқарилиши тез кунда маълум бўлиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Samsung ўзининг илк Ultra ноутбукини тақдим қилади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.