Samsung сервис марказларида кафолат бўйича қандай бепул хизматлар кўрсатилади?

  •   DiMaX
  •  3884
  •  16.02.2018 12:58

Samsung сервис марказларида кафолат бўйича қандай бепул хизматлар кўрсатилади?

Барча нуфузли ишлаб чиқарувчилар қатори, Samsung компанияси ҳам ўзининг маҳсулотларига тегишли кафолат муддати белгилайди. Агар бирор қурилмаси шу муддат ичида сабабсиз бузилиб, ёки нуқсони маълум бўлиб қолса, унга бепул тарзда сервис хизмати кўрсатади. Бунинг учун у турли мамлакатларда расмий сервис марказларини ташкил этган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистондаги Samsung ваколатли сервис марказларининг рўйхати

Хўш, энг оммабоп маҳсулотларидан ҳисобланмиш Galaxy смартфонларига Samsung сервис марказларида кафолат бўйича қандай хизматлар кўрсатилади? Кафолат бўйича таъмирлатиш каби хизматлардан бепул фойдаланиш учун қандай шартлар қўйилади?

«Terabayt.Uz» сайти ходимлари шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида пойтахтимиздаги Samsung ваколатли сервис маркази билан боғланишди. Бунда биз ўзимизни оддий фуқаро сифатида таништириб, сервис хизматига нималар киришини сўраб, билиб олдик ва шу маълумотларни сиз мухлисларга етказиб қўйишга қарор қилдик.

Демак, агарда сизнинг Galaxy смартфонингиз (ёки Samsung маҳсулоти бўлмиш бошқа қурилмангиз) кафолат муддати тугамасдан сабабсиз бузилиб қолса, ёки ўзи бирор нуқсон билан чиққанини пайқаб қолсангиз, сервис марказига олиб боришдан аввал қуйидагиларни билиб олинг:

  1. Кафолат бўйича таъмирлатиш учун, аввало, шу қурилмангиз Ўзбекистон ҳудудида харид қилинган бўлиши шарт. Бунинг далили сифатида сиз гаджетнинг қутиси ва ҳужжатларини, шунингдек, уни сотиб олган пайтингизда дўкондан олинган харид чекини тақдим этишингиз лозим. Бордию, масалан, хорижга сафарингиз давомида, Samsung’нинг бошқа мамлакатдаги расмий дўконидан харид қилган бўлсангиз, унинг барча ҳужжатлари ва харид чеки сақланган бўлса ҳам, Ўзбекистондаги сервис маркази унга кафолатли сервис хизматини кўрсатмайди.
  2. Гаджетнинг ичи очилмаган бўлиши шарт. Буни билиш унчалик қийин эмас – ҳар бир қурилманинг ҳали очилмаганлигини билдирувчи пломбалари мавжуд.
  3. Агарда смартфон ёки бошқа қурилмангизнинг ташқи нуқсони бўлса, унга сервис хизмати кўрсатишмайди. Дейлик, телефонингиз экранининг бир бурчагида озгина чатнаган из бор. Агарда шу ҳолида унинг бошқа бир қисми, масалан, камераси яхши ишламаётган бўлса ҳам, сервис марказида унга кафолат хизмати кўрсатишмайди. Сабаби оддий – экрандаги чатнаш смартфонни сиз ерга тушириб юборганингиз ёки қаттиқроқ бирор нарсага уриб олганингизни англатади. Ўз-ўзидан маълумки, камераси ҳам ўшанда бузилиб қолган – унга сервис хизмати кўрсатишни эса ишлаб чиқарувчи ўз зиммасига олмайди.
  4. Девайсингизнинг дастурий таъминотига, операцион тизимига нолегал ўзгартириш киритилмаган бўлиши лозим. Масалан, смартфонга root ҳуқуқи олинган бўлса, ишлаб чиқарувчи унга сервис хизмати кўрсатишни рад этишга ҳақли. Зеро, шу каби ўзгартиришлар қурилманинг айрим қисмлари ёки операцион тизими ишдан чиқишига олиб келади ва бундай ҳоллар учун Samsung масъул бўлмайди.

ЎҚИНГ: Android’даги root ҳуқуқи нима ва ундан қандай фойдаланилади?

  1. Сервис марказига олиб борилган ҳеч бир қурилманинг ўзи янгисига алмаштириб берилмайди, балки унинг нуқсонли қисми (камера, экран, USB-порт ёки бошқа жойи) янгисига алмаштирилади, холос.
  2. Кафолат бўйича сервис хизмати кўрсатилиши учун, сиз нуқсонли, аммо юқоридаги талабларга мос келувчи қурилмангизни сервис марказида қолдириб кетишингиз керак бўлади. Яъни, уни шу заҳотиёқ тузатиб ёки ишламаётган қисмини алмаштириб бера олишмайди. Қанча муддатга қолдириш кераклиги эса гаджетнинг нуқсони қай даражада эканлигидан келиб чиқиб, сервис марказининг ўзида маълум қилинади.

Азиз мухлислар, аввало, телефонингиз, планшет ёки бошқа бирор гаджетингиз бузилиб қолмаслигини тилаймиз. Лекин ҳаётда ҳар хил вазиятлар учрайди – агарда Samsung маҳсулоти бўлган бирор девайсингиз кафолат муддати ўтмасидан туриб бирор «ишкал»и чиқиб қолса, юқоридагиларни ёдда тутинг. Шунингдек...

ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

Яқин орада бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг сервис марказларида кафолат бўйича кўрсатиладиган хизматлар ва уларнинг шартлари ҳақида ҳам маълумотлар берамиз, биздан узоқлашманг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.