Samsung: «smart TV» қаршисида шахсий суҳбатлар қурманг

Samsung: «smart TV» қаршисида шахсий суҳбатлар қурманг

Samsung компанияси ўзи ишлаб чиқараётган «smart TV» телевизорларининг томошабинлар гап-сўзларига “қулоқ тутиш”ини тасдиқлади. Шу сабабли, ишлаб чиқарувчи фойдаланувчиларга бу турдаги ойнаи жаҳоннамо қаршисида шахсий суҳбатлар қуришдан тийилишни маслаҳат берди. Бу тўғрида The Week нашри хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, телевизорда ўрнатилган уни овоз ёрдамида бошқариш функцияси атрофдаги товушларни диққат билан кузатиб боради. Компания “ақлли телевизор” қайд этадиган бу гап-сўзларни қўшимча телевизион ёки техник хизматлар кўрсатувчи 3-томон ўғирлаши мумкинлигини маълум қилган ва мижозларини маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўришга чақирган.

Samsung бу хабарни АҚШ махсус хизмати фаолиятини ёритувчи журналист ва ёзувчи Шейн Ҳарриснинг компаниянинг мижозлар сирларини ошкор қилиши билан боғлиқ фикрларидан сўнг тарқатган. Жумладан, америкалик ёзувчи шундай деган: “Агар сизнинг оғзингиздан чиқаётган сўз бирор шахсий ёки махфий маълумотга дахлдор бўлса, у шу заҳоти керакли манбааларга етказилади”. Ёзувчи бу орқали бугунги ахборот технологиялари тараққий этган замонда ҳар ким аҳамиятга эга маълумотни ошкор қилишдан ўзини тия билиши зарур, демоқчи.

Шу билан бирга, Samsung “ақлли телевизор”ларини овоз ёрдамида фаоллаштириш функцияси қандай ишлашига ҳам ойдинлик киритган.

“Агар истеъмолчи ушбу функциядан фойдаланишга рози бўлса, овозли маълумотлар фойдаланувчи буйруғини излаш учун бу хизматни кўрсатувчи 3-томонга тақдим этилади. Яъни, овозли маълумотлар хизмат кўрсатувчининг серверига юборилади. У ерда сўров қайта ишланиб, фойдаланувчи учун зарур контент телевизорда намойиш этилади,” дейилган компания баёнотида.

Компаниянинг маълумот беришича, овозли маълумотлар бу хизматни кўрсатувчи Nuance Communications, Inc. компаниясининг серверида сақлаб қолинмайди ва ҳеч кимга тақдим қилинмайди. Шунингдек, Samsung бу борада хавфсизлик сиёсатини такомиллаштириш режасида эканини маълум қилган.

“Ақлли телевизор” тушунчаси “ақлли телефон”, яъни смартфон тушунчаси билан бир пайтда пайдо бўлган. Илк маротаба “смарт ТВ” лойиҳаси Microsoft томонидан 1997 йилда ишлаб чиқилган. Smart TV орқали телевизор ишлаб чиқарувчилари фойдаланувчилари қайси канал ва кўрсатувларни маъқул кўришлари тўғрисида маълумотлар олиб туришади.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.