Samsung смартфонни коронавирусдан тозаловчи санитайзер сота бошлади

  •   DiMaX
  •  378
  •  03.07.2020 16:55

Samsung смартфонни коронавирусдан тозаловчи санитайзер сота бошлади

Бугунги кунда бутун дунё аҳли учун жиддий муаммога айланган коронавирус смартфон орқали ҳам юқиши мумкин. Биз бунинг олдини олиш учун гаджетни нима билан ва қандай тозалаш бўйича йўриқнома ҳам эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Хакерлар коронавирусдан фойдаланиб компьютерларга ҳужум қила бошлашди!

Samsung эса бунинг замонавий ечимини таклиф қилди – UV Sanitizer номли янги маҳсулотини тақдим этди. Бу – смартфон юзасини ультрабинафша нурлари билан бактерия ва вируслардан тозалайдиган стерилизатордир.

UV Sanitizer худди митти солярий (сунъий қуёшда тобланиш қурилмаси) каби кўринишга эга – ўлчамлари 22,8х12,8х4,9 миллиметр келади. Фойдаланувчи унинг ичига смартфонни қўйиб, қопқоғини ёпади, уёғига қурилманинг ўзи девайс корпусини барча жонлилардан тозалаб беради.

Табиийки, Samsung UV Sanitizer барча брендлар смартфонларини стериллаб бера олади, унинг ичига ҳатто Galaxy S20 Ultra каби йирик корпусли моделлар ҳам сиғади.

ЎҚИНГ: Атиги 270 долларлик, лекин энг катта экранли 5G-смартфон намойиш қилинди!

Бунига эмас – ушбу санитайзер Qi стандартида симсиз қувватлаш технологияси билан ҳам жиҳозланган. Мазкур технология бўйича симсиз заряд олувчи смартфонларни унинг ичига қўйиб, бир вақтнинг ўзида ҳам стериллаб, ҳам қувватлаб олиш мумкин!

Айни дамда Samsung UV Sanitizer фақат Таиландда, тахминан 50 АҚШ долларига тенг нархда сотувга чиққан. Унинг энди бошқа мамлакатларда ҳам савдога қўйилишини кутишимиз ўринли.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, яқинда Samsung кўплаб мамлакатлардаги сервис марказларида ўзи ишлаб чиқарган смартфонларни ультрабинафша нурлари ёрдамида бепул дезинфекциялаб бериш хизматини йўлга қўйган. Смартфонни спиртли антисептиклар ёрдамида артиб тозалашдан кўра бу усулда стериллашнинг афзалликлари кўп – экраннинг олеофоб қопламасига зарар етмайди.

ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!