Samsung ва Apple орасидаги реклама жанги: «Масхаравий сериал»нинг янги қисмлари! (+3та видео)

  •   DiMaX
  •  3030
  •  27.07.2018 12:23

Samsung ва Apple орасидаги реклама жанги: «Масхаравий сериал»нинг янги қисмлари! (+3та видео)

Смартфонсозлар орасидаги рақобатнинг антиқа усули – реклама роликларида бир-бирини майна қилиш давом этмоқда. Хусусан, жанубий кореялик компания буни «санъат даражасига олиб чиқаётир».

ЎҚИНГ: Бунақаси бўлмаган: Samsung энди Apple ва iPhone’ни «сериал тарзида» масхара қилишга ўтди! (+3 та видео)

Samsung яна учта реклама ролиги чиқарди – уларда iPhone камчиликлари ҳамда умуман Apple майна қилинган. «Масхаравий сериал»нинг янги қисмларида ҳам ҳув ўша илк лавҳадаги йигит – Apple Store маслаҳатчиси (уларни «Genius», яъни «Даҳолар» деб аташади) бош ролда.

Янги видеолавҳаларнинг биринчисида мижоз iPhone X’нинг дисплейидаги «ўйиқ» видеони тўлиқ экранда томоша қилишга халақит бераётганидан нолийди. «Даҳо» эса, бу унчалик халақит бермаслигини, шунчаки кўникиш лозимлигини айтади.

Кўрганингиздек, лавҳа сўнгида Samsung’нинг олдинги реклама роликларидан бизга таниш бўлган эркак ўз оиласи билан кўринади – уларнинг барчаси сочларини iPhone X экранидаги «кемтик» услубида олдиришган.

ЎҚИНГ: Samsung ҳам iPhone фойдаланувчиларини масхара қилди

Навбатдаги видеолавҳада қиз келиб, iPhone’даги microSD-карта қўйиладиган жойни топа олмаётганини айтади. Маслаҳатчи эса, Apple смартфонида у йўқлигини айтиб, «булутли» сақлагичдан фойдаланишни таклиф қилади. Қиз файлларини қаерлардадир «булут»ларда сақлашни истамаётганини билдирганида, «даҳо» бошқа таклиф беради: iPhone 8’ни эсдан чиқариб, устига 140 доллар қўшганча «ўнлик» айфон олган маъқул.

Табиийки, бу роликда Galaxy S9 моделларида хотира картаси уячаси борлигини айтиб ўтишни ҳам ёддан чиқаришмаган.

ЎҚИНГ: Илк iPhone'ни рақиблар қандай майна қилгани ва йўқликка равона бўлишгани ҳақида

Сўнгги видео бўлса кўп ойналилик режимига бағишланган. Унда Apple маслаҳатчисига мурожаат этган қиз, қандай қилиб смартфонда иккита иловани бирваракайига ишга туширишни сўрайди. Аммо жавоб ололмайди, чунки iPhone’ларда шунчаки бундай имконият йўқ.

Шундай қилиб, ҳозиргача «масхаравий сериал»нинг еттита қисми эфир юзини кўрди. Samsung буни ҳали давом эттирадиган кўринади, уларни бирга кузатамиз – биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: iPhone рекламасида Apple Android тизимини масхаралади [қисқа видео]

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.