Samsung вице-президенти компания инқироз ёқасида эканини ва ишдан кетишини маълум қилди

Samsung вице-президенти компания инқироз ёқасида эканини ва ишдан кетишини маълум қилди

Жанубий Кореянинг улкан конгломерати, сайёрамизнинг 2-рақамли йирик технология компанияси бош директори Квон Оҳ-Ҳюн бугун ўз вазифасидан кетишини эълон қилди. Маълум бўлишича, 2018 йилнинг мартида у ўз лавозимини тарк этади. Квон Оҳ-Ҳюннинг айтишича, у компаниянинг бугунги манфаат ва қизиқишларини, кейинги тақдирини ҳисобга олган ҳолда шу қарорга келган.

Бош директор ўз ходимларига йўллаган мактубида компания "ичидан-ташқарига" томон катта инқирозга юз тутаётганини маълум қилган. "Мен узоқ ўйладим ва компанияни жар ёқасига олиб келиб қўйганимизни англадим. Ҳозир бу хатони тузатишнинг айни пайти. Компания ўзининг янги даврини янги руҳ ва жадал ўсиб бораётган IT саноатига ташаббус билан кириб келадиган янги йўлбошчилар билан қайта бошлаши керак", дейилади мактубда.

Бош директорнинг бу қарори ва фикрлари бевосита яқинда порахўрликда айбланиб 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Samsung Group раҳбари, 49 ёшли Ли Же Ёнгнинг қамалиши билан ҳам боғлиқ.

Гарчи, компания бошига шунча синов тушса ҳам, Samsung Electronics жаҳоннинг энг сердаромад компанияларидан бири бўлиб қолмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 3-чорагида Samsung Electronics'нинг $12.8 млрд доллар даромад кўриши, бу эса аввалги йилнинг шу даврида нисбатан 179 фоизга кўпроқ дегани.

Компанияда 32 йиллик меҳнат фаолиятига эга (2012 йилдан бош директор) Квон Оҳ-Ҳюннинг сўзларига кўра, бугунги муваффақият бундан бир неча йил аввал чиқарилган қарорлар ва киритилган сармоянинг меваси. Ҳозирги раҳбарият эса ҳозирча компанияга истиқболда даромад келтирадиган бирор бир механизмни жорий қилгани йўқ. Бунинг учун эса ҳозирданоқ келажакда кутилаётган трендларни ўрганиш керак бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!