Samsung Хитойдаги энг сўнгги смартфон заводини ёпди

Samsung Хитойдаги энг сўнгги смартфон заводини ёпди

Samsung Хитойдаги энг сўнгги смартфон заводини ёпди. Бир неча ой олдин Хуэйчжоудаги заводда ишлаб чиқариш қисқарган эди. Энди эса, Reuters агентлигининг хабар беришича, завод бутунлай ёпилди. 

2017 йилда Хуэйчжоу заводида 64 миллион смартфон ишлаб чиқарилган. Бу Samsung ўша йили глобал миқёсда ишлаб чиқарган 394 миллион телефоннинг катта қисми деганидир. 2011 йилда бу заводда 70 миллион телефон чиқарилган бўлса, (ўтган йили ёпилган) Тяньцзинь заводи 56 миллион дона қурилма тайёрлаган.

Samsung'нинг Хуэйчжоудаги заводи

 

Заводнинг ёпилиши Samsung Хитой бозоридан бутунлай чиқиб кетди, дегани эмас. Корейслар Хитой бозоридаги фаолиятини давом эттираверади, бироқ маҳаллий брендлар билан бўлган кучли рақобат сабаб бу мамлакатда смартфон ишлаб чиқариш энди Samsung'га иқтисодий жиҳатдан фойда келтирмайди.

Cape Investment & Securities таҳлилчиси Парк Сунг-суннинг айтишича, "Уч юлдуз"нинг Хитой бозоридаги улуши 1 фоизга тушиб кетган: истеъмолчилар арзонроқ смартфонлар учун маҳаллий брендларни, премиум девайслар учун эса Huawei ва Apple'ни танламоқда. 

Ёпилган заводдаги асбоб-ускуна ва ишлаб чиқариш воситалари бошқа давлатлардаги заводларга берилади. Samsung аслида Ҳиндистон ва Ветнамдаги ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ҳаракатида, сабаби бу давлатларда ишлаб чиқариш ҳаражатлари камроқдир.

Истиқболда, Samsung Хитой бозорида фақат ODM смартфонларини сотиши мумкин. ODM қурилмалар Samsung'ning ўзининг заводида эмас, балки шартномачи заводда лицензия асосида ишлаб чиқарилади. Galaxy A6s ва Galaxy A10s'лар Samsung'ning илк ODM смартфонларидандир. A10s Jianxing Yongrui Electron Technology заводида ишлаб чиқарилгани ҳақида илгари ҳам хабар берган эдик.

Хитойда ишлаб чиқаришни тўхтатаётган фақат Samsung эмас. Йил бошида Sony ҳам Пекиндаги смартфон заводини ёпган.

ЎҚИНГ: Samsung смартфон ва планшетларининг оригиналлигини аниқлаймиз (+видеоқўлланма)

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!