Samsung янгиланган Notebook 9 ноутбукларини тақдим этди
Келаси йилнинг 9–12 январь кунлари Лас-Вегасда бўлиб ўтадиган CES 2018 кўргазмасига тайёргарлик ишларини Samsung Electronics аллақачон бошлаб юборган. Компания бу тадбирда ўзининг янгиланган Notebook 9 ноутбукларини намойиш этишини ўзининг расмий сайти орқали маълум қилди.
Мазкур туркумга иккита модел киради – Notebook 9 (2018) ноутбуки ҳамда 360 даражада букланадиган, S Pen стилусига эга Notebook 9 Pen модели.
Булардан биринчиси – Samsung Notebook 9 (2018) модели саккизинчи авлод Intel Core i7 процессори базасида ишлайди. Унинг DDR4 тезкор хотираси 16 ГБгача ҳажмга эга, қаттиқ диски эса 1 ТБгача. Унинг ўзи иккита версияда ишлаб чиқарилади: дисплейининг ўлчами диагоналига 13,3 дюймлик ҳамда 15 дюймлик. Ҳар иккаласининг ҳам дисплейи тасвир аниқлиги Full HD форматида (1920х1080 пикселли). 15 дюймлик талқинида, шунингдек, 2 гигабайтлик GDDR5 видеохотирасига эга NVIDIA GeForce MX150 графикали опция ҳам кўзда тутилган. Бу ноутбукларга 75 Вт-соатлик аккумуляторлар ўрнатилган, вазнлари эса тегишлича 995 ва 1250 граммни ташкил этади.
ЎҚИНГ: ASUS тескарисига букланувчи, металл корпусли хромбук чиқарди (+ҳазил)
Тескарисига ҳам букланувчи Notebook 9 Pen модели эса 13,3 дюймли тачскрин (сенсор бошқарувли) экранга эга. Унинг дисплейи ҳам 1920х1080 пикселли, яъни Full HD форматида. «Юраги» – саккизинчи авлод Intel Core i7 процессори. DDR4 тезкор хотираси 16 гигабайтгача, ички хотира диски эса 512 ГБгача ҳажмлидир. Мазкур қурилма S Pen стилуси билан ишлашни қўллаб-қувватлайди, стилусни жойлаштириш учун корпусда махсус слот ҳам ажратилган.
Samsung Notebook 9 Pen ҳамда Notebook 9 (2018) шу ойнинг охиригача Кореяда пайдо бўлади, АҚШ ва бошқа ҳудудларда эса – 2018 йилнинг биринчи чорагида.