Samsung юбилей флагманлари – Galaxy S10, Galaxy S10+ ва Galaxy S10e смартфонларини намойиш этди!

  •   DiMaX
  •  3173
  •  21.02.2019 11:44

Samsung юбилей флагманлари – Galaxy S10, Galaxy S10+ ва Galaxy S10e смартфонларини намойиш этди!

Кутилаётганидек, Samsung компанияси 2019 йилнинг 20 февралида, Сан-Франциско шаҳрида Galaxy Unpacked 2019 тадбирини ўтказди. Унда бир нечта янги гаджетлар қатори Galaxy S10 туркумидаги юбилей флагманлари ҳам расман тақдим қилинди.

ЎҚИНГ: Энг қиммат – 12 ГБ «оперативка»ли Galaxy S10+ бенчмаркларда ҳаммани ҳайрон қолдирди!

Маълумки, ушбу туркумга стандарт Galaxy S10 флагмани, унинг соддалаштирилган ва ихчамроқ версияси – Galaxy S10e ҳамда нисбатан катта ва кучайтирилган Galaxy S10+ моделлари киради.

Уларнинг асосий ўзига хосликларидан бири – Infinity-O (яъни, тешикли) турига мансуб Dynamic AMOLED дисплейлардир. Samsung вакилларининг таъкидлашларича, бундай дисплей устида ишлаш ўта мураккаб ва қийин кечган, зеро салгина эҳтиётсизлик ҳам экран матрицасини шикастлаб қўйиши мумкин. Бунинг устига, мазкур флагманлар дисплейлари янги – HDR10+ стандарти бўйича сертификатланган.

Шунингдек, Galaxy S10 ҳамда S10+ моделлари экранларида ультратовушли дактилоскопик сканер қўлланган. У максимал даражада аниқ, тезкор ва хавфсиз бўлиб, ҳатто мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳам ишлайверади. Galaxy S10e моделида эса оддий бармоқ изи сканери қўлланган ва у корпуснинг ён қиррасига жойлаштирилган.

Ҳар учала Galaxy S10 ҳам янги стандартдаги Wi-Fi 6 (802.11ax) ҳамда 2,0 Гбит/сониягача тезликка эга LTE модуллари билан таъминланган. Уларнинг барчасида замонавий USB Type-C порти ўрнатилган ва қулоқчинлар учун 3.5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам мавжуд.

Флагманларнинг корпуслари IP68 ҳимоя стандартига кўра чанг ва намдан муҳофаза этилган. Смартфонлар Android 9 Pie операцион тизим талқини базасидаги One UI интерфейси билан тақдим этилган.

Энди ушбу туркумнинг иккита асосий вакили – Galaxy S10 ҳамда Galaxy S10+ флагманларига сал кенгроқ тўхталсак.

Ҳар иккала модел ҳам чеккалари қайрилган Dynamic AMOLED дисплейга эга. Уларнинг тасвир аниқлиги бир хил – QuadHD+ форматида (3040х1440 пикселли) бўлиб, томонлари ўзаро 19:9 нисбатда. Стандарт Galaxy S10 моделининг дисплейи диагоналига 6,1 дюймлик бўлса, S10+ моделида бу ўлчам 6,4 дюймга тенг.

Анъанага кўра, флагман смартфонлар энг илғор процессорлар билан қуролланган, фақат сотиладиган мамлакатига қараб ҳар хил. Яъни, АҚШ ва Хитой бозорига мўлжалланган Galaxy S10 ва S10+ қурилмаларида Qualcomm Snapdragon 855 чипи, бошқа мамлакатларга юбориладиган версияларида эса Samsung Exynos 9820 процессори қўлланган. Стандарт флагманнинг тезкор хотираси 8 гигабайтлик бўлиб, доимий хотираси 128 ва 512 гигабайтлик талқинларда чиқади. Galaxy S10+ модели «оперативка»си 8 ва 12 гигабайтлик, ички хотираси эса 512 гигабайтлик ва 1 терабайтлик талқинларда таклиф этилади.

Samsung юбилей флагманлари камерасини анча кучайтирган: учта оптик модул – профессионал съёмка учун тўлақонли камералар жамланмасидир. Яъни, 12 мегапикселлик бош модул кенг бурчакли объектив (f/1,5-f/1,9) ҳамда Dual Pixel автофокусировкага эга. Иккинчи оптик сенсор аниқлиги ҳам 12 мегапикселлик бўлиб, у телеобъектив (f/2,4) билан қуролланган. Ниҳоят, 16 мегапикселлик учинчи датчик кенг бурчакли объектив (f/2,2) ҳамда 123 даражалик кўриш бурчагига эга. Шулар эвазига Galaxy S10 флагманлари ҳар қандай тажрибасиз фойдаланувчи қўлида ҳам сифатли суратлар олишга имкон беради. Бундан ташқари, мазкур камера HDR10+ сифатида видео ёзиб олишга ҳам қодир.

Galaxy S10 ва S10+ моделларида бош камералар бир хил бўлса, экран «тешиги»га жойланган селфи-камералар ўзаро фарқ қилади. Стандарт флагманнинг олд камерасида 10 мегапикселлик якка модул (f/1,9) қўлланган, у 80 даражалик кўриш бурчагига ва Dual Pixel автофокусировкасига эга. «Плюсли» моделда эса иккинчи – 8 мегапикселлик оптик модул ҳам бор, у 90 даражалик кўриш бурчаги ҳамда f/2,2 диафрагмага эга.

Бу икки флагманнинг аккумуляторлари тегишлича 3400 ва 4100 мА/соатлик ток сиғимига эга. Лекин энг асосийси – мазкур смартфонлар турли гаджетларни симсиз қувватлай олади! Бунинг учун ўша (соат, қулоқчин, бошқа смартфон каби) девайсни Galaxy S10’нинг орқа томонига қўйиш кифоя – флагман ўз-ўзидан уни қувватлай бошлайди. Шунингдек, бу смартфонларга Fast Wireless Charging 2.0 тезкор симли ва симсиз қувватлаш технологияси ҳам жорий этилган.

Galaxy S10 моделининг корпус ўлчами 149,9х70,4х7,8 миллиметр, вазни эса 157 граммга тенг. Galaxy S10+ модели эса 157,6х74,1х7,8 миллиметрлик ўлчамда бўлиб, 175 грамм тош босади. «Плюсли» флагманнинг керамик корпусли версияси эса сал оғирроқ – 198 грамм келади.

Энди эса навбат «кенжа ботир» – Galaxy S10e моделига келди...

«Соддалаштирилган» Galaxy S10e флагмани, гарчи «оға»ларига насиб этган айрим имкониятлардан маҳрум бўлса-да, барибир ўзига яраша салобатли. Унда текис (четлари қайрилмаган) 5,8 дюймлик Dynamic AMOLED дисплей юпқа ромларга эга. Экран томонлари ўзаро 19:9 нисбатда, тасвир узатиш аниқлиги FullHD+ форматида (2280х1080 пикселлик).

«Кичкина» флагманда ҳам худди ўша бақувват процессорлар – сотиладиган ҳудудига қараб Samsung Exynos 9820 ёки Qualcomm Snapdragon 855 чиплари қўлланган. Самарадорликни таъминлашда уларга 6/8 гигабайтлик тезкор хотира елкадош бўлади. Смартфоннинг доимий хотираси эса 128 ва 256 гигабайтлик талқинларда таклиф этилади.

Galaxy S10e олд камераси ҳам стандарт Galaxy S10 моделидаги билан айнан бир хил – 10 мегапикселлик якка модул (f/1,9), 80 даражалик кўриш бурчагига ва Dual Pixel автофокусировкасига эга.

Асосий камераси эса қўшалоқ: кенг бурчакли объективга эга 12 мегапикселлик сенсор ҳамда ультра кенг бурчакли (f/2,2), 16 мегапикселлик модул. Ушбу «ихчам» флагман камераси ҳам HDR10+ стандартида видео суратга ола билади.

Ушбу моделнинг 3100 мА/соатлик аккумулятори Fast Wireless Charging 2.0 симсиз тезкор қувватлана олади. Корпусининг ўлчамлари 142,2х69,9х7,9 миллиметрга, вазни эса 150 граммга тенг.

Нархларига келадиган бўлсак, энг ихчам Galaxy S10e модели 749 АҚШ долларидан, стандарт Galaxy S10 флагмани 899 доллардан, «катта» Galaxy S10+ эса 999 доллардан бошланувчи нархларда сотилади. Уларнинг чакана савдоси 8 мартдан бошланади, унгача олдиндан буюртма берган харидорларга эса флагманлар билан бирга тақдим этилган янги – Galaxy Buds симсиз қулоқчинлари ҳам совға қилинади.

Ушбу флагманларнинг ўзбекистон бозорига кириб келишига ҳали сал эрта, аммо дунё бозорига чиқарилган айрим Samsung смартфонларини ҳозирданоқ Terashop.uz интернет-дўконимиздан, 949 000 сўмдан бошланган нархларда сотиб олиш мумкин. Айниқса, шу кунларда – акция даврида бу харид сиз учун манфаатли ва қизиқарли бўлади.

ЎҚИНГ: Қарши олинг: Terashop.uz’да «Баҳорий кайфият» акцияси!