Samsung'дан 200MP камерали смартфон!

Samsung'дан 200MP камерали смартфон!

Samsung ўтган 2021 йилнинг охирида смартфонлар учун ISOCELL HP1 номли ўзининг биринчи 200MP камера сенсорини тақдим қилган эди, лекин шу кунгача ҳали ҳеч қайси смартфон ишлаб чиқарувчи компания ушбу сенсордан ўз смартфонида фойдалашга журъат қила олгани йўқ. Жанубий Корея компаниясининг ўзи эса ўзининг Ultra моделдаги смартфонлари учун уч йилдан бери фақат бир хил 108MP камера сенсоридан фойдаланиб келади. Бироқ, сўнгги янгиликларга қараганда Samsung ваниҳоят бу "анъана"ни ёпадиганга ўхшайди.

Кореянинг ETNews нашрининг хабар беришича, Samsung Electronics мобил қурилмалар бўлими ва Samsung Electro-Mechanics камералар йиғиш дивизияси 200MP камера сенсорининг яхшиланган версияси устида ишлашни якунлаш арафасида турибди. Янги версияда айнан нималар ўзгаргани нўмалум, лекин ISOCELL HP3 эканлиги айтилаётган бу сенсордан Samsung ўзининг 2023 йилда тақдим қиладиган Galaxy S23 Ultra смартфонида фойдаланиши мумкин дея хабар қилинмоқда. Маълум бўлишича, янги сенсор иккала бўлимлар томонидан ҳам ишлаб чиқарилади ва бунда Samsung Electronics маҳсулотнинг 30% қисмини, Samsung Electro-Mechanics эса қолган 70% қисмини тайёрлайди.

200MP камера сенсорининг Galaxy S23 Ultra смартфонида қўлланилиши компаниянинг охирги ҳам, расмий ҳам қарори эмас, лекин ҳозирча шундай бўлиши кутилмоқда ва бу Samsung 200MP камера сенсоридан ўзининг смартфонида фойдаланиши ҳақида эшитилган илк хабар эмас. Ўтган йили ҳам компания ўзининг Galaxy S22 авлоди учун Olympus компанияси ёрдамида ана шундай сенсор билан чиқарилиши айтилган эди, бироқ бу амалга ошмади. Шунингдек, Samsung 200MP камера сенсорига мобил қурилма чиқариши кутилаётган биринчи компания ҳам эмас. Яқинда Motorola компаниясининг ҳали тақдим қилинмаган Frontier номли смартфони Samsung'нинг ISOCELL HP1 200MP камера сенсори билан жонли суратларда тарқатиб юборилган эди. Бундан ташқари, бир неча кун олдин Nokia компанияси ҳам ана шундай мегапикселли камера чиқариши ҳақида миш-мишлар тарқалганди.

ЎҚИНГ: Galaxy Z Flip рақобатчиси жонли суратларда

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.