Samsung'дан яхши ва ёмон янгилик: Galaxy S23 FE "атмен", лекин янги турдаги букламафон бор!

Samsung'дан яхши ва ёмон янгилик: Galaxy S23 FE

Янги ҳафта ва технология оламида яна янги миш-мишлар: Galaxy S23 FE смартфони чиқарилмаслиги мумкин. Samsung компаниясининг ушбу Fan Edition смартфони ўрта флагман бўлиб, у S20 серияси билан бошланган эди. Афсуски, бир-икки авлод ўтгач, Galaxy S21 FE дан кейин Samsung ҳалигача янги Fan Edition смартфон чиқармади ва чиқармоқчи эмасга ҳам ўхшайди. Ўтган йилнинг ўзидаёқ Samsung ортиқ Fan Edition бренди остида смартфон чиқармаслиги миш-миш қилинган эди. Бироқ, вақт ўтиб, Galaxy S23 FE ҳақидаги миш-мишлар Samsung мухлисларига умид бағишлади. Энди эса Samsung яна бир маротаба FE смартфон чиқармаслиги ҳақида хабар пайдо бўлди.

91mobiles'дан Ёгеш Брар ўзининг Twitter саҳифасида ҳеч қандай Galaxy S23 FE ишлаб чиқарилмаётганлигини айтиб, FE мухлисларига уни кутиб ўтирмасликни тавсия қилади.

Яхши янгиликлар ҳам йўқ эмас – Ёгеш Брарнинг сўзларига кўра, Samsung бу йил ўзининг Fold ва Flip букламафонларига орасига янги моделни қўшади. Маълум бўлишича, ушбу янги модел шунчаки концепт ёки прототип эмас, балки жорий йилдан оммавий сотувга чиқадиган маҳсулот бўлади.

Янги Samsung букламафони икки букланадиган ва уч қисмли смартфон бўлиб, у компания январ ойида бўлиб ўтган CES кўргазмасида намойиш қилган бир нечта консептларга ўхшаб кетади. Албатта, агар узунқулоқ хабарлар тўғри бўлиб чиқса, бу нафақат букламафонлар, балки бутун смартфонлар олами учун катта янгилик бўлади, чунки биз ҳозиргача фақат китоб ёки чиғаноқ каби бир ошиқ-мошиқли букланадиган смартфонлар билан танишмиз холос.

Ҳозирча бошқа маълумотлар мавжуд эмас. Samsung одатда ўзининг букламафонларини август ойида тақдим қилади. Эҳтимол, биз янги букламафонни Galaxy Z Fold 5 ва Galaxy Z Flip 5 моделлари билан ўшанда кўришимиз мумкин бўлади.