Samsung'нинг 2022 йилдаги муваффақиятли ва муваффақиятсиз гаджетлари

Samsung'нинг 2022 йилдаги муваффақиятли ва муваффақиятсиз гаджетлари

GSMArena сайти Samsung компаниясининг 2022 йилда тақдим этган қурилмаларини муваффақиятли ва муваффақиятсиз гуруҳларига ажратиб чиқди. Бу йилги рўйхатдаги 20 та қурилманинг 9 таси муваффақиятли чиққан.

Samsung ушбу йилда бюджет, ўрта тоифа ҳамда флагман смартфонлар, бундан ташқари, турли хил аксессуарлар ҳамда бир неча планшетларни тақдим этди. Хўш, улар қанчалик муваффақиятли бўла олди? Муваффақиятсиз чиққан гаджетлар ҳам бўлдими?

 Муваффақиятли: Galaxy S22 Ultra 

Шубҳасиз, ушбу смартфон 2022 йилнинг энг оммабоп флагманларидан бири ҳисобланади. Ундаги юқори сифатли дисплейни қолган смартфонларда учратиш қийин, шунингдек, унда рақобатчиларида бўлмаган S-Pen стилусини қўллаб-қувватлаш имконияти мавжуд. Барча камералар автофокусга эга, ультракенг камерада эса макро имконияти мавжуд. Қурилма иккита телефото камерага эга эканлиги ҳамда 10х зум камера ҳамма флагманларда ҳам учрамслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. 

Дизайн жиҳатидан смартфон энди бошқа чиқмайдиган Galaxy Note моделларини эслатиб юборади. Смартфон 2022 йилнинг энг яхши ва энг оммабоп Android смартфонларидан бири бўлди. 

Муваффақиятли: Galaxy Z Fold4 ва Z Flip4 

Galaxy Z Fold4 ва Z Flip4 моделлари ташқи кўринишидан аввалги моделларга ўхшаши мумкин, бироқ бир неча муҳим ўзгаришлар билан улар одатий кундалик смартфонларга айланди. Ўтган йилги Z Fold3'га қараган янги Z Fold4 модели яхшироқ 50МП асосий камера ҳамда 3х телефото камерага эга бўлди. Galaxy Z Flip4 моделида эса аккумулятор ҳажми ва қувват тезлиги ошди. 

Шунингдек, олдиндан буюртма берган мижозларга қўшимча бонуслар берилиши ва шунга ўхшаш бошқа рағбатлар билан компания ушбу смартфонларнинг оммабоплигини янада ошира олди. 

Муваффақиятсиз: Galaxy Watch5 ва Watch 5 Pro 

Янги букламафонлар билан бир қаторда Samsung август ойида янги смарт-соатларни ҳам тақдим этди. Соатлар янги рангда намоён бўлади, шунингдек, уларнинг учала ўлчамдаги турлари сафир кристалли қопламага эга бўлди. Бироқ янги смарт-соатлар худди эски моделлар каби Exynos W920 чипи билан жиҳозланди. Бу уларнинг унумдорлик кўрсаткичларида ўзгариш бўлмаганлигини англатади. 

Galaxy Watch5 Pro моделининг аккумулятор қуввати 40% яхшиланди. Бироқ ундан айланувчи рамка олиб ташланди. Бу Galaxy Watch смарт-соатларининг энг таниқли хусусиятлардан бири эди. 

Муваффақиятли: Galaxy A ҳамда Galaxy M сериялари

Samsung'нинг барча ўрта тоифадаги смартфонларига талаб юқори. Ўтган йилги моделлардан фарқли ўлароқ янги Galaxy A ва Galaxy M смартфонлари кичик бўлса-да ўсишга эриша олди. Асосийси, компания ўз фалсафани сақлаб қолди - ажойиб нарх эвазига яхши фойдаланувчи тажрибасини тақдим этиш.

Samsung ўз смартфонларини дунёнинг кўплаб ҳудудларига етказиб бериши билан ўз рақобатчиларидан бир бош устун. Шу сабабли Galaxy A ва Galaxy M смартфонлари кўплаб халқаро бозорларда бошқа компанияларнинг ўрта синфдаги смартфонларидан устун бўлиб кўринади. 

Муваффақиятсиз: Galaxy S22 ва S22+

Ultra модель билан бир қаторда ушбу икки смартфон ҳам ўзларининг олдинги авлодига қараганда яхши ўсишга эришди. Мисол учун, S22 моделининг орқа панелига шиша қопламаси қайтди. Шунингдек, улар янги авлод Exynos ва Snapdragon чипларига эга бўлди. Бироқ, икки флагман камера техник кўрсаткичлари жиҳатидан унчалик катта ўсишга эришмади. Ультракенг камерада ҳамон автофокус имконияти мавжуд эмас. Балки буни янги S23 ва S23+ моделларида кўрармиз. 

Муваффақиятсиз: Galaxy S22 FE 

Galaxy FE версияси одатда Samsung'га катта муваффақият олиб келарди. Шу йилнинг январь ойида Galaxy S21 FE модели тақдим этилиб, бу кўплаб Samsung ишқибозларини хурсанд қилган эди. Аммо ёз ойларида компания Galaxy S22 FE моделидан воз кечиб, S22 Ultra моделини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қарор қилгани ҳақидаги хабарлар чиқди. 

Муваффақиятсиз: Galaxy планшетлари

Android планшетлари савдоси бўйича Samsung компанияси 30% улуш билан бозорда етакчи ўринни эгаллайди. Аммо ушбу кўрсаткич умумий бозорда 60% улушга эгалик қилаётган Apple олдида ҳеч нарса эмас. Агар фойдага қарайдиган бўлсак, Samsung бу борада Apple'га умуман яқинлаша олмайди. 

Албатта, иккинчи ўрин бу яхши натижа, аммо бу Samsung'дек компания учун муваффақиятсизликнинг ўзи. 

ЎҚИНГ: Galaxy S23 сериясининг илк тахминий тақдимот санаси маълум бўлди 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!