Samsung’нинг арзон ва квадрокамерали «автономлик монстри» илк расмий суратларда

  •   DiMaX
  •  465
  •  12.06.2021 09:43

Samsung’нинг арзон ва квадрокамерали «автономлик монстри» илк расмий суратларда

Дунёдаги етакчи смартфонсоз Galaxy M32 русумли янги моделини апрелдаёқ Geekbench сервисида текшириб кўрган эди. Ўшанда унинг айрим техник хусусиятлари ошкор бўлган, лекин Samsung ҳануз мазкур гаджетини тақдим этганича йўқ. Куни кеча маълум бўлишича...

ЎҚИНГ: Навбатдаги Samsung «автономлик монстри»нинг ожиз нуқтаси – айнан аккумуляторида!

Энди бўлса Galaxy M32 смартфонининг биринчи расмий суратини ҳиндистонлик ишончли инсайдер Ишан Агарвал (Ishan Agarwal) эълон қилди. Унга кўра, Samsung бу маҳсулотини камида мана шу иккита рангдаги корпусларда чиқаради:

Мазкур смартфоннинг аккумулятори нақ 6000 мА/соатлик бўлса-да, атиги 15 ваттлик тезкор зарядлаш технологиясига эга бўлишини айтишмоқда. Яъни, бунақа тезликда сиғимдор батареяни тўлдириш бирмунча узоқ вақт талаб қилади.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар

Бундан ташқари, Ишан Агарвал бошқа бир твитида мазкур моделнинг айрим техник хусусиятларини ҳам санаб ўтган. Унга кўра, Galaxy M32 аппарат таъминоти асосини MediaTek Helio G85 процессори ташкил этади.

Galaxy M32 диагоналига 6,4 дюймлик, тасвир ўлчами Full HD+ форматли Super AMOLED дисплей билан таъминламоқда. Унинг квадрокамераси 48 + 8 + 5 + 5 мегапикселлик модулларни ўз ичига олади. Селфи учун эса дисплей кемтигига 20 мегапикселлик сенсор ўрнатилмоқда. Samsung уни 4 ва 6 гигабайтлик тезкор, 64 ҳамда 128 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантларда таклиф этади.

Манбаларнинг ёзишича, Galaxy M32 шу июнь ойидаёқ Ҳиндистонда тақдим этилиб, 200 АҚШ долларидан бошланувчи нархларда сотувга чиқади. Samsung ўз анъанасига амал қилиб, уни кейинроқ бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам тақдим этиши мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, июнь)