Samsung’нинг энг қиммат смартфони сифатли рендерларда кўрсатилди

  •   DiMaX
  •  2848
  •  21.07.2017 15:47

Samsung’нинг энг қиммат смартфони сифатли рендерларда кўрсатилди

Samsung ўзининг Galaxy Note 8 фаблетини 23 августда намойиш этишидан хабаримиз бор, шунингдек, унинг айрим хусусиятлари ва тахминий нархи ҳам маълум қилинган. Бугун эса BGR профил ресурси ушбу қурилманинг сифатли суратларини эълон қилди.

Хабарга кўра, сайт бу суратларни навбатдаги ғилофсоздан олган.

Тасвирлардан кўриниб турибдики, Galaxy Note 8 модели худди Galaxy S8’нинг сал чўзилган шаклига ўхшайди. Унинг экрани олд панелни буткул қоплаб олган ва «Уйга» тугмачаси йўқ. Девайснинг бармоқ изи сканери бўлса орқа панелга – камеранинг ёнига кўчирилган.

Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, Samsung Galaxy Note 8 олдинги моделдагидан кўра анча катта – 6,3 дюймли дисплей билан жиҳозланади. Томонларининг ўзаро нисбати 18.5:9 бўлган Infinity Display экрани Quad HD+ (2960x1440 пиксел) сифатга эга. Унга Qualcomm Snapdragon 835 (эҳтимол, Snapdragon 836 бўлар) ёки Samsung’нинг ўз маҳсулоти – Exynos 8895 процессорлари ўрнатилади. Тезкор хотираси 6 гигабайт, доимий флеш-хотираси эса 256 гигабайтгача ҳажмга эга бўлиши айтилмоқда.

Galaxy Note 8 девайси Samsung’нинг қўшалоқ камерага эга илк смартфони бўлиши мумкин. Унинг асосий камераси 12 мегапикселли кенг бурчакли модуль ҳамда 13 мегапикселли телефото-модулни ўз ичига олади; улар биргаликда 3 каррали оптик зумни таъминлай билади. Шунга ўхшаш конструкция компаниянинг асосий рақобатчисида – iPhone 7 Plus моделида мавжуд. Note 8 аккумулятори 3300 мА/соат сиғимга эга бўлиб, унга Android 7.1.1 Nougat операцион тизими ўрнатилади.

Samsung мазкур янги моделини жорий йилнинг 23 августида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган матбуот тадбирида намойиш этажагини расман тасдиқлаган. Савдога эса бу модель тақдимотдан бир ой ўтгач чиқарилади.

 Миш-мишларга қараганда, Galaxy Note 8 модели Samsung’нинг энг қиммат смартфони бўлади. Унинг нархи Жанубий Кореяда минг АҚШ доллари, Европада, Шимолий ва Жанубий Америкада эса 1100 долларга тенг бўлиши айтилмоқда.

Samsung’нинг савдода мавжуд смартфонларига пойтахтимиздаги «Малика» савдо марказида белгиланган нархлар, шунингдек, уларни кредитга олиш шартлари билан сайтимизда танишиб чиқишингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.