Сайтлар тўғри очилмаслиги: сабаби ва бартараф этиш йўллари

  •   DiMaX
  •  1686
  •  11.04.2018 15:19

Сайтлар тўғри очилмаслиги: сабаби ва бартараф этиш йўллари

Айрим ҳолларда компьютер ёки ноутбукдан бирор сайтга кирганингизда, сайт контенти тўғри акс этмаётганини кўрасиз. Булар қурилмангиздаги DNS-кэш билан боғлиқ бўлиб, қуйида шу муаммони бартараф этишни кўриб чиқамиз.

ЎҚИНГ: Windows 10’га қарши Windows 7: қай бири хавфсизроқ?

DNS-кэш нима ўзи?

Компьютернинг DNS-кэши шу гаджет орқали кирилган сайтларнинг IP-манзилини ўзида сақлайди. Бу сиз ўша сайтга такроран кирганингизда у тезроқ юкланиши учун қилинган.

Аммо айрим ҳолларда сайтнинг тўғри очилмаслигига айнан шу DNS-кэш сабаб бўлади. Аниқроғи – унда сақланаётган, тегишли сайт ҳақидаги маълумотлар эскирганида, шундай ҳолат юзага келади.

Яхшиямки, мазкур муаммони бартараф этиш унча қийин эмас. Қуйида энг оммабоп иккита операцион тизимда буни амалга ошириш йўлларини кўриб чиқамиз.

Windows’да DNS-кэшни тозалаймиз

  1. Win + R тугмачаларини баравар босиб, «Бажариш» («Выполнить») ойначасини чиқарамиз.
  2. Очилган менюдаги майдончага cmd ёзувини киритиб, Enter тугмачасини босамиз.

  1. Буйруқлар қатори ишга тушгач, у ерга ipconfig/flushdns ёзувини киритиб, яна Enter тугмачасини босамиз.
  2. Шунда DNS-кэш тозаланганлигини англатувчи «Кэш сопоставителя DNS успешно очищен» ёзуви чиқади.

Бўлди, муаммоли сайтларга қайтадан кириб кўринг – муаммо бартараф этилган бўлиши керак.

ЎҚИНГ: Процессорнинг тури ва хусусиятларини аниқлаш усуллари

OS X тизимли қурилмаларда DNS-кэшни тозалаш

Apple тақдим этган операцион тизимларда барча буйруқлар «Терминал»да киритилади. Уни очишнинг энг содда йўли – Spotlight орқали киришдир. Бунинг учун юқори ўнг бурчакдаги қидирув белгичасига босасиз.

Шунингдек, унга қуйидаги йўл орқали ҳам борса бўлади: Finder → «Программы» → «Утилиты» → «Терминал».

Энди эса буйруқни кўрсатиш керак, у эса сиздаги ўрнатилган операцион тизимнинг талқинига боғлиқ ҳолда сал фарқланади:

  • High Sierra: sudo killall -HUP mDNSResponder; sleep 2; echo macOS DNS Cache Reset;
  • El Capitan: sudo dscacheutil -flushcache; sudo killall -HUP mDNSResponder;
  • Yosemite: sudo dscacheutil -flushcache;sudo killall -HUP mDNSResponder;
  • Mavericks: dscacheutil -flushcache;sudo killall -HUP mDNSResponder;
  • Lion & Mountain Lion: sudo killall -HUP mDNSResponder;
  • Leopard: dscacheutil -flushcache;
  • Tiger: lookupd -flushcache.

Компьютерингиздаги операцион тизим талқинига мос ҳолда юқоридаги буйруқлардан бирини киритганингиздан сўнг, бу ҳаракатингизни тасдиқлаш учун паролни киритасиз. Кейин эса, DNS-кэш тозаланганлигини англатувчи «macOS DNS Cache Reset» ёзуви чиқишини кутасиз, сўнг бемалол муаммоли сайтларни тўғри очиб фойдаланаверасиз.

ЎҚИНГ: Интернет муаммоларини бир зумда ўзи ҳал этувчи бепул дастур!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!