Сайёҳлар учун муҳим интерфаол харита: қаерларга бориш ёки қаерлардан келишда виза керак?

  •   DiMaX
  •  973
  •  14.07.2018 15:22

Сайёҳлар учун муҳим интерфаол харита: қаерларга бориш ёки қаерлардан келишда виза керак?

Хорижий мамлакатларга чиқувчилар олдида турувчи масалалардан бири – у ёки бу мамлакатга боришда виза олишдир. Хўш, қайси мамлакатларга бориш учун виза умуман талаб этилмайди, қайсиларига айрим мамлакатлар аҳолиси учунгина керак бўлади? Шу кабиларни аниқлаш учун Travelscope онлайн сервиси ташкил этилган.

ЎҚИНГ: Биометрик паспорт тайёр бўлганини интернет орқали билиш мумкин

Гарчи инглиз тилида бўлса-да, Travelscope сайтидан фойдаланиш айтарли қийинчилик туғдирмайди. Ундаги онлайн харитада исталган бир мамлакатни танласангиз, унинг фуқаролари қайси давлатларга бемалол боришлари мумкинлиги кўрсатилади. Бунинг учун юқоридаги ойначада «Visa-free destinations» режимини танлаб, «Source country» майдончасига сайёҳнинг яшайдиган мамлакати киритилади. Харитада бу мамлакат оқ рангда, унинг аҳолиси бориши учун қўйилган шартларга кўра бошқа давлатлар турли рангларда акс эттирилади.

Масалан, тўқ яшил рангда акс эттирилган давлатларга бориш учун визанинг кераги йўқ. Оч яшил рангли қилиб кўрсатилган мамлакатларда эса, танланган давлат фуқароси борганида виза уриб берилади. Тўқ сарғиш тусда кўрсатилган мамлакатларга бориши учун эса бу давлат фуқаролари электрон виза олишлари лозим бўлади. Қора рангда кўрсатилган давлатларга бориш учун эса ўз юртидан чиқмасидан аввал виза олиши шарт.

Харитада тегишли мамлакат устига курсор олиб борилса, унга бориш шартлари ҳақидаги батафсил маълумот экранга чиқарилади. Экраннинг пастки чап бурчагида хаританинг шартли белгилари акс эттирилган.

ЎҚИНГ: Google Street View’да энди Диснейленд бўйлаб сайр қила оласиз!

Агарда сайтда «Visa-free sources» режими танланса, у ёки бу давлатга қайси мамлакатлар фуқаролари визасиз ёки виза олган ҳолда боришлари мумкинлиги кўрсатилади.

Шунингдек, Travelscope сайтидан мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари ҳамда аҳолиси ҳақида ҳам маълумот олишингиз мумкин. Булар учун тегишли тарзда «GDP» ҳамда «Population» режимларини танлашингиз керак бўлади.

Таъкидлаш керакки, Travelscope сайти визалар ҳақидаги маълумотларни «Википедия» ресурсидан олади. Сайт ишлаб чиқувчилари фойдаланувчилардан, ундаги маълумотларни фақат танишиш мақсадларида ишлатишларини, аниқ маълумотлар учун тегишли давлатнинг элчихонаси ёки консуллигига мурожаат этишларини сўрашган.

Travelscope сайтига мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Операторларимиз орасида биринчи бўлиб Ucell роумингда чексиз интернет тақдим этмоқда!