Seagate энг тезкор қўшимча хотира қурилмасини эълон қилди

Seagate энг тезкор қўшимча хотира қурилмасини эълон қилди

Яқин-яқингача электрон қурилмаларнинг ахборотларни ўқиш тезлиги секундига бир неча мегабайтларда ўлчанар эди. Аммо замонавий инновация ёрдамида бу тезлик бир неча маротабага ошиб, гигабайтлар билан ўлчанмоқда.

Американинг Seagate – қаттиқ диск ва маълумотларни сақлаш технологиясини ривожлантирувчи компаниясининг маълум қилишича, компания томонидан яратилган сўнгги “NVMe SSD” номли янги хотира қурилмаси секундига 10 ГБ маълумотни ўқиш кўникмасига эга. Бунга қадар қайд этилган бу турдаги қурилмаларнинг энг тезкори секундига 6 ГБ маълумотни ўқиш имконига эга бўлган.

Ушбу тезкор SSD дискнинг ишлаш самарадорлиги ҳам, қувватни тежаш даражаси ҳам юқори. SSD дискда тезликнинг юқори даражада бўлиши электрон қурилмада намойиш ёки иш жараёнининг юқори даражали ва сифатли бўлишини англатади.

Seagate компаниясининг маълум қилишича, айниқса “булутли сақлаш” хизматларини кўрсатувчи, шунингдек статистика ва об-ҳаво маълумотларига оид ахборотларни, умуман йирик ҳажмдаги маълумотларни тарқатувчи компаниялари иш маҳсулдорлигини оширишлари учун мазкур турдаги тезкор хотира дисклари жуда керакли.

Компания мазкур номеханик хотира қурилмасини жорий йилнинг ёзидан бошлаб сотувга чиқаришни режалаштирган. Ҳозирча мазкур биринчи даражали қўшимча хотира қурилмасининг нархи маълум қилингани йўқ.

Аmazon интернет дўконида эса секундига 6 ГБ маълумотни ўқиш кўникмасига эга 240 ГБ сиғимли Seagate 600 SSD хотира қурилмаси 192 АҚШ долларидан сотилмоқда.

SSD (solid state disk – қаттиқ жисмли хотира ёки қаттиқ жисмли диск)  ярим ўтказгичли қўшимча хотира қурилмаси ҳисобланади. Қўшимча хотирага маълумотларни ёзиш, сақлаш ва ўчириб ташлаш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.