СЕАТЕС: оригами-дрони, тилмоч кўзойнак, теннисчи робот…

СЕАТЕС: оригами-дрони, тилмоч кўзойнак, теннисчи робот…

Япония пойтахти Токио шаҳрида маиший электроника маҳсулотлари ярмаркаси—СЕАТЕС (Combined Exhibition of Advanced Technologies) ўз ниҳоясига етди. Унда, асосан, “Осиё йўлбарслари” деб юритилувчи Осиёнинг ривожланган мамлакатлари вакиллари иштирок этди.

Бу йил ярмаркага 150 мингдан ортиқ одам келди  ва унда чангюткичлардан тортиб планшетларгача бўлган турли маиший техника буюмлари намойиш этилди.
Япониялик муҳандислар оригами кўринишидаги дрон тайёрлашди. У қоғоздан ясалган қушга ўхшайди. Катталиги 70 сантиметрга тенг дрон масофадан туриб бошқарилади ва 6 метр баландликка кўтарила олади. Оригами-дрони яратувчиларидан бири Тошитатсу Мунакатанинг фикрича, “учар жисм жуда енгил ва оригами шаклини такрорлайди, яримўтказгичлар, аккумулятор батареяси, шунингдек, двигатель билан таъминланган”.

Sharp Corporation компаниясининг Robohon деб номланган ақлли ускуна ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. У хай-тек дунёсининг мутлақо турли йўналишини ўзида бирлаштирган. Яъни лойиҳани тайёрлашда смартфон ва робот технологиясидан фойдаланилган. У электрон хатлар жўнатиши, фото ва видеотасвирга олиши мумкин. Қолаверса, уни смартфон сифатида ҳам ишлатса бўлади.

Ярмаркада Omron Corporation компаниясининг теннис машқ қилиш учун мўлжалланган қурилмаси ҳам намойиш қилинди. У ҳудди спортчи каби теннис ўйнайди. Ускуна нафақат “пинг-понг” тўпларини отади, балки зарба траекторияси, кучи ва тезлигини ҳам ҳисоблаб чиқади.

Робот яратувчиси Масахиро Икомо унга шундай изох берди: “Ихтиромизнинг кўриш имконияти юқори. Тўп ҳаракатларини уч ўлчовли кенликда ҳисоб-китоб қилади. Робот зарба йўналиши ва кучини кўради ва ракеткани тўп тегадиган нуқтага автоматик тарзда тўғрилайди…”

Кейинги лойиҳа сайёхлар учун айни муддао. Epsonдан тилмоч кўзойнак. У кўчалардаги чет тиллардаги ёзувларни таржима қилиб беради.

Torque компанияси муҳандислари дунёда биринчи денгиз суви келтириб чиқарадиган коррозиядан ҳимояланган смартфонни намойишга қўйди. Унда сув остида суратга олиш, “селфи” қилиш, ҳатто мусиқа тинглаш мумкин. Шунингдек, смартфон юқори нурланган ҳудудларда, қумга кўмилганда ёки ерга тушган чоғида ҳам ишлайверади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!