Секин ишлайдиган интернет қўрқинчли фильмлар даражасида стрессга сабаб бўлади

Секин ишлайдиган интернет қўрқинчли фильмлар даражасида стрессга сабаб бўлади

Секин ишлайдиган интернет ва даҳшатли фильмлар бир хил даражада стресс келтириб чиқаради. Швециянинг Ericsson компанияси олимлари шундай хулосага келди, деб ёзади «ТАСС».

Ўтказилган тажрибада иштирокчилар смартфонда видео томоша қилди, мутахассислар эса бу вақтда улардаги пульс ўзгариши, мия фаоллиги даражаси ва кўз ҳаракати тезлигини назорат қилди. Тадқиқотчилар аниқлашича, масалан, тасвир қотган пайтда, иштирокчиларда юрак уриш тезлиги ўртача 38 фоизга ошади.

Олимлар ҳисоб-китобига кўра, видео юкланишидаги 6 сониялик кечикиш одам организмида даҳшатли фильмни томоша қилиш ёки математик тенглама ечиш вақтида бўладиган реакцияни келтириб чиқаради.

Тадқиқот Дания пойтахти Копенгагенда ўтказилди. Баъзи маълумотларга қараганда, дунёдаги энг тезкор мобил интернет айнан Данияда қайд этилган — 2014 йилда мобил интернет тезлиги у ерда сониясига ўртача 22,3 мегабитга тенг бўлган.

Манба: Daryo.uz