Шаҳар бизга торлик қиляпти: шовқин, тирбандлик ва чиқиндилар – бир дунё стресс.

  •   Saroy
  •  1864
  •  07.08.2018 15:28

Шаҳар бизга торлик қиляпти: шовқин, тирбандлик ва чиқиндилар – бир дунё стресс.

Инсон руҳий зарбаларга (стресс) қарши туришнинг уддасидан чиқади. Бу борада эволюция анчайин ҳаракат қилган. Агар аждодларимиз мамонтни ўлдириш ёки шердан қочиш учун барча кучни бир жойга жалб қила олмаганда эди  ҳалок бўлишарди. Аммо ҳозир биз мутлақо бошқа шароитларда яшаяпмиз. Стресс ҳолатлари ҳаётимиз учун унчалик хавфли бўлмай қўйди, улар доимий ҳамроҳимизга айланди. Аксарият шаҳар аҳолиси ҳозирда сурункали стресс билан яшайди ва организм ушбу муаммо билан самарали курашишни ҳали ўргангани йўқ.

Автомобиллар

Ҳамма ўйлайди, автомобили борлар учун энг асосий муаммо бу йўллардаги тирбандлик (пробка) деб. Чунки тирбандликлар ҳар доим таъбингизни тирриқ қилади, хунобингизни оширади ва стресс учун ўзининг улушини қўшади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Маълум бўлишича, ҳайдовчиларни тирбандлик эмас, балки бошқа ҳайдовчиларнинг рулда ўзини тутиши  кўпроқ асабини бузаркан.

Америкалик руҳшунослар шаҳарда ўқийдиган ва автомашинада юрадиган талабалар орасида сўров ўтказишди: улар машинани бошқараётганда нима кўпроқ асабини бузади, деб. Сўровда иштирок этганларнинг қарийб чорак қисми ҳар куни йўлда бошқа ҳайдовчилардан жаҳли чиқишини таъкидлашган. Бу ҳолатни улар муҳим имтиҳон олдидан тушадиган ҳаёжонга тенглаштирган.

Ҳйдовчиларнинг озроғи  тирбандлик ҳамда машинани қўйишга жой қидиришдан нолиган. Шаҳарда автомобиль ҳайдаш нафақат стрессга сабабчи бўлади, балки у яна фаол ҳаёт кечиришга ҳам ҳалақит беради. Биринчи навбатда машина одамнинг жисмоний ҳаракатини камайтиради. Жумладан, куни бўйи машинада рулда ўтириш оқибатида орттирилган ортиқча бир килограм, танадаги ёғ миқдорини 6 фоизга оширади.

Машина ҳайдашнинг яна бир зарарли томони бор. Автомобилдан кўп фойдаланган одамлар кўп тамаки чекади, спорт билан кам шуғулланади ҳамда ёмон ухлайди. Ҳар куни бир соат рулда бўлиш стресс даражасини оширишга етарли бўлади, кунига икки соатлик машина ҳайдаш эса одамнинг соғлигига ва ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсата бошлайди.

Жамоат транспорти

Ўз машинангиздан тушиб автобусга минганингизда стрессдан қутиламан деб ўйласангиз адашасиз. Жамоат транспортида юрган одамлар ҳам тез-тез кучли стрессдан, соғлигида пайдо бўлган муаммода (жумладан психосоматик кўринишдаги) ва касаллик туфайли кўп ишдан қолади.

Метрода, электричкаларда, маршруткалар ва  автобусларда одамлар йўлга кетадиган вақтни тўғри чамалай олмайдилар. Шу боис улар ишга кечикадилар, бу ҳам асаббузарлик. Жамоат транспортидаги тиқилинч, дим ёки совуқ, шовқин ва ур-йиқит ҳам стрессга сабабчи бўлади.

Ишга кетишдаги йўл

Қайси транспортдан фойдаланманг, барибир ишга бориш ва уйга қайтиш йўли одамни ҳолдан тойдиради. Япон олимлари йўлда кўп вақтини йўқотадиган идора ходимларининг юрак ритми вариабеллигини таҳлил қилдилар.  Вариабеллик ВСР) — бу  симпатик ва парасимпатик асаб тизимини баҳолайдиган кўрсаткич.  Агар ВСР нормадан чиқиб кетса, демак инсон асаб тизими  ҳар кунги босимга чидай олмаяпти.

Симпатик асаб тизими организмни бир мақсадга жалб қилиш, яъни масалан “ур ёки қочиб қол”га муносабат билдиргандек, парасимпатик эса дам олиш ва куч йиғишга жавоб беради. Йўлда бир ярим соатини йўқотадиган япониялик ишчиларда, симпатик фаоллик кучайди ва парасимпатик асаб тизими фаоллиги пасайди. Бу шуни кўрсатмоқдаки, кўп вақтини йўлда ўтказадиган одамлар  доимий босимда юрадилар ва тўлоқонли хордиқ чиқара олмайдилар.

Узоқ йўл ортиқча стресс ва асаб тизимининг бузилишини келтириб чиқаради. Вақтини йўлда йўқотадиган одам учун табиийки, фойдали фаоллик учун вақт қисқаради. Одамнинг йўлда йўқотадиган ҳар бир ортиқча соати ўзининг соғлигига сарф этилиши лозим бўлган вақтни 6 фоизга камайтиради. Бунда айниқса уйқу ва спорт билан шуғулланишга кетадиган вақт камаяди: Йўлга сарфланадиган  вақт уйқуни 30–35 фоизга, жисмоний фаолликни 15–20 фоизга камайтиради. Яъни, ишга ва уйга  кетадиган 2 соатлик вақт  уйқу ва жисмоний машғулот учун минус 40 дақиқа деганидир.

Шовқин

Шаҳар аҳолиси ҳар доим турли кўринишдаги шовқинларга дуч келишади. Бу шовқинлар кўчада, транспортда, бозорларда, савдо ва бизнес-марказларда, идораларда ва тамаддихоналарда. Буларнинг барчаси соғлиқ учун қай даражада зарарли?

АҚШ меҳнатни муҳофаза қилиш Миллий институтининг маълумот беришича, агар одам ҳар куни саккиз соат давомида 85 децибел (дБ) дан баланд бўлган овозни эшитиб турса, бу унинг соғлигига ёмон таъсир эта бошлайди. АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Агентлиги эса шовқин 80 дБ дан юқори бўлган жойда бир кунда 2,5 соатдан кўп турмасликни маслаҳат беради.  

Хўш, 80 дБ жуда баланд ҳисобланадими?

Бундай шовқин катта автомобиль йўлларида йўл ёқасида турган одамга билинади. Нью-Йорк кўчаларида овоз юки 55 дан 95 дБ гача бўлади. Шундай экан, шаҳар шароитида, айниқса вақтининг аксарият қисмини кўчада ёки йўлда ўтказадиган киши бир кунда юқори  дозадаги шовқинни қабул қилиши мумкин. Орттирилиши мумкин бўлган муаамолар эса анчагина. Булар эшитиш билан боғлиқ муаммо, артериаль гипертензия, юракнинг ишемик хасталиклари, уйқунинг бузилиши, иммунитетнинг пасайиши, руҳий беқарорлик.

Ҳавонинг ифлосланиши

Шубҳасиз, шаҳар аҳолисининг ҳаётига салбий таъсир этаётган факторлардан бири, бу биз нафас олаётган ҳаво. Ифлосланган ҳаводан нафас олиш тамаки чекиш билан баробар. Масалан, Пекин шаҳрида нафас олаётган одам бир кунда икки қути сигарет чеккандек ҳисоб. Умуман,  Хитой ҳавосида нафас олган одам  ўртача 2,5 дона сигарет чекади дегани.  Евроиттифоқ ҳавоси кунига 1,5 сигарет, АҚШда эса бу кўрсаткич ҳафтасига уч дона сигарет. Россия ҳавосининг ифлосланиш даражаси Хитой билан Европа ўртасида туради.

2012 йилда дунёда ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ 3,7 миллионта ўлим қайд этилган. Атмосферанинг ифлосланиши шаҳарликларнинг ўпка раки ва шу боғлиқ бошқа сурункали касалликлардан вафот этиш ҳолатларини кўпайтиради.

Олимларнинг таъкидлашича, инсоннинг ифлосланган ҳаводан нафас олиши оқибатида йўлиқадиган хасталикларнинг энг ёмони бу, атеросклероздир. Айнан ушбу касаллик юрак-қон томир касалликлари хасталикларига, инфарк ва инсультга олиб келади. Осиёда кўплаб одамлар, хусусан Хитойда, ифлос ҳавони фильтрлайдиган махсус ниқоб кийиб юриш бошланди ва улар ҳақиқатан ҳам юрак ва қон томирларнинг фаолиятини яхшилайди. Йирик шаҳарларнинг аҳолиси ҳам хитойликлардан ўрнак олса арзийди.

Ахлат

Чиқиндиларни утилизация қилиш  катта шаҳарлар учун жуда долзарб масалага айланган. Шаҳар чеккасида жойлашган ахлатхоналар шаҳар ҳавосини заҳарлайди ва аҳолининг ҳаётига хавф тғдиради.

Масалан, Россия шаҳарларида ахлатхоналар йилдан йилга кўпаймоқда: агар 2006 йилда коммуналчилар 200 млн кубометр қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиққан бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 267 млн кубометрга етди. Дунёнинг бошқа мегаполисларида аҳвол бундан ҳам баттар.

Меъморчилик

Инсоннинг соғлиғига шаҳар меъморчилигининг қандайлиги ҳам таъсир кўрсатар экан. Чунки  стресс даражасининг ошиш-ошмаслигига тоза ҳаво ва сокинлик каби ижобий таъсир кўрсатадиган факторлар ҳам муҳим рол ўйнайди. Олимларнинг олиб борган кузатувлари шундан далолат берадики, бир хил, зерикарли қурилиш иншоотлари ҳаётга салбий таъсир этар экан. Хусусан, кортизол стресси гармонлари даражаси ошиб кетади, натижада юрак-қон томирлари тизимида муаммо  туғилади. Шунингдек шаҳар муҳити мияда биохимия жараёнига ҳам таъсир кўрсатади. Бу ҳам шаҳар раҳбариятининг йирик қурилишларни лойиҳалаштириш чоғида эътибор қиладиган асосий жиҳатлардан  ҳисобланади.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!