Share Files – ўзаро файл алмашишнинг энг қулай ва тезкор йўли

  •   DiMaX
  •  2426
  •  27.07.2018 18:38

Share Files – ўзаро файл алмашишнинг энг қулай ва тезкор йўли

Технологиялар ривожланаётган бугунги замонда файлларни бошқаларга улашишнинг энг кенг тарқалган йўлларидан бири – «булутли» сақлагичга юклашдир. Аммо бунда ўзига яраша жараёнлардан ўтиш керак бўлади: рўйхатдан ўтиш, аккаунтингизга кириш, юкланадиган жилд ёки файлни танлаш ва унга бошқаларнинг рухсатини созлаш...

ЎҚИНГ: FileCloud.uz – TAS-IX ҳудудидаги «булутли» сервис

Share Files сервиси эса буларни амалга оширмасдан, ҳатто ҳеч қанақа рўйхатдан ўтмасдан ҳам файлни улашиш имконини беради. Мана бу ҳавола орқали ушбу сайтга кирсангиз, оч кўк рангли ойнани кўрасиз. Бошқаларга улашиш ёки бирор кишига узатиш керак бўлган файлни ёки жилд (папка)ни сичқонча билан ушлаб олиб келиб, ўшанинг ичига ташлайсиз.

Буни амалга оширганингиздан сўнг, ўша заҳотиёқ сервисга юкланаётган файл ва жилдларнинг рўйхати, ҳажмлари билан бирга акс этади. Энди пастдаги кўк тугмачани босасиз ва маълумотларнинг Share Files’га юкланишини кутасиз.

Жараён якунлангач, пастда сиз ҳозиргина юклаган файлга элтувчи ҳавола ва унинг ёнида нусхалаб олиш тугмачаси пайдо бўлади. Файлингизни олиши керак бўлганларга мана шу ҳаволани юборасиз – бирор мессенжер ёки электрон почта орқалими, SMS-хабар орқалими – бунинг фарқи йўқ. Улар эса ўша ҳавола орқали сиз юклаган файлни битта архив тарзида кўчириб олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Google’га ишонманг – у Android’дан захираланган маълумотларингизни ўчириб ташлаши мумкин!

Share Files юкланган контентни атиги бир сутка мобайнида сақлаб туради, аммо истасангиз, юклаган файлларингизни ундан олдин ўзингиз ўчириб ташлашингиз ҳам мумкин. Бунинг учун эса юқори ўнг бурчакдаги тугмачани босиб, ҳаволаларни бошқариш бўлимига ўтасиз.

Кўрганингиздек, Share Files сервиси – интерфейси ўта содда ва тушунарли, фойдаланишга жуда қулай, вақтни тежовчи, рўйхатдан ўтишни талаб қилмайдиган веб-илова экан. Ушбу усул орқали ўзаро файл алмашиш келажакда янада оммалашса керак.

ЎҚИНГ: «Google Диск» энди бутун компьютернинг захира нусхасини сақлаб қўя олади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!